Кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатаси кўп муҳокама бўлган қонун лойиҳасини охири тасдиқлади. Сенатга юборилди. Тиббиёт ходимларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ қонун лойиҳаси Парламентга 2020 йилда киритилган эди. Унда илгари сурилган меъёрлар бошқа ҳужжатларда борлиги сабабли депутатлар лойиҳани тўхтатганди. Октябрь ойида Бош прокуратура тиббиёт ходимларига тажовуз қилганлик учун маъмурий жавобгарликни кучайтириш ташаббуси билан чиқди. Лекин у ҳам дарров қабул қилинмади. Декабрь ойига келиб, қонун лойиҳаси парламент Қуйи палатасида тўлиқ қўллаб-қувватланди. Нима бўлди ўзи?
Қизилгул ҚОСИМОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:
— Аввалги мажлисларда баъзи тушунчаларда саволлар бўлгани сабабли аниқлик киритиш керак эди. Тузатишлар, қўйилаётган талабларни атрофлича ўрганишга эҳтиёж бўлди. Шунинг учун узоқ муҳокамалар ўтказилди. Яна бир сабаби соғлиқни сақлаш кодекси устида иш олиб бориляпти. Кўплаб асосий тушунчалар ва талаблар ўша ҳужжатдан ўрин олаётгани учун ҳам таклиф этилаётган баъзи таклифлардан воз кечиш ёки тузатишга тўғри келди. Ҳозирча маъмурий жавобгарлик бўйича ўзгартириш билан чекланилди.
Қонун лойиҳаси нима ҳақда? Гап шундаки, охирги пайтда беморлар ва уларнинг яқин қариндошлари томонидан тиббиёт ходимларига тажовуз қилиш ҳолатлари ортмоқда. Бу жараёнда тиббиёт ходимларини беморлар соғлиғининг ёмонлашиши ёки ўлимида асоссиз равишда айблаш, шунингдек, шифокор ва ўрта тиббиёт ходимига тажовуз қилиш ҳолатлари юз бермоқда. Лекин уларни жазолаш амалиёти қийин эди.
Чунки Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида хизмат вазифасини бажариб турган тиббиёт ходимига нисбатан турли шаклда қонунга хилоф равишда таъсир ўтказганлик, унинг тиббий ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун тўғридан-тўғри маъмурий жавобгарлик белгиланмаган эди.
Шунинг учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик белгиловчи янги модда билан тўлдирилмоқда. Унга кўра, тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки шу мақсадда тиббиёт ходимига турли шаклда қонунга хилоф равишда таъсир ўтказиш – фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан етти бараваригача, мансабдор шахсларга эса – етти бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Ушбу қонун қабул қилиниши тиббиёт ходимлари ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ва уларнинг касбий фаолиятига турлича аралашувларнинг олдини олишга, шифокорлик касбининг мақоми ва нуфузини оширишга, фуқароларга ўз вақтида ва сифатли тиббий ёрдам кўрсатилишига хизмат қилади.
Мақсуда ВОРИСОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:
— Бу масала Президентимизнинг тиббиёт ходимлари билан очиқ мулоқотида ҳам кўтарилган эди. Охирги пайтларда тиббиёт ходимларига нисбатан зўравонлик, куч ишлатиш, минг афсуски, ёмон одатга айланиб бормоқда. Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган, ҳаётда биз гувоҳи бўлаётган воқеликлар жиддий тус олиб бормоқда. Тўғри, фуқаро энг яқин инсони беморлигидан стресс ҳолатида ноқонуний ҳаракат қилиши мумкин. Ҳаёт-мамот масаласи ҳал бўлаётгандир, балким. Буни ҳам тушуниш мумкиндир, лекин жисмоний тажовузни барибир оқлаб бўлмайди.
