Янги қонун лойиҳаси суд қарорларининг адолатли бўлишини кафолатлайдими?

 

Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилиги фуқароларнинг ҳуқуқлари кафолатланишида, жамиятда адолатни таъминлаш ва одамларни рози қилишда жуда муҳим аҳамиятга эга.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, Халқ демократик партияси жамоатчилик қабулхоналарига ушбу масалалар бўйича доимий мурожаатлар келиб тушмоқда. Таҳлиллар қонунчилик меъёрларини янада такомиллаштириш тақозо этилаётганини ҳам кўрсатмоқда.

Фракция йиғилишида кўриб чиқилган “Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” қонун лойиҳаси шу жиҳатдан ҳам долзарбдир.

Қонун лойиҳасининг тушунтириш хатида келтирилишича, суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текширишда “Бир суд – бир инстанция” тамойили асосида кассация инстанциясида ишларни кўриш Олий суд ваколатига ўтказилиши ўрта бўғин – вилоят судлари имкониятларидан самарали фойдаланилишини чекламоқда.

2020 йилда Олий суд томонидан 1 291 та иш кўриб чиқилган бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткич 7 560 тага етиб, Олий судда кўрилган ишлар сони бир неча баробар ошган. Оқибатда Олий судда иш ҳажми кескин ошиб кетиши билан бирга, фуқаролар олис ҳудудлардан ортиқча вақт ва харажат сарфлаб Олий судга келишга мажбур бўлаётгани, ишларни кўриш муддатлари бузилаётгани тушунтирилади.

Бунинг оқибатида шикоятдаги важлар ҳар тарафлама текширилмай, иш бўйича якуний қарор қабул қилинмасдан, суд қарори бекор қилиниб, қуйи судларга юбориш ҳолатлари кўпайгани қайд этилган.

Қонун лойиҳаси билан қонуний кучга кирмаган суд қарорлари шикоят (протест) асосида апелляция тартибида, қонуний кучга кирган суд қарорлари, агар улар апелляция тартибида кўрилмаган бўлса, кассация тартибида, апелляция ёки кассация тартибида кўрилган суд қарорларини тафтиш тартибида кўриш, апелляция шикоятини бериш муддатини 20 кундан 10 кунга қисқартириш, қонуний кучга кирган суд қарорларини кассация тартибида кўриб чиқиш ваколатини вилоят ва унга тенглаштирилган судларга ўтказиш назарда тутилмоқда.

Шунингдек, юқори инстанция судлари томонидан қуйи судлар қарорини бекор қилган ҳолда ишни янгидан кўриш учун қуйи судга юбориш амалиётини тугатиш белгиланмоқда.

Депутатлар таклиф этилаётган меъёрлар Олий судда иш ҳажмининг сезиларли камайишига, ягона суд амалиётини такомиллаштиришга, судларнинг масъулиятини оширишга, суд қарорларини қайта кўришда вилоят ва унга тенглаштирилган судлар имкониятидан кенгроқ фойдаланишга хизмат қилиши қайд этилди. Шу билан бирга, айрим меъёрларни янада аниқлаштириш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Фракция йиғилишида “Тупроқ унумдорлигини ошириш ва муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам биринчи ўқишда муҳокама қилинди.

Маълумки, мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг истаган турини етиштириш имкони бор. Сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш аввало тупроқ унумдорлигига ҳам боғлиқдир. Бироқ, республикамизда тупроқ унумдорлигини ошириш ва муҳофаза қилиш қонун билан тартибга солинмагани туфайли унумдорлик йилдан-йилга пасайиб, 1991 йилда 58 балл, 2001 йилда 55 балл, 2011 йилда 53,9 балл ва 2021 йилда 53,7 баллни ташкил этган.

Бундан ташқари, олиб борилган тупроқ-баҳолаш ва тупроқшуносликка оид тадқиқотлар суғориладиган ерларнинг қарийб 53,2 фоизи турли даражада шўрланганлиги, 68,6 фоизида тупроқ профилининг устки фаол ҳайдалма қатламида 0,5-1,0 % атрофида гумус мавжудлиги ҳамда геоботаник тадқиқотлар ўтказилган 5,7 млн гектар яйловларнинг 10,8 фоизи турли даражада деградацияга учраганлигини кўрсатган.

Мазкур ҳолатлар Ўзбекистон Республикасида Тупроқ унумдорлигини ошириш ва муҳофаза қилишни алоҳида қонунчилик билан тартибга солиш зарурлигини кўрсатади. Фракция аъзолари қонун лойиҳасини муҳокама қилар экан, фуқароларимизнинг аксарияти қишлоқ жойларда истиқомат қилиши, кундалик даромади деҳқончилик, боғдорчилик билан боғлиқ эканлигини инобатга олиб, ҳужжатнинг зарурлигини таъкидлашди.

Ҳужжат тупроқ ҳолатини яхшилаш, унумдорлигини сақлаш ва ошириш, тупроқ ва унинг унумдорлигини муҳофаза қилиш бўйича қонуний асос яратади. Лойиҳада тупроқ ҳолатини яхшилаб, унумдорлигини оширишга эришган ердан фойдаланувчиларни иқтисодий рағбатлантириш масалаларини ёритиш назарда тутилгани муҳим масала эканини таъқидладилар. Депутатлар лойиҳани такомиллаштириш юзасидан ўз тавсия ва фикр-мулоҳазаларини билдириб, концептуал жиҳатдан маъқуллашди.

Фракция йиғилишида, шунингдек, Бош вазирнинг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари – иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.Қўчқаровга ҳамда Бош вазирнинг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Ж.Ходжаевга махсус иқтисодий ва кичик саноат зоналарини ривожлантириш бўйича кўрилаётган чоралар тўғрисида Қонунчилик палатасининг парламент сўровларини юбориш ҳақидаги масалалар кўриб чиқилди.

Депутатлар кичик саноат зоналарининг тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли фаровонлигини оширишдаги аҳамиятини алоҳида таъкидлаб, жойларда бу борада юзага келаётган муаммоларни ҳал қилиш зарурлигига эътибор қаратилди. Мазкур масала юзасидан парламент сўровини юбориш ҳақидаги таклиф қўллаб-қувватланди.

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш