Кўпроқ ишлатган кўпроқ тўлаши керак

 

Дунёда кечаётган глобал иқтисодий ва сиёсий инқироз оқибатида кўплаб давлатлар орасида муносабатлар таранглашиши, санкциялар қўлланилиши мамлакатимиз иқтисодиётига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда, кутилмаган муаммолар келиб чиқмоқда. Осон бўлмаётганини халқимиз билиб турибди.

Бунинг устига қишнинг одатдагидан анча совуқ келиши халқимизни табиий газ, иссиқлик ва электр энергияси билан узлуксиз таъминлашни янада мураккаблаштирди.

Узоқдаги қариндошимиз билан хабарлашиш, уйимизу кўчаларимиз тунда ёритилиши, болаларимиз таълим олишию юртимизнинг янада ривожланиши – барчаси энергия таъминоти билан боғлиқ. Ҳукумат, мутасадди вазирлик-идоралар энергия таъминотидаги муаммоларни бартараф қилиш учун юқори сафарбарликда ишлаяпти. Буни, албатта, эътироф этиш зарур.

Шу билан бирга, муаммоларнинг ҳар йили такрорланишига, тизимли ечилишига халақит қилаётган асл сабабларни чуқур таҳлил қилиш, зарур бўлса, қатъий чоралар кўриш вақти келганга ўхшайди. Тан олиш керак, табиий газ ва электр энергияси аҳолига қимматга тушмаслиги учун бир неча йиллардан бери оғирликни давлат ўз зиммасига олиб келяпти. Бундай инсонпарвар сиёсат ҳурматга муносиб.

Бу ҳақда кўп айтилди. Бугун фойдаланилган электр энергияси учун тўловлар уни ишлаб чиқариш ва етказиб бериш учун сарфланган маблағдан анча кам. Етишмаган маблағ давлат томонидан дотация қилинмоқда. Давлат ижтимоий ҳимоя вазифасини бажаряпти.

Лекин фуқаролар давлатнинг ёрдамидан бирдек фойдаланмоқдаларми? Бизнингча, бундай эмас. Яъни, икки ёки оддий уч хоналик хонадонда истиқомат қиладиган оила билан, икки-уч қаватли ҳашаматли иморатда истиқомат қилувчи оила истеъмол қилаётган электр энергия миқдори бир неча марта фарқ қилади. Давлат дотациясидан ҳашаматли уй эгалари кўпроқ фойдаланмоқда. Ижтимоий адолат тамойили асосида камхарж оилаларгина давлат ёрдамидан фойдаланиши тўғри бўлар эди.

Бунинг учун ҳар бир фуқарога ўртача зарур бўлган электр энергияси ҳажми ҳисобланиб чиқиши, бу кўрсаткич ўртача оила аъзолари сонига кўпайтирилиши ва фақат шу ҳажм учун арзон тариф қўлланилиши, яъни лимит белгиланиши мақсадга мувофиқ бўларди, деб ўйлаймиз.

Лимитдан ортиқ ишлатилган электр энергияси учун ошиб борувчи тартибда нарх белгиланиши керак. Бу нафақат электр энергияси учун ҳақиқий нархни жорий этишга, балки барчамизни исрофгарчиликдан тийилишимизга ҳам жиддий асос бўларди. Иқтисодий ҳолати яхши оила арзон энергияни тежаши жуда қийин.

Нархларни эркинлаштиришга шу тарзда босқичма-босқич бориш тўғри бўлади. Айримлар билдираётган нархларни бирданига эркинлаштириш амалга ошиши қийин бўлган жараён. Давлат буни яхши билади ва шунинг учун шошилмаяпти. Энди кейинги босқичга чиқишимиз, кўпроқ ишлатган кўпроқ тўлайдиган тартибга ўтишимиз керак. Бу адолатдан бўлади.

Аҳолини табиий ва суюлтирилган газ билан таъминлаш тизимида ҳам кўпроқ ишлатган кўпроқ тўлаши керак тамойилини жорий этиш мумкин.

Энергетика тизими мутасаддилари, мутахассислар, истеъмолчилар бундай ёндашувни қўллаб-қувватлайди, деган умиддамиз.

 

Боймурод ЮСУПОВ,

ЎзХДП Марказий Кенгаши бошқарма бошлиғи.

«Ўзбекистон овози», 14.12.2022, №50

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш