Таниқли маърифатпарвар Абдулла Авлонийнинг “Тарбия биз учун ё ҳаёт - ё мамот, ё нажот - ё ҳалокат, ё саодат - ё фалокат масаласидир” деган чуқур маъноли сўзлари нақадар ҳақиқат эканини яхши англаймиз. Тарбия масалаларига эътиборсиз қаралган вазиятда юзага келадиган кўнгилсизликлар ҳам, у келтириб чиқарадиган зарарли оқибатлар ҳам барчамизга аён. Аммо бугун кўпчилик ота-оналарга ана шу ҳакикатни айтсангиз: “Нима қилай, ишламасанг бўлмаса!”, “Кўряпсиз-ку, осонмас, ҳаёт ташвишлари, болаларнинг еб-ичишию, кийим кечаги...”, “Ҳа энди ўзи омон бўлса, тарбияси бир гап бўлар...” қабилидаги жавобларни оласиз.
Афсуски, тарбия “бир гап бўладиган” нарса эмас. Унинг учун жон куйдириш шарт. Болалар тарбияси билан ҳар дақиқада шуғулланиш даркор. Уларнинг ҳар бир ҳаракати назоратда бўлиши лозим. Бу масала оила, ота-онадан катта масъулият талаб этади.
Биргина эътиборсизлик, назоратнинг сустлиги сабаб, куни-кеча Андижонда фожеа юз берди, автоҳалокат туфайли икки ўсмир йигит бу ҳаётдан бевақт кўз юмди, иккита оила жигар порасидан айрилди, не-не орзу умидлар билан фарзанд ўстираётган ота-она бир умр фарзанд доғида куядиган бўлди. Ва энг ачинарлиси, ҳали вояга етмаган, ота-онасининг рухсатисиз машинани ҳайдаб икки дўстининг ҳаётига зомин бўлган йигит умри бўйи виждон азобида қоладиган бўлди. Агар оилада ота-она томонидан ҳужжатсиз, рухсатсиз машина ҳайдаш оқибатлари тушунтирилганда ёки вояга етмаган болаларнинг ярим кечаси кўчада юрмаслиги назоратга олинганда эди, балки бу мудҳиш воқеа юз бермасмиди.
Ҳурматли ота-оналар фарзанд тарбияси биз учун ё ҳаёт, ё мамот масаласи эканлигини унутмайлик, оилада бола тарбиясига бефарқ бўлмайлик. Аслида фарзандни камолга етказиш оилавий тарбияни тўғри йўлга қўйишдан бошланади.
Фарзанд тарбияси ҳамма замонларда ҳам энг долзарб масала бўлиб келган. Дунёда биронта ота-она йўқки, зурриёдининг жамиятда ўз ўрнига, бирон мавқега эга бўлишини истамаган ва шу фарзанд орқали ғурурланиб юришни орзу қилмаган бўлса. Хўш, қачон ота-она фарзанди орқали ғурурланиб юради? Қачонки фарзанд оилада тўғри тарбия олиб, жамиятда ўз ўрни, оиласида эса ўз сўзига эга бўлса. Фарзанднинг қандай тарбия олиши эса у ўсиб-унган оила ва унга тарбия берган ота-онага бориб тақалади. Бу бир занжир кабидир.
Фарзанд тарбиясидек жуда нозик масалада биз ота-оналар жиддий эътибор қаратишимиз, авваламбор ўз юриш-туришимиз, гап - сўзимиз билан уларга шахсий намуна бўлмоғимиз лозим бўлади. Бола кўпроқ ота-онага тақлид қилади ва уларга ўхшашга ҳаракат қилади, ҳаттоки уларнинг юриш-туришини кузатиш орқали ор-номус, бурчга садоқат, Ватанга, оилага муҳаббат тўғрисидаги тушунчаларга эга бўлади.
Оила бағрида, ота-онанинг ўзаро меҳр-муҳаббати, ғамxўрлиги муҳитида фарзанднинг дунёга келиши, унинг шаxс ва фуқаро сифатида камол топиши ҳақида узоқ гапириб ўтиришга ҳожат йўқ. Ҳалоллик, эзгулик ва меҳрибонлик ҳақидаги тушунчалар, катталарга ҳурмат туйғуси, аввало, оилада пайдо бўлади, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида инсоннинг дунёқараши айнан шу муҳитда шаклланади.
Аслида фарзандга одоб ўргатиш, тарбия бериш бу ота-она учун мерос ҳисобланади. Афсуски, бугунги кунда айрим ота-оналар томонидан фарзандлар тарбиясига, улар билан суҳбат, мулоқот ва йиғилишларга жуда кам вақт ажратилади ёки умуман ажратилмайди.
Агар ота-она фарзандининг тарбиясига эътибор бермаса, турмуш машаққатларининг ўзи, атроф-муҳит, виртуал олам уни тарбиялайди. Минг афсуски, унда кеч бўлиши мумкин. Абдулла Авлоний айтганидек, “Агар фарзандга яхшилик ўргатилса, у вояга етади дунё ва охиратда бахтиёр бўлади. Ўз ҳолига ташлаб қўйилса, бахтсиз бўлади”. Шунинг учун фарзандга оилада руҳий, аҳлоқий, жисмоний, ақлий, ижтимоий ва жинсий тарбия бериш муҳим аҳамиятга эга.
Азиз ота-оналар фарзандларимиз тарбиясига эътиборли, ўзларига меҳрли бўлайлик, шунда улар ҳам ота-онаси ва келгусида ўз оиласи ҳамда фарзандларига меҳрли, муҳаббатли бўладилар. Яхши оилада тарбия топган болаларнинг оиласи бахтли, ҳаёти чиройли бўлиши шубҳасиз.
Гулшан Асатова,
Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши “Аёллар қаноти” раҳбари.