Юртимизда олиб борилаётган инсонпарварлик сиёсати замирида бағрикенглик, кечиримли бўлиш, олижаноблик ва меҳр-мурувват ётади. Куни кеча Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 30 йиллиги муносабати билан давлатимиз томонидан олиб борилаётган инсонпарварлик сиёсатнинг амалий тасдиғи сифатида “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Фармонни имзолади. Бу эса кўплаб оилаларга қувонч, шодлик ва умид олиб кирди, десак асло муболаға бўлмайди.
Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси 23-бандига асосан содир этган жинояти учун жазони ижро этиш муассасалари ва пробация органларида жазо ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 402 нафар шахс афв этилди.
Уларнинг 128 нафари асосий жазодан тўлиқ озод этилди, 201 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 15 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилди. Шунингдек, 58 нафар шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди.
Шунингдек, Фармон ижроси юзасидан афв этилган шахсларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун уларга кўмак бериш бўйича масъул вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилди.
Конституциянинг ўттиз йиллиги муносабати билан жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган маҳкумларнинг афв этилиши халқимизга хос меҳр-оқибат, эзгулик, хайр-саховат каби олижаноб фазилатларнинг ёрқин ифодаси бўлди.
Зеро, кечиримлилик ҳам адолатдандир. Бу албатта, халқнинг янада бир бутун бўлиб жипслашишига, эртанги кунга ишончи ортишига, жамиятимизда меҳр-оқибат фазилати кучайишига хизмат қилади.
Мавжуда ҲАСАНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.