Серқуёш, ҳур ўлкам...

 

Ана шу сўзлар билан бошланадиган Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳияси қабул қилинганлигига 30 йил тўлди. Ўзбекистон Қаҳрамони, атоқли шоиримиз Абдулла Орипов қаламига мансуб сатрлар юртимизда яшаётган кекса-ю ёшга аллақачон ёд бўлиб кетган. Мана, ўттиз йилдирки, озод ва обод Ватанимизни мадҳ этувчи бу гўзал ашъор дилларни сурурга тўлдириб келмоқда.

Ҳар сафар давлатимиз мадҳияси садолари остида янги кунни, янги тонгни кутиб олар эканмиз, қалбларимизда шу муқаддас ватандан фахрланиш туйғулари жо бўлади.Ушбу қўшиқнинг чуқур маънога эга ҳар бир сатри, мардонавор ва соҳир оҳанги бизни ўзига мафтун этади.

Дунё ҳамжамияти билан халқаро муносабатларни ўрнатиш, умумхалқ байрамлари, йирик тадбирлар, тантанали маросимлар аввалида мадҳиямиз янграши қалбларимизга ғурур бағишлайди. Айниқса, халқаро миқёсда ватандошлиримиз, ёшларимизнинг илм-фан, спорт мусобақаларида юқори натижаларга эришиб, ватанимиз байроғини баланд кўтарилиб, давлат мадҳиясининг янграши ўзини “шу юртнинг фарзанди”, – деб билган ҳар инсон қалбига фахр, ифтихор туйғуларини бағишлаши бор ҳақиқат.

Ўзбекистонда мустақиллик йилларида халқимизнинг маънавиятини юксалтириш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси мадҳияси ёшларда Ватанга муҳаббат, бой тарихимизга, миллий ўзлигимизга чуқур ҳурматни шакллантиришда, фарзандларимизнинг ҳар томонлама баркамол ва етук инсонлар бўлиб вояга етишида муҳим тарбиявий восита бўлиб хизмат қилмоқда.

Мамлакатимиз суверенитетининг улуғ рамзи бўлган Давлат мадҳиясининг сатрларида мард, олийжаноб ва меҳнаткаш халқимизнинг орзу-умидлари, келажак ҳаётга қатъий ишонч туйғуси ўз ифодасини топган. Буюк аждодларимизнинг асрий армонлари гўзал ташбеҳларда акс эттирилган. Унга юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаронинг чуқур ҳурмат-эҳтиром билан қараши муқаддас ва шарафли бурчга айланган.

10 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси қабул қилинган кун барчамизга муборак бўлсин!

 

Анвархон ТЕМИРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш