Фуқаролар мурожаатларида яширинган ҳақиқатлар

 

Бир мурожаат ортида бир инсон тақдири бўлса, мурожаатлар таҳлили соҳалардаги тизимли масалаларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш имконини беради. Шу нуқтаи назардан Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) номига келиб тушаётган мурожаатлар мунтазам таҳлил қилиниб, қонун ҳужжатларидаги бўшлиқларни бугунги кун талабига мос равишда такомиллаштирилиши бўйича таклифлар тайёрланмоқда.

Ҳақиқатан ҳам, қонунларнинг қай даражада ишлаётганини ўрганишнинг энг муҳим мезонларидан бири фуқаролар мурожаатларини таҳлил қилишдир. Шу кунга қадар ҳам Омбудсман ўз таклиф ва тавсияларини ишлаб чиқиб, тегишли ташкилот ва идораларга киритиб келган.

Қайд этиш лозимки, янгиланаётган Конституциямизда Омбудсман институтига ҳам қонунчиликка таклифлар киритиш ҳуқуқи берилиши назарда тутилмоқда. Инсон ҳуқуқлари ҳимоясига оид энг самарали таклифлар айнан Омбудсманнинг мурожаатлар билан ишлаш бўйича кундалик амалиётида, аҳоли, давлат ва нодавлат ташкилотлари, суд ҳокимияти ва экспертлик ҳамжамияти билан бевосита ҳамкорлигида шаклланади. Бу борада ечимини кутаётган муаммолар ҳам айнан шу жараёнда юзага чиқади. Шу нуқтаи назардан Омбудсман институтининг қонун ижодкорлиги йўналишидаги фаолияти янада кучайтирилади.

Омбудсманга келиб тушган мурожаатлар статистикаси таҳлилига кўра, жорий йилнинг 11 ойи давомида вакилга 11394 та мурожаат келиб тушган. Шундан 1371 таси жисмоний ва юридик шахслардан тўғридан-тўғри Омбудсманнинг Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятлардаги минтақавий вакилларига юборилган.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, Омбудсман мурожаатчиларнинг фақатгина мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари ёхуд ҳаракатсизлиги устидан берган шикоятларини кўриб чиқади ва ўз текширувини ўтказади. Лекин у суднинг ваколати доирасига кирадиган масалаларни кўриб чиқмайди. Бу Омбудсман фаолиятини тартибга солувчи қонунда аниқ белгилаб қўйилган.

Омбудсман томонидан жорий йилнинг 11 ойи давомида фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш бўйича 121 та таъсир чоралари қўлланилди. Бунда давлат органлари ва ташкилотлар ҳамда уларнинг мансабдор шахсларига 19 та тақдимнома ва 35 та вакил хулосаси ҳамда судларга 67 та ариза ва даъво аризалари киритилди.

Омбудсман котибияти ходимлари суд мажлисларида 42 марта кузатувчи сифатида иштирок этишди. Шундан жиноят ишлари бўйича суд мажлисларида 8 марта, маъмурий ишлар бўйича суд мажлисларида 2 марта ва фуқаролик ишлари бўйича суд мажлисларида 32 марта қатнашилган.

Мурожаатларни ўрганиш, маълумотлар тўплаш, таъсир чораларини қўллаш, суд жараёнларида кузатувчи сифатида иштирок этиш давомида йўл қўйилаётган баъзи қонунбузилиш ва қонунларни четлаб ўтиш ҳолатлари аниқланди.

Хусусан, фуқароларнинг иқтисодий ҳуқуқлар билан боғлиқ мурожаатлари таҳлил қилинганда, уларнинг меҳнат ҳуқуқлари ташкилот томонидан бузилганлик ҳолатлари кузатилди. Жумладан, фуқароларнинг меҳнат шартномалари иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилинган ҳолатларда меҳнат қонунчилиги талабларига амал қилинмаганлиги, фуқароларнинг иш ҳақи ўз вақтида тўланмаганлиги, шунингдек, ходимларнинг ишга тикланиши суд қарорлари билан белгиланган бўлса-да, иш берувчи томонидан суд қарорларининг бажарилмаслиги ёки асоссиз равишда кечиктириб бажарилиш ҳолатлари кузатилган.

Омбудсман томонидан меҳнат муносабатларига оид қўлланилган таъсир чоралари натижасида 2022 йилнинг 11 ойи давомида фуқароларнинг иш ҳақи ва меҳнат муносабатлари билан боғлиқ тўловлар бўйича 225,4 млн. сўмдан ортиқ маблағ ундирилган, 10 нафар фуқаро ишга тикланган ва 5 нафар фуқаро иш билан таъминланган.

Инсонларнинг яшаш тарзи ва кайфияти бевосита уларнинг бандлиги, иш ҳақини ўз вақтида олиши, бир сўз билан айтганда, меҳнат ҳуқуқларининг таъминланиши билан боғлиқдир. Ўйлаймизки, иш берувчилар қўл остидаги ходимлар ҳуқуқларини ҳурмат қилишлари ва ўз мажбуриятларини қонунчилик асосида амалга ошириши лозим.

Ҳозирги кунда аҳолининг ҳуқуқий хабардорлиги анча ошиб, улар ижро ҳокимияти ва идоралари устидан Омбудсманга мурожаат қилишлари мумкинлигини яхши билишади. Омбудсман эса фуқароларнинг бузилган меҳнат ҳуқуқларини тиклаш бўйича таъсир чораларидан фойдаланади.

Шу нуқтаи назардан ишга тиклаш бўйича суд қарорларини вақтида ижро этмай келаётган айрим мансабдор шахслар ушбу ҳаракатсизлик орқали конституциявий нормаларга, қонун устуворлиги тамойилига нисбатан беҳурматлик қилаётганини англаши зарур.

Юқоридаги ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси томонидан суд қарорларини ижро этмаётган ташкилотлар ҳақидаги маълумотларни парламент назорати субъектларига тақдим этиш амалиётини йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ.

Қайд этиш лозимки, фуқаролар ва жамоатчилик таклифлари асосида қонунчилик базаси такомиллаштирилиб борилмоқда. Янги таҳрирда қабул қилинган ва 2023 йилнинг апрель ойида кучга кирадиган Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси сўзимизнинг яққол тасдиғидир.

Амалдаги меҳнат қонунчилигига кўра, ходим пенсия ёшига тўлганда ва ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлганда, меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббусига билан бекор қилиниши мумкин.

Сир эмас, мамлакатимиз аёлларининг меҳнатсеварлиги ва ўз ишига меҳр қўйгани сабабли баъзилар 55 ёшдан кейин ҳам ишлашни хоҳлашади. Омбудсманга юборилаётган пенсияга оид мурожаатларда аёллар 55 ёшдан сўнг иш берувчи томонидан бўшатилаётганликларидан шикоят қилишган эди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 мартдаги Қарорида 2019 йил 1 майдан аёлларнинг пенсия ёшига тўлганлиги ёки қонун ҳужжатларига мувофиқ ёшга доир давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи вужудга келганлиги сабабли, улар билан тузилган меҳнат шартномасини 60 ёшга тўлгунга қадар иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиш тақиқланиши белгилаб қўйилган. Қонунчиликдаги ушбу мутаносиблик янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексида бартараф қилиниб, пенсия ёшига тўлган ходим билан тузилган меҳнат шартнома иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиниши тақиқланди.

Қайд этиш лозимки, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) томонидан парламент қуйи палатасига шахсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқларнинг суд орқали ҳимоя қилиниши, суриштирув ва дастлабки тергов ишларининг кўриб чиқилиши жараёнида инсон ҳуқуқларининг таъминланишига оид қатор таклифлар киритилди.

Ўйлаймизки, фуқаролар мурожаатларида кўтарилган масалаларни тизимли ҳал этишга қаратилган ушбу таклифлар мамлакатимизда амалга оширилаётган ва “Инсон қадри учун” тамойилига асосланган ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлади.

 

Феруза ЭШМАТОВА,

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман),

ЎзХДП аъзоси.

«Ўзбекистон овози», 8.12.2022, №49

 

 

 

 

Теглар

Партия муносабати Конституцияга таклиф
← Рўйхатга қайтиш