Шунинг учун Бош прокуратура томонидан фуқароларга жазо қўлланилиши билан боғлиқ қонун лойиҳаси киритилди. Бу қонун кўп муҳокамалар, баҳсли мунозараларга сабаб бўлди. Муҳокамаларда фуқаронинг тушкунлик вақтида бўлгани учун жазолаш керак эмас, деган фиклар ҳам билдирилмоқда. Лекин тиббиёт ходимининг айби бўлмай туриб, тўғридан-тўғри тажовузга учраши инсон ҳуқуқларининг бузилишига олиб келади. Тан жароҳати ёки руҳий босим натижасида ходимнинг маълум бир муддат ишдан узоқлашишига тўғри келмоқда. Бу эса унинг моддий аҳволигагина эмас, бир қанча бемор тиббий ёрдамсиз қолишига сабаб бўляпти. Ваҳоланки, тиббиёт ходимлари қанча бўлса, шунча эҳтиёж бор, талаб бор.
Шунинг учун бу масала сайловчилар ўртасида ҳам, депутатлар ўртасида ҳам қизғин муҳокама қилинди. Таклифлар ҳар хил бўлди, охири бир тўхтамга келинди. Қонун кучга кирса, энди муштумзўрлар энг кам иш ҳақининг бир неча баробари миқдорида жарима, жиддийроқ ҳолатларда эса 15 суткагача аҳлоқ тузатиш ишлари билан жазоланиши мумкин. Ўйлаймизки, депутатларимиз тўғри қарор қабул қилди.
Тиббиёт ходимига имтиёз эмас, ҳимоя
Бизни мулоҳазага чорлаган яна бир ҳолат шуки, бу масалада ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг ваколатлари анча кенг. Уларга қўл кўтариш бир ёқда турсин, баланроқ овозда гапириш ҳам жавобгарликка олиб бориши мумкин.
Масалан, ИИБ ходими хизмат вазифасини ўташ пайтида уларнинг қонуний талабларига бўйсунмаган фуқаролар жавобгарликка тортилади. Камига ходимларнинг ёнида ўқотар қуроли ёки бошқа бирор аслаҳаси ҳам бўлади, яъни улар ўзини ҳимоя қилиши мумкин. Аммо кимнинг ҳаётини қутқариш, дардига дармон бўлишга ҳаракат қилган тиббиёт ходими зўравонликка учраса ҳам аниқ жавобгарлик йўқ. Бу адолатдан эмас, деб ҳисоблайди депутатлар. Тиббиёт соҳасининг аксарият ходимлари ҳам шу фикрда.
Лекин тиббиёт ходими виждонсиз бўлса-чи?..
Тўғри, беш қўл баробар эмас. Ишига масъулиятсизроқ, вазифа ва бурчини бажармайдиган, виждони ҳаминқадар тиббиёт ходимлари ҳам, афсуски, учраб туради. Бироқ ҳар қандай ҳолатда инсонни қонун жазолаши керак.
Таҳлилларга кўра, бемор яқинлари ёки бошқа шахслар томонидан зўравонликка учраган, тазйиқ остида қолган 5 кишидан бир нафаригина тегишли ташкилотларга мурожаат қилган. Бунга сабаб эса амалдаги жиноят қонунчилигида хизмат вазифасини бажариб турган тиббиёт ходимларига нисбатан тажовуз қилиш, уларга бу жараёнда тан жароҳати етказиш учун жавобгарлик чоралари нисбатан енгил экани айтилмоқда.
Қонунчиликдаги меъёрлар оқибатида хизмат вазифасини ўтаб турган тиббиёт ходимларининг соғлиғига тиклаб бўлмайдиган даражада жароҳат етказган шахслар ҳам жазосиз қолиш ҳолатлари учраб турибди. Бу эса тиббиёт ходимларида ўзларига нисбатан содир этилган тажовузлар юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат этишдан ҳеч қандай наф йўқ, деган тушунча пайдо бўлишига сабаб бўлаётган экан. Ваҳоланки, беморнинг ўлими ёки соғлиғи ҳолати ёмонлашишида ҳеч бир алоқаси бўлмаса-да шифокорни айблаш ва унга тажовуз қилиш жиноят, ҳуқуқбузарлик, деб баҳоланиши зарур.
Қонунни парламент қуйи палатаси тасдиқлади, ҳали Сенат муҳокамаси бор. Сенаторларнинг хулосаси, қарори қандай бўлади, деб ўйлайсиз?
Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,
«Ўзбекистон овози» мухбири.
«Ўзбекистон овози», 14.12.2022, №50