Сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон қадр-қиммати, айниқса, ногиронлиги бўлган шахслар масалалари доимий диққат-эътиборда бўлиб, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, тўсиқсиз муҳит яратиш, жамиятга интеграция қилиш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ногиронлиги бўлган шахслар мамлакатнинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ҳамда маданий ҳаётида фаол иштирок этиши учун зарур ҳуқуқий, ташкилий шарт-шароитлар яратилмоқда.
Жамиятимиз ҳаётининг барча жабҳаларида туб ўзгаришлар бўляпти. Манзилли ижтимоий ҳимоя тизими яратилди, иқтисодиёт эркинлашиб, хусусий мулк эгалари кўпайиб боряпти, маданий ҳаётимизда, спорт соҳасида ёшларимизнинг ютуқлари кундан-кунга ошиб боряпти, парламентаризм ва суд-ҳуқуқ соҳасида ҳам демократик ўзгаришлар қилиняпти. Халқимизнинг қарашлари ўзгариб, ҳуқуқий онги ошиб боряпти, давлат органлари устидан таъсирчан жамоатчилик назорати олиб бориляти.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси ёлғиз кексалар, ота-она қарамоғисиз қолган болалар ҳамда ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ногиронларнинг ҳаётий эҳтиёжларига эътиборни кучайтириш зарур, деб ҳисоблайди.
Ногиронлик сўзи амалдаги Конституцияда мавжуд эмас, ваҳоланки, давлатимиз раҳбари Конституциявий комиссия аъзолари билан 20 июнда бўлиб ўтган учрашувида Ўзбекистонда 1 миллионга яқин ногиронлиги бор шахслар яшаётганини алоҳида қайд этди. Ногиронлар ҳуқуқларига бағишланган БМТнинг “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенция Ўзбекистон томонидан 2009 йилда имзоланган ҳолда 2021 йилда ратификация қилинди. Конвенция нормалари ижросини таъминловчи “Ногиронлиги бор шахслар ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун қабул қилинган. Шу билан биргаликда, амалга оширилаётган тизимли ишларнинг мантиқий давоми сифатида ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини конституция даражасида мустаҳкамлаш ва кафолатлаш муҳим аҳамият касб этади.
“Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасида ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб қувватлашни назарда тутувчи қоидалар янада такомиллаштирилди. Жумладан, 45-моддада давлат ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий, иқтисодий ҳамда маданий соҳалар объектлари ва хизматларидан тўлақонли фойдаланиши учун шарт-шароит яратиши, уларнинг ишга жойлашишига, таълим олишига кўмаклашиши, зарур ахборотни тўсқинликсиз олиш имкониятини таъминлаши мустаҳкамланмоқда.
Мазкур ўзгартириш 2 та асосий масалага қаратилган:
- Конституция давлат олдига ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқ ва манфаатларини амалга ошириш учун шароит яратиш мажбуриятини юклаяпти;
- Ногиронлиги бўлган шахсларга нисбатан жамиятда тенгликни таъминлаш мақсадида маълум бир мажбуриятларни мустаҳкамламоқда.
Давлат ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини амалга ошириш учун зарур тенг шароитларни яратади.
Конституцияга киритилаётган мазкур янги норма ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади. Фуқароларга ишсизлигида ёки ногиронлигида ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқи кўплаб давлатлар, хусусан Италия, Финландия, Венгрия, Хорватия, Испания, Ҳиндистон, Латвия, Польша, Бахрейн, Озарбайжон, Арманистон ва Россиянинг конституцияларида белгилаб қўйилган.
Юқорида қайд этилган қўшимчаларнинг киритилиши Ўзбекистонда амалдаги вазиятни кўрсатади, ишсизларни ва ногиронлиги бор шахсларни давлат томонидан моддий таъминот олиши ва Ўзбекистон чинакам ижтимоий давлат моделини ифодаловчи белгиларни мустаҳкамлаб беради.
Боймурод Юсупов,
Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши Бошқарма бошлиғи.