Сиёсий мавзудаги китобларда давлатни тирик организмга ҳам ўхшатишади. Давлат ҳам туғилади, улғаяди, кучга тўлиб боради. Узоқ яшайди ёки айрим умрларга ўхшаб эрта ҳазон бўлади. Аччиқ, аммо ҳаётий ўхшатиш.
Якунига етаётган 2022 йил билан давлатчилигимизнинг ҳам бир йили якунланмоқда. Кимдир ортда қолаётган йилда қилинган ишлар ҳақида, кимдир эса амалга оширилмаган ишлар ҳақида фикр юритмоқда. Аслида ҳар қандай жамиятда ҳам ютуқ ва камчиликлар ҳақида гапирадиганлар бўлади ва бу нормал ҳолат.
Кеча, 13 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди, бир қатор муҳим масалалар кўриб чиқилди. Биз биринчи ёритадиган масала кун тартибида биринчи кўриб чиқилмади, лекин давлатчилигимиз тарихида биринчи марта бўлди. Шунинг учун тафсилотни Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг Ўзбекистон Республикасида Коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги миллий маърузаси кўриб чиқилиши билан бошлаймиз.
Масала юзасидан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов ахборот берди.
Маърузада келтирилганидек, давлат органлари ва ташкилотларида очиқлик бўйича амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлиги, натижадорлигини баҳолашга қаратилган Очиқлик индекси жорий этилган. Шунингдек, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилган.
Хусусан, агентлик томонидан коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини оширишга қаратилган жами 24 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари ишлаб чиқилган, 156 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси кўриб чиқилиб, коррупциявий омилларни бартараф қилиш бўйича 300 дан ортиқ таклиф ва тавсиялар билдирилган. Шу билан бирга, ҳудудлар ва соҳаларда давлат бюджетидан мақсадли фойдаланиш, давлат харидларини амалга ошириш юзасидан 50 дан ортиқ ўрганиш ўтказилгани айтилди.
Халқ вакиллари агентлик томонидан коррупцияга оид, биринчи навбатда, Ўзбекистон Республикасининг миллий манфаатларига ва халқаро имижига зарар етказувчи жиноятларни тергов қилиш натижаларини комплекс таҳлил қилиш, бюджет маблағларининг сарфланиши, давлат активларининг реализация қилиниши, инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши билан боғлиқ материалларни ўрганиш, ижро ҳокимияти ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда уларнинг мансабдор шахслари қарорлари қонунийлиги юзасидан ўтказилаётган назорат самарадорлигини ошириш бўйича таклиф ва тавсиялар беришди.
Мажлисда Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг Ўзбекистон Республикасида Коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги миллий маърузаси маълумот учун қабул қилинди.
Депутатлар «Наркологик касалликлар профилактикаси ва уларни даволаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқишди.
Қонун лойиҳаси билан наркологик касалликка чалинган шахсни мажбурий даволашга юбориш тўғрисидаги материалларни ички ишлар органларининг ташаббуси билан ҳам расмийлаштириш белгиланмоқда.
Халқ вакиллари қонун ижодкорларига шахсни мажбурий даволашга жўнатиш, ҳеч бўлмаса, яқин қариндошлари розилиги билан амалга оширилиши керак, акс ҳолда, ички ишлар органлари ходимлари хоҳлаган одамини «даволаш»га жўнатиб юборишдан тийиб турувчи восита киритишни сўрашди.
Ўйлаб кўринг, эртага қонун қабул қилинганидан сўнг бундай ҳолатлар юз бермаслигини ҳам қонуний кафолатлаб қўйиш зарур.
Йиғилишда, шунингдек, «Мактабгача таълим ташкилотлари тармоғи кенгайтирилиши ҳамда соҳада нодавлат сектор улушининг оширилиши муносабати билан «Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокамадан ўтди.
Лойиҳани Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин хоним ўқиб эшиттирди.
Ушбу ҳужжат билан «Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида»ги қонунга оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига таълим ва тарбия бериш учун қабул қилинадиган болалар сонини 50 нафаргача кўпайтиришга қаратилган ўзгартиришлар киритилиши кўзда тутилган.
Депутатларнинг айтишича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти янада кенгайтирилишига ҳамда болаларни мактабгача таълим ва тарбия билан қамраб олиш даражасини оширишга хизмат қилади.
Лекин депутатлар орасида вазирлик томонидан қонун бузилиши холатига йўл қўйилгани ҳам таъкидланди ва Қонунчилик палатаси Спикери шу масалада эътироз билдирди.
Узоқ давом этган мулоҳазалардан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.
Мажлисда «Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Бугунги кунда «Бир суд – бир инстанция» тамойили асосида жорий қилинган суд қарорларини қайта кўриш институти бўйича ўтказилган таҳлиллар мазкур институтни такомиллаштириш заруратини кўрсатаётгани қайд этилди. Хусусан, суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текширишда «Бир суд – бир инстанция» тамойили асосида кассация инстанциясида ишларни кўриш Олий суд ваколатига ўтказилиши ўрта бўғин – вилоят судлари имкониятларидан самарали фойдаланишни чеклаётгани айтиб ўтилди.
