Душанба куни фракция йиғилишларида бўлганимда Германия Бундестагида бўлиб қайтган депутатлардан қизиқ бир факт эшитдим. Германия Бундестаги бир йил давомида тахминан 40 тагача қонун лойиҳаларини муҳокамадан ўтказишар экан. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисларини кузатиб борувчилар яхши биладики, ҳар бир мажлисда ўртача ҳисобда 4-5 та қонун лойиҳаси муҳокамадан ўтказилади. Демак, бизнинг парламентда ўртача икки-уч ойда Германия Бундестагида бир йилда кўриладиганичалик қонун лойиҳалари муҳокама этилар экан.
Ўзбекистон ҳали ёш давлат, қилиниши керак бўлган ишлар кўп, кўзланган марра ҳам ҳозирги ўрнимиздан анча йироқда. Инсонда ҳам 30 ёш айни навқирон, ишлаб чарчамайдиган давр ҳисобланади. Шу боис жараёнлар нисбатан тезлашган тартибда кечмоқда. Германия сингари катта давлатлар узоқ йиллар давомида давлатчилик асослари ва қонунчилик тизимини ислоҳ қилган. Биз босиб ўтаётган йўллардан улар анча олдин ўтишган.
6 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Мажлисни Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари, ЎзХДП фракцияси раҳбари Улуғбек Иноятов бошқариб борди. Кун тартибида 8 та масала кўрилди ва шундан 5 таси қонун лойиҳалари бўлди. Йиғилиш аввалида депутатлар «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига ўзгартиш киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқишди.
Таклиф этилган қонун лойиҳаси билан Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексга маъмурий органнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг, улар мансабдор шахсларининг қарори, ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилишнинг уч ойлик муддатини олти ойга узайтириш назарда тутиляпти.
Депутатларнинг айтишича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг суд орқали самарали ҳимоя этилишини таъминлашга, турли сабабларга кўра вақтида шикоят қилолмаган тарафларнинг суд қарори устидан шикоят қилиш имкониятини кенгайтиришга хизмат қилади.
«Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизаси тўғрисида»ги қонун лойиҳаси эса иккинчи ўқишда моддама-модда муҳокама қилинди.
Ушбу қонун лойиҳасида коррупцияга қарши экспертиза ўтказадиган органлар ва уларнинг ваколатлари, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда уларнинг лойиҳаларидаги коррупциявий омиллар, коррупцияга қарши экспертизани ўтказиш тартиби ўз аксини топмоқда.
Шунингдек, ҳуқуқий экспертиза доирасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш, муҳокамаси жамоатчиликнинг норозилигига сабаб бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизаси, коррупцияга қарши мустақил экспертиза каби нормалар назарда тутилмоқда.
Лойиҳада Коррупцияга қарши кураш агентлигига 7 турдаги норматив-ҳуқуқий хужжатларни экспертизадан ўтказиш ваколатини бериш назарда тутилмоқда. Депутатлар нега бу ваколат Адлия вазирлигига эмас, агентликка берилаётгани ҳақида савол берди. Адлия вазирлиги Вазирлар Маҳкамасининг таркибий қисми эканлиги учун шаффофликни таъминлаш мақсадида ваколат агентликка берилаётгани тушунтирилди.
Қизғин давом этган муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси маъқулланди.
Қонунчилик палатасининг мажлисида «Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.
Мазкур қонун лойиҳаси 5 та боб, 34 та моддадан иборат бўлиб, унда давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатишнинг тамойиллари, ушбу соҳадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, фуқароларнинг юридик ёрдам олишга бўлган ҳуқуқлари белгиланмоқда.
Қайд этиш керакки, мазкур қонун лойиҳаси ЎзХДП фракцияси йиғилишида муҳокама этилганда унинг эҳтиёжманд аҳоли қатламининг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини таъминлашга, Халқ демократик партиясининг дастурий мақсадларини рўёбга чиқаришга қаратилгани таъкидланди.
Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиладиган ишлар рўйхатига фуқаролик ва маъмурий ишларни киритиш орқали фуқароларнинг бепул юридик ёрдам олиш имкониятларини ҳамда давлат ҳисобидан юридик ёрдам олувчи шахсларнинг доирасини кенгайтириш назарда тутиляпти.
