Кейинги йилларда қишлоқ хўжалиги соҳасида узоқни кўзлаган ҳолда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар тизимда салмоқли натижаларга эришишда муҳим омил бўлмоқда. Бу йўналишдаги ишларни изчил давом эттириб, мамлакатимизда қулай агробизнес муҳитини яратиш, бу борада инвестициявий жозибадорликни ошириш, соҳани саноатлаштириш масаласига устувор аҳамият қаратилмоқда. Ўз навбатида, миришкор деҳқон ва фермерларимиз энг сўнгги илм-фан ютуқларини пухта ўрганган ҳолда, кўп йиллик бой билим ва тажрибалари билан соҳа тараққиёти учун азму шижоат кўрсатаётганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Деҳқончилик ер юзидаги энг шарафли, айни вақтда машаққатли касблардан биридир. Юртимиз қишлоқ хўжалик соҳаси бу йил ҳам турли қийинчиликларга дуч келганига барчамиз гувоҳмиз. Аввало, дунё миқёсида давом этаётган пандемия таъсири, қолаверса, баҳорда ёғингарчиликнинг кам бўлгани, ёз чилласининг ўта иссиқ келиши, сув ресурсларининг ҳар йилгидан сезиларли даражада танқислиги деҳқонларнинг ирода ва матонатини яна бир бор синовдан ўтказди. Лекин мавжуд муаммоларга қарамасдан, барча тармоқларда мўл ҳосил етиштирилиб, аввалги йилларга нисбатан юқори марраларга эришилди.
Республикамиз бўйича 20 миллион тоннадан ортиқ мева-сабзавот, 7,4 миллион тоннага яқин дон, 3,4 миллион тоннадан зиёд пахта хом ашёси, 23 минг тонна пилла, 2,6 миллион тонна гўшт, 11 миллион тоннадан ортиқ сут маҳсулотлари, 8,3 миллиард дона тухум, 400 минг тонна балиқ етиштирилгани йил бўйи туну кун қилинган машаққатли меҳнатнинг муносиб самарасидир.
Бугунги кучли рақобат шароитида қишлоқ хўжалиги тизимида ҳам янгича ёндашув, инновациялар ва илғор ишланмаларни, интенсив ва ресурс тежайдиган технологияларни изчил тадбиқ этишни замоннинг ўзи тақозо қилмоқда. Кейинги пайтда бутун дунёда бўлгани каби минтақамизда ҳам юз бераётган иқлим ўзгаришлари, сув ресурсларининг тобора тақчил бўлиб бораётгани, экологик муаммолар соҳада илм-фан ва ишлаб чиқариш уйғунлигини таъминлаш нақадар долзарб эканини кўрсатмоқда. Ана шу омилларни ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегияси соҳада ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва инновацион технологияларни қўллаш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳолига сифатли маҳсулотлар етказиб бериш, экспорт географиясини кенгайтиришдек устувор масалаларда дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.
Қишлоқ хўжалигида бозор механизмларига асосланган, бошқарувнинг мутлақо замонавий шакли бўлган кластер тизими жорий этилаётгани амалда ўзини тўла оқламоқда. Ушбу инновацион тизим аграр соҳани ривожлантиришнинг муҳим воситасига, қишлоқ аҳолисининг кафолатли даромад манбаига айланиб бормоқда.
Ҳозирги вақтда юртимизда барча йўналишларда 650 дан зиёд агрокластер фаолият юритиб, пахта ва ғалланинг 100 фоизи, мева-сабзавотнинг 40 фоизидан ортиғи айнан ана шундай корхоналар улушига тўғри келмоқда. Агрокластерлар қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, соҳани саноатлаштириш, маҳсулотларни чуқур қайта ишлаш, пировардида четга хом ашё эмас, қўшимча қийматга эга тайёр маҳсулот экспорт қилиш, бандликни таъминлаш, камбағалликни қисқартириш каби асосий вазифаларни самарали амалга оширмоқда. Натижада биргина пахтачиликда толани қайта ишлаш кўрсаткичи 2,5 бараварга ошди. Ҳосилнинг 100 фоизи мамлакатимизда қайта ишланиши туфайли ип-калава ишлаб чиқариш 2 бараварга, тайёр маҳсулот ҳажми 3 бараварга ортди. Бу борадаги йиллик экспорт миқдори қарийб 3 миллиард долларни ташкил қилди.
Ер қадрини биладиган, унинг ҳар қаричидан унумли фойдаланадиган, доимо изланиб, ноёб тажриба мактаби яратган кластер раҳбарлари, фермер ва деҳқонларимиз, шунингдек, мева-сабзавот, шоли, доривор гиёҳлар етиштириш, чорвачилик ва бошқа соҳаларда ҳам юқори натижаларни қўлга киритиб келаётгани ғоятда аҳамиятлидир.
Фурсатдан фойдаланиб, сиз азиз қишлоқ хўжалиги соҳаси фидойиларини ушбу файзли ва шукуҳли айём билан яна бир бор табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт-саодат, хонадонларингизга тинчлик ва фаровонлик тилайман.
Кириб келаётган янги – 2023 йилда ҳосилимиз янада мўл бўлсин! Халқимиз, элимиз дастурхонидан тўкин-сочинлик ҳеч қачон аримасин!
Дилором Имомова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси ўринбосари,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.