Шунингдек, 2020 йилда Олий суд томонидан 1291 та иш кўриб чиқилган бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткич 7560 тага етиб, (2022 йилнинг биринчи ярмида 3 441 та) Олий судда кўрилган ишлар сони бир неча баробар ошган. Натижада Олий судда иш ҳажми кескин ошиб кетиши билан бирга, фуқаролар олис ҳудудлардан ортиқча вақт ва харажат сарфлаб Олий судга келишга мажбур бўлмоқда. Қолаверса, бу ҳолат айрим ҳолларда ишларни кўриш муддатлари бузилиши, судьяларнинг иш сифатига ҳам салбий таъсир кўрсатаётгани маълум қилинди.
Таҳлилларга кўра, 2021 йилда Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьясининг бир ойлик ўртача иш ҳажми 89 тани ташкил қилган. Бунинг оқибатида шикоятдаги важлар ҳар тарафлама текширилмай, иш бўйича якуний қарор қабул қилинмасдан, суд қарори бекор қилиниб, қуйи судларга юбориш ҳолатлари кўпайган. Шу билан бирга, апелляция тартибида кўрилмаган ишларнинг келгусида кассация инстанциясида кўриб бўлмаслиги ҳақидаги қонун талаблари фуқароларнинг эътирозларига сабаб бўлмоқда. Бу каби омиллар эса соҳани ислоҳ қилиш заруратини келтириб чиқараётганини таъкидлашди лойиҳа ташаббускорлари.
Қонун лойиҳасида белгиланаётган нормалар судларнинг масъулиятини ошириб, ишларнинг сифатли ва ўз вақтида кўрилишига, суд қарорларини қайта кўришда вилоят ва унга тенглаштирилган судлар имкониятидан кенгроқ фойдаланишга, ортиқча сарсонгарчиликларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Лекин айрим депутатлар фуқаро суд ҳукмидан норози бўлгани учун Олий судга мурожаат қилиши, агар янги қонун уларнинг мурожаатларини вилоят судларига қайтарса, унда вилоят судларининг фаолиятига бошқа ташкилотларнинг таъсир ўтказмаслигини таъминлаш кераклигини таъкидлашди. Судларнинг мустақиллигини кафолатловчи қўшимча меъёрлар қонунчиликка таклиф этилиши, бу масала бўйича катта таҳлилий ишлар кетаётгани маълум қилинди.
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.
Кун тартибидаги навбатдаги масала – «Тупроқ унумдорлигини ошириш ва муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан кўриб чиқилди.
Қонун лойиҳасида тупроқ унумдорлигини ошириш ва муҳофаза қилиш, тупроқларнинг ҳолатини яхшилаш, унумдорлигини сақлаш, масъул вазирлик ва идораларнинг ваколатлари, ерларни рекультивация қилиш, тупроқ ҳолати ва сифатига таъсир қилувчи лойиҳалар, воситалар ва технологияларни давлат экспертизасидан ўтказиш масалалари ўз аксини топмоқда.
Бундан ташқари, лойиҳада жисмоний ва юридик шахслар, шунингдек, мансабдор шахсларнинг ғайриқонуний ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги оқибатида тупроқ сифати ёки унумдорлигининг пасайиши натижасида етказилган зарарни қоплаш масалалари белгиланмоқда.
Депутатларнинг таъкидлашича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши тупроқлар унумдорлигини ошириш ва муҳофаза қилиш, тоза тупроқда сифатли ва хавфсиз маҳсулот етиштириш ҳамда яйлов ўсимликлари биохилма-хиллигини оширишга хизмат қилади. Қизғин баҳс-мунозалардан сўнг қонун лойиҳаси қабул қилинди.
Парламент қуйи палатасининг мажлисида «Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 483-моддасига қўшимча киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Мазкур қонун лойиҳаси билан Солиқ кодексига тегишли қўшимчалар киритиш орқали чиқиндиларни тўплаш, олиб чиқиб кетиш, саралаш ва қайта ишлаш фаолияти билан шуғилланадиган солиқ тўловчиларга айрим солиқ имтиёзларини бериш таклиф этилмоқда.
Таклиф этилаётган қонун лойиҳасининг қабул қилиниши санитар тозалаш корхоналари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларда узоқ муддатли инвестиция лойиҳалари амалга оширилишини рағбатлантириш ҳамда маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматларнинг самарали ташкил этилишини таъминлашга хизмат қилади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси якунида депутатлар «Ярашилганлиги муносабати билан маъмурий жавобгарликдан озод қилишга оид қонундаги нормаларнинг ижроси юзасидан» юборилган Қонунчилик палатасининг парламент сўровига Ички ишлар вазири П.Бобожоновнинг жавобини кўриб чиқишди.
Мажлисда Бош вазир ўринбосари – иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.Қўчқоровга, Бош вазир ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Ж.Ходжаевга «Махсус иқтисодий ва кичик саноат зоналарини ривожлантиришнинг ҳозирги ҳолати ва улардаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш борасида кўрилаётган чоралар тўғриси»даги масала юзасидан Қонунчилик палатасининг парламент сўровларини юбориш ҳақида қарорлар қабул қилинди.
Кимлардир билиб-билмай, тушуниб-тушунмай парламент фаолиятини танқид қилишга уриниши мумкин. Қайсидир томондан эҳтимол, уларни ҳам тушуниш мумкиндир. Лекин бугун парламентимиз ўзгаряпти, баъзида жаҳли чиқиб, баъзида табассум қилаяпти. Бир сайловчи сифатида бундан доим хурсанд бўламан.
Аҳмад ҚУРБОНОВ,
«Ўзбекистон овози» мухбири.
«Ўзбекистон овози», 14.12.2022, №50