Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан “Депутