Кейинги йилларда юртимизда коррупцияга қарши курашиш бўйича янги тизим яратилди ва у доимий равишда такомиллаштириб борилмоқда. Тизимнинг самарали ишлаши жуда кўп омилларга боғлиқ ва Коррупцияга қарши курашиш агентлиги бу борада мураккаб, кенг кўламдаги ишларни бажараётганини эътироф этиш зарур.
Айниқса, коррупцияга қарши кураш жараёнлари Халқ демократик партиясининг устувор дастурий мақсадлари, хусусан, давлатнинг фуқаролар олдида масъуллиги, нафақат ҳуқуқлар, шу билан бирга, имкониятлар тенглигини таъминлашда долзарб аҳамият касб этмоқда.
Шунингдек, коррупцияга қарши курашни, миллий маърузани кейинчалик янада такомиллаштириш бўйича айрим масалаларга алоҳида эътибор қаратиш зарур.
Биринчидан, давлат идоралари ва фуқаролар ўртасидаги барча муносабатларни коррупциявий омиллардан ҳоли қилиш борасидаги ишларни изчил давом эттириш лозим. Бунда жойларда фуқароларнинг кайфиятига тез таъсир қиладиган ижтимоий масалаларни ҳал этиш жараёнларида коррупцияга қарши таъсирчан чоралар кўриш зарур.
Иккинчидан, давлат ва фуқаролик жамиятининг ҳамкорлиги коррупцияга қарши курашишнинг асосий принципларидан экани қонунчиликда қатъий белгилаб қўйилган. Лекин миллий маърузада мазкур тамойил устуворлиги таъминланаётгани айрим йўналишлардаги маълумотларда акс этмаган. Шунинг учун жамоатчилик вакиллари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликни янада кучайтириш бўйича аниқ чораларни кўриш мақсадга мувофиқ бўлади.
Шунингдек, коррупцияга қарши курашишда ҳудудий кенгашларнинг ўрнини мустаҳкамлаш, таъсир кучини ошириш чораларини кўриш зарурати мавжуд.
Учинчидан, коррупцияга қарши курашишда давлат сиёсатининг яна бир асосий йўналиши бўлган аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш борасидаги лойиҳалар қамрови ва таъсирчанлигини ошириш зарур.
Тўртинчидан, коррупцияга қарши кураш бўйича парламентга ахборот бериш, умуман, миллий маърузалар тайёрлаш борасидаги халқаро амалиётни депутатлар иштирокида яна бир чуқур таҳлил қилиб, илғор тажрибаларни амалиётга жорий этиш чораларини кўриш зарурати мавжуд.
Юқоридагиларни ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси миллий маърузани қўллаб-қувватлайди.
Улуғбек ИНОЯТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси раҳбари.
«Ўзбекистон овози», 14.12.2022, №50