ЎзХДП фракцияси: Бюджет тўғрисидаги қонун ижтимоий йўналтирилганми?

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси йиғилишида 2023 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисидагиги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама қилинди.

Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсиш суръати мураккаб геосиёсий вазият фонида 2021 йилдаги 7,4 фоиздан 2022 йилда 5,7 фоизгача пасайиши прогноз қилинмоқда. Иқтисодиётимизнинг ўсиш суръати 2023 йилда 5,3 фоиз атрофида, 2024 йилда 5,6 фоиз, 2025 йилда эса 6,0 фоиз миқдорида бўлиши прогноз қилинган.

Жаҳон бозорида озиқ-овқат ва ёнилғи нархларида кузатилаётган тебранишлар натижасида Ўзбекистонда 2022 йилда инфляция даражаси 12-12,3 фоиз атрофида бўлиши, 2023 йилда 9,5 фоизгача пасайиши кутилмоқда.

Фракция аъзолари қонун лойиҳасини муҳокама қилар экан, мураккаб геосиёсий вазиятда пасайиш кутилаётган бир шароитда аҳолининг ижтимоий муҳофазаси қандай бўлишига эътибор қаратди.

2023 йилги Давлат бюджети харажатларида ижтимоий ҳимоя харажатларининг оширилиши кўзда тутилаётган бўлиб, бир қанча янгиликлар жорий этилмоқда. Хусусан, барча тадбиркорлик субъектларида ишловчи аёлларнинг ҳомиладорлик нафақа пулини бюджет маблағлари ҳисобидан тўлаб бериш тизими, таълим кредити учун давлат бюджетидан тижорат банкларига мақсадли ресурслар ажратиш 2 баробарга оширилиши, магистратура босқичида таҳсил олаётган хотин-қизлар тўлов контракти Давлат бюджетидан қопланиши, маҳаллабай ишлаш, ёшлар ва хотин-қизлар билан ишлашнинг янги тизимларининг жорий этилиши шулар жумласидандир.

Шунингдек, олий таълим қамровининг кескин ошаётгани муносабати билан давлат-хусусий шериклик ва давлат олий таълим ташкилотларининг буюртмалари асосида талабалар турар жойини барпо этиш бўйича лойиҳалар учун субсидияларнинг оширилиши, экспорт қилишда транспорт харажатларининг бир қисмини компенсация қилиш харажатларининг оширилиши, энергетика соҳаси, умумий транспорт ва иссиқлик таъминоти корхоналари томонидан тарифларини паст нархларда ушлаб турилиши натижасида кўрилган зарарни қоплаш харажатларининг оширилиши каби муҳим ижтимоий масалалар назарда тутилмоқда.

2023 йилда фойда солиғининг барча ставкалари, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи 12 фоиз, айланмадан олинадиган солиқнинг базавий ставкаси 4 фоизда ўзгаришсиз сақлаб қолинади.

Шу билан бирга, қатор солиқ бўйича қатор янгиликлар ҳам бор. 2023 йил 1 январдан қўшилган қиймат солиғи ставкасини 15 фоиздан 12 фоизга пасайтириш кўзда тутилмоқда. Қонун лойиҳасида кичик ва ўрта бизнес ривожланишини рағбатлантириш мақсадида товар айланмаси 1 млрд. сўмдан ошган кичик бизнес тоифасига кирувчи тадбиркорлар учун 1 йил давомида фойда солиғи ставкасини 2 бараварга пасайтириш назарда тутилмоқда.

Юқоридаги жиҳатлар қонун лойиҳаси Халқ демократик партияси дастурий мақсадларига ҳар томонлама мос клиши таъкидланди.

Йиғилишда соғлиқни сақлаш тизимидаги лойиҳаларни молиялаштириш ва ўз вақтида тўлиқ амалга ошириш, сув таъминотини яхшилаш билан боғлиқ лойиҳаларни молиялаштириш, электр энергия ва газ таъминотидаги муаммоларни самарали ҳал қилиш масалалари бўйича мунозаралар бўлиб ўтди. Фракция аъзоларининг саволларига мутасадди вазирликлар вакиллари жавоб берди.

Қонун лойиҳасида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар Кенгашлари даромадларнинг прогнозини ошириб бажаришдан олинган маблағларнинг бир қисмини туманлар ва шаҳарлар бюджетларига ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини амалга ошириш учун беришга ҳақли экани белгиланаётгани муҳим аҳамиятга эга. Халқ демократик партияси ҳудудий Кенгашлардаги партия гуруҳлари орқали бу ҳуқуқ ва имкониятдан кенгроқ фойдаланишга ҳаракат қилади.

Депутатлар 2023 йилга мўлжалланган давлат бюджетида ижтимоий ҳимояга алоҳида эътибор қаратилганини таъкидлаб, қонун лойиҳасини таклиф- тавсияларини берган ҳолда, қўллаб-қувватлади.

«Давлат божи тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонуни лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.

Қонун лойиҳаси билан фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий судларда қатор ҳолатларда давлат божини тўлашдан озод қилиш кўзда тутилаётгани Халқ демократик партияси таянадиган принципларга мос экани қайд этилиб, лойиҳа иккинчи ўқишда маъқулланди.

Йиғилишда кўриб чиқилган «Истеъмол кредити тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш киритиш ҳақидаги қонун лойиҳасида ҳам муҳим ижтимоий масала белгиланмоқда. Амалдаги тартибга кўра, истеъмолчи молиявий истеъмол кредити олиш тўғрисида истеъмол товарларини (хизматларни) ишлаб чиқарувчи ёки реализация қилувчини олдиндан ёзма шаклда хабардор қилиши шарт эди. Энди истеъмолчи истаса, электрон шаклда ҳам хабардор қилиши мумкинлиги белгиланмоқда. Бу нисбатан кам даромадли фуқароларнинг вақти, маблағини тежашга, хизматлардан янада эркин фойдаланишига хизмат қилади. Шунинг учун қонун лойиҳаси қўллаб-қувватланди.

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш