Мадҳия – қалбида ўз Ватанига муҳаббат ва садоқат туйғуси бор ҳар қандай кишида миллий ғурур, ўзига хос фахр, энг муҳими юртга меҳр уйғотади. Бу миллий тимсолда халқнинг ўтмиши, бугуни ва келажаги, шунингдек, зийнати, орзу-ўйи, маслак-мақсади мужассам.
Дунёдаги ҳар кандай мустақил давлат ўз рамзларига, шунингдек, мадҳиясига эга. Умуман мадҳия сўзининг маъноси – юнон тилида “гимн”, яъни дастурий характердаги шеърни тантанали қўшиқ сифатида ижро этишни англатади. У мадҳ этилганда, давлатнинг байроғи ҳилпираб, халқни тўлқинлантирган. Демак, давлат рамзи, тимсоли: герб, байроқ ва мадҳия халқнинг, давлатнинг бирдамлигини, ҳамжиҳатлигини намоён этадиган рамзлардир.
Жумладан, 1992 йил 10 декабрь “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида”ги Қонун қабул қилинган кун. Мустақил Ўзбекистон аҳли учун 10 декабрь куни Давлат мадҳияси қабул қилинган кун сифатида тарихга муҳрланган. Жорий йилда Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси қабул қилинганлигига ҳам 30 йил тўлди. Қонунда мадҳиямиз давлат суверенитетининг рамзи, унга катта эҳтиром билан қараш ҳар бир юртдошимизнинг ватанпарварлик бурчидир деб белгилаб қўйилган. Ўзбекистон фуқаролари, шунингдек, мамлакатимизда яшаб турган бошқа шахслар ҳам мадҳиямизни ҳурмат қилиши шартлиги алоҳида таъкидланган.
Ўзбекистон давлат мадҳияси янграганда, “Серқуёш” сўзи жаранглаши билан бутун вужудимизда ажиб энтикиш, дилимизда чексиз ифтихор туйғусини ҳис этамиз. Чунки унда юртимиз таровати, буюк келажак барпо этиш йўлида фидокорона меҳнат қилаётган халқимизнинг орзу-интилишлари, Ўзбекистонимизнинг жаҳон ҳамжамиятида тобора юксалиб бораётган обрў-эътибори, ҳеч кимдан кам бўлмай, келажакка қатъий ишонч билан интилаётган ёшларимизнинг азму шижоати акс этган.
Инсон вужудидаги саломатлик етмиш икки томирдаги қон айланишининг мўътадиллиги билан баҳоланса, унинг жамиятдаги обрў-эътибори, одамийлик қиёфаси яна икки мезонда чамаланади — Иймон ва Виждон. Зеро, иймони пок одам эзгуликка мойил бўлади.
У ҳар доим ён-атрофдаги кишиларга, демакки, юртига, Ватанига хизмат қилишни ўзининг инсонийлик бурчи деб билади. Виждон уйғоқлиги эса кишини сергакликка, ўзи туғилиб ўсган юртига оид ҳар қандай жараёнга дахлдорлик ҳиссини тарбиялайди. Бу хислатлар ватанпарварликдан далолатдир.
Давлат рамзлари ҳам ватанпарварлик фазилатини шакллантирувчи, шу азиз юртимизни жону дилдан севишга ундовчи муҳим воситадир. Юртимиз мустақилликка эришгач, халқимизнинг азалий орзу-истаклари, эзгу интилишлари Ўзбекистон Республикасининг давлат рамзларида ўзининг ёрқин ифодасини топди. Чунончи, Ватанимиз мадҳияси ҳам унинг ўзи каби азиз ва муқаддасдир.
Шукурки, мамлакатимизда тинчлик — осойишталик, тотувлик ҳамда иноқлик, бирдамлик ва ҳамжиҳатлик ҳукм сураётир. Ватанимизнинг куч-қудрати, салоҳияти, обрў-эътибори ҳам тобора юксалмоқда. Энг муҳими, озод юртимизнинг ҳеч кимдан кам бўлмаган фарзандлари келажакка қатъий ишонч билан юксак марралар сари дадил одимламоқда.
Дилбар МАМАЖОНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.