Бугун ҳудудларда янгиликлар кўп, одамларни ўйлантираётган, ечимини кутаётган масалалар ҳам оз эмас. Ютуқларда ҳам, тўғрисини айтганда, камчиликларда ҳам маҳаллий кенгашлар депутатларининг озми-кўпми ҳиссаси бўлаяпти. Уларнинг қайта ишланмаган, зеб берилмаган фикрлари, хулосаларидан кўп муҳим нарсаларни тушуниш мумкин.
Мухбиримиз депутатларга айрим саволлар билан мурожаат қилди.
– Ҳудудингизда қандай ўзгаришлар бор?
Жаҳонгир АКРАМОВ,
халқ депутатлари Фарғона шаҳар Кенгаши депутати:
– Яқиндан 2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги Президент қарори бўйича ҳудудларга маблағ ажратиляпти. Қарор ижроси, маблағлар манзиллиги бўйича назорат, албатта, маҳаллий Кенгашлар, хусусан, биз, депутатларга топширилган. Қайси кўча таъмирсиз бўлса, асфальтлаштирилади, янги трансформатор ўрнатилади, газ, сув таъминоти масалалари яхшиланади. Мисол учун, «Жойда» маҳалласининг 15 км. кўчаси асфальтлаштириладиган бўлди. Ахир бунга етадиган маблағни неча йилларда оларди? Бу каби ишлардан аҳолининг кайфияти кўтарилади.
– Ечимини кутаётган қандай масалалар турибди?
– Сайлов округимга кирадиган 2 та маҳалла бор. Ҳудудимиз шаҳримизнинг марказида бўлиб, асосан кўп қаватли уйлар жойлашган. Маълумки, бундай уйларда асосан коммунал хизматлар масаласида муаммолар учраб туради. Менга ҳам бу бўйича кўплаб мурожаатлар бўлади. Айни пайтда ширкатлар бошқарув компанияларга айланиб, уйлар биттама-битта уларнинг тасарруфига олиняпти. Аммо қиш-қировли кунларда бу ишлар бироз тезлашиши, аҳолига қулай шароитлар яратилиш керак. Янги қурилган уйларда ҳам аҳвол шу. Қурувчилар фойдаланишга топшириб, уларнинг хизматларини ўз ҳолига ташлаб қўяди. Ваҳоланки, қурилиш фирмаси уйлар ҳолатини бир йил назоратига олиши керак. Бу масалаларни, албатта, сессияларга олиб чиқишга ҳаракат қиляпмиз ва тегишли депутатлик сўровлари юборилмоқда. Аммо гап фақат унда эмас, масаланинг ечимида. Депутатлик сўровлари шунчаки умумий жавоблар билан чекланмаслиги, мутасаддилар ўз ишларига эътиборли бўлган ҳолда, муаммолар ҳал этилишига кўмаклашиши лозим.
– Маҳаллий Кенгашлар фаолиятини кучайтириш учун қандай таклифларингиз бор?
– Яқинда сессияда қурилиш бўйича ҳоким ўринбосарининг ҳисоботини эшитмадик, буни маъқул топмадик. Олдин депутат ким дерди? Ҳозир сал ўйлаб муомала қилишади, ташкилотларга бирор масалада эътироз билдира оламиз. Лекин ҳамон бу тўлиқ эмас. Яъни, тизимни янада кучайтириш керак. Шундагина ҳудудлар ривожланади, аҳолини ўйлантираётган масалалар ечим топади.
Гулзаҳро САИДБОЕВА,
халқ депутатлари Бўка туман Кенгаши депутати:
– Айни пайтда депутат сифатида сизни нималар ўйлантираяпти?
– Ҳудудим туман марказидан 30 км. узоқликда жойлашган. Учта маҳалла бор. Бизда биринчи галдаги муҳим масала – йўл. Кўчалар талабга умуман жавоб бермайди. Айрим жойларига ҳоким кўмаги билан ёзда шағал тўктирдик. Одамларнинг ишга, болаларнинг ўқишга боришлари бор. Йўл ёмон бўлса, аҳолининг кайфияти ҳам, ишлаш, ўқиш қобилияти ҳам шунга яраша бўлади.
Қишлоғимизга газ келмаган. Одамлар бу масалада жуда кўп мурожаат қилишади. Буни масъулларга кўп бора айтаман, депутатлик сўровлари юбораман. Лекин фойдасиз. Маҳалламизда умуман боғча йўқ. Мен раҳбарлик қилаётган мактаб ҳам мослаштирилган бинода жойлашган. Ўқувчилар 2 қаватли боғча ўрнидаги мактабда таҳсил олишади.
Қишлоғимизда кўпчилик хотин-қизлар ишлашни, ёшлар турли касб-ҳунарларни ўрганишни исташади. Ҳудудимизда тикув цехи, спорт заллари, ўқув курслари бўлишини хоҳлаймиз. Бу масалаларни кўп бор сессияларга киритишга уриндим. Туман ҳокимлиги қўлдан келганча кўмаклашяпти, халқ таълимига ҳам депутатлик сўрови билан чиққанман. Мутасаддилар келиб бундан ҳам оғир ҳудудлар борлигини айтишади. Чунки чекка бўлса ҳам, жойимизни озода сақлашга, обод қилишга ҳаракат қиламиз. Ҳудудимиз «Обод қишлоқ» дастурига тушишига умид қилишдан бошқа иложимиз йўқ.
Таклифларингиз...
– Таклифим ҳам шу: чекка ҳудудларга кўпроқ эътибор берилишини истаймиз. Маҳаллий бюжджетдан маблағ кўпроқ ажратилса. Болалар кутубхонаси, боғчалар қурилса, халқимиз, қишлоғимиз аҳли хурсанд бўларди. Биз депутатлар ҳам бекорга депутат бўлмаганимиз, маҳаллаларимизга нафимиз тегишидан мамнун бўлардик. Ҳаракатдамиз, тўхтаб қолганимиз йўқ. Айтишади-ку, тақиллатилган эшик бир куни очилади, деб. Ташаббусларни сессияларга кўтараверсак, ваколатимиз бор, қўлдан келганча, кучимиз етганча ҳудудимиз ривожи учун курашамиз.
Раҳима ҚОЗОҚОВА,
халқ депутатлари Нурота туман Кенгаши депутати:
— Ҳудудингиз ривожи учун қандай таклифларингиз бор?
– Туманимизда янгиликлар кўп, ўзгаришлар кўп. Биргина мисол айтадиган бўлсам, «Навоий кон-металлургия комбинати» акциядорлик жамияти 2026 йилгача режалаштирилган 6-йирик гидрометаллургия заводини қурмоқда. Туманимизда ҳам замонавий завод қурилиб, янги иш ўринлари яратилади. Натижада ҳудудимиздаги бандлик масаласи анча ечим топади, одамлар иш билан таъминланади. Ойлик даромад топиб, рўзғори янада бут бўлади.
Мен истардим ана шу завод қурилишида ҳам ҳудудимиз аҳолиси иштирок этса, ишлашни истовчилар ишга олинса. Ҳозирда ҳудудимизда биттагина тикув корхона бор. Аммо куни билан ишлайдиган хотин-қизларнинг ойлик маоши талаб даражасида эмас. Ёшлар ўқув марказлари очилишини хоҳлашади. Сайлов округим туман марказидан олисда бўлгани учун у ердаги мономарказларга бориш учун имконият кам. Йўл пули, харажат, вақт масалалари бор. Ўзимизнинг кичик масканимизда ҳам ўқув курслари ташкил этилса, бундан нафақат ёшлар, балки жамият ҳам фойда кўришига ишонамиз.
– Депутатлик сизга нима берди?
– Депутат сифатида кўрсатадиган, айта оладиган ишларим бор. Аммо улар ўз йўлига. Муҳими, депутат сифатида мен сайловчиларга нима бера олишим, уларга қандай нафим тегиши... Депутатлик ваколатларига бир қўшимча киритилишини истардим. Майли, бу оддий таклиф бўла қолсин, ўз ҳуқуқларини билмайдиган, ҳуқуқий тушунчаси, билими йўқ оддий одамларни кафолатига ола олса, уни қайсидир вазиятларда депутат сифатида ҳимояга олса, дейман.
Менга бу масалаларда кўп мурожаатлар бўлади. Аммо бу ишни қилолмайман. Тўғри, ҳуқуқ-тартибот идоралари бор. Аммо маҳалла, ёшлар ишлари агентлиги каби ташкилотларда кафиллика олиш, енгил масалаларда уларни ҳимоялаш тартиби бор-ку. Депутатларда ҳам шундай имконият бўлишини хоҳлардим. Боиси, уларни жазолашдан кўра қандайдир кўмак бериш, иш билан таъминлаш, кредит олишларини қўллаб-қувватлашимиз маъқул деб ўйлайман. Хуллас, депутат баъзи масалаларда сайловчи ҳимоячиси ҳам бўлиши керак.
Гулруҳ ОДАШБОЕВА,
«Ўзбекистон овози» мухбири.
«Ўзбекистон овози», 14.12.2022, №50