Қолаверса, давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатувчи адвокатлар реестрини юритиш, давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатларни инсон омилисиз электрон тизим орқали тасодифий танлаш тартибини жорий қилиш таклиф этилмоқда.
Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга шахслар тоифасига аниқлик киритилган. Ижтимоий ҳимоя ягона реестрига кирган фуқаролар давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиши мумкин бўляпти. Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатлар реестри «Юридик ёрдам» ахборот тизими орқали махсус ваколатли давлат органи томонидан электрон шаклда юритилиши белгиланмоқда.
Ижтимоий ҳимоя реестрига кирган шахслар фуқаролик ишлари бўйича даъвогар ёки жавобгар, маъмурий ишлар бўйича аризачи, маъмурий жазо тури сифатида маъмурий қамоқ жазоси назарда тутилган ишлар бўйича маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган, жиноят ишлари бўйича гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи, шунингдек, маҳкум бўлган ҳолларда давлат ҳисобидан юридик олиши мумкинлиги назарда тутилмоқда. Бундай ёрдамни олиш учун фуқаро мурожаат этиши лозим ҳисобланмоқда.
ХДП фракцияси аъзолари қонуннинг қабул қилиниши ижтимоий-сиёсий жиҳатдан муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаб, унда акс этаётган меъёрларни аҳоли ва электорат вакиллари ўртасида кенг тушунтириш, тарғиб қилиш муҳим вазифа эканини қайд этишди.
Шунингдек, депутатлар фақат «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали кам таъминланган, деб белгиланган шахсларга юридик ёрдам кафолатланишига оид меъёрни такомиллаштириш, бу тизимдан рўйхатдан ўтиш кўп вақтни олгани учун янада енгилликлар яратилиши лозимлигига урғу берди. Қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда маъқулланди.
Депутатларнинг фикрича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатишнинг шаффоф тартибини жорий этиш, давлат томонидан ушбу мақсадда ажратиладиган маблағлар сарфланиши устидан самарали назоратни ўрнатишга хизмат қилади.
Мажлисда «Камерал солиқ текшируви тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Қонун лойиҳасини Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев тушунтириб берди.
Мазкур қонун лойиҳаси билан Солиқ кодексининг 138-моддасига хусусан, ўрни қопланиши лозим бўлган қўшилган қиймат солиғи суммаси асослантирилганлигининг камерал солиқ текширувини ташкил этиш ҳамда 274-модданинг учинчи қисмига яъни, солиқнинг ўрнини қоплаш муддатларини 60 кундан 30 кунгача қисқартирилиши назарда тутилмоқда.
Солиқ қўмитаси бу билан ўзига берилган муддатни ўзининг ташаббуси билан қисқартирмоқчи. Бу қайсидир маънода қувонарли, чунки белгиланган муддатдан олдин вазифани бажаришни ҳар қандай ҳолатда ҳам ижобий ҳолат сифатида баҳолаш мумкин.
Депутатлар ҳам мазкур лойиҳага ижобий муносабат билдириб, бир овоздан қўллаб-қувватлашди.
Мажлисда депутатлар иккита парламент сўровига берилган жавобларни кўриб чиқишди.
Биринчиси, «Ҳудудларда Ёшлар технопаркларини янада ривожлантириш, шунингдек, иқтидорли ёшларнинг ғоя ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида»ги масала юзасидан юборилган Қонунчилик палатасининг парламент сўровига Инновацион ривожланиш вазири И.Абдураҳмановнинг жавоби муҳокама қилинди.
Иккинчиси, «Ҳудудларда дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парклари, рақамли технологиялар ўқув марказларини янада ривожлантириш, шунингдек, иқтидорли ёшларнинг ғоя ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида»ги масала юзасидан юборилган Қонунчилик палатасининг парламент сўровига Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Ш.Шерматовнинг жавоби кўриб чиқилди.
Мажлисда депутатлар парламент сўровига юборилган жавобларни атрофлича муҳокама қилиб, уларни маълумот учун қабул қилди.
Аҳмад ҚУРБОНОВ,
«Ўзбекистон овози» мухбири.
«Ўзбекистон овози», 8.12.2022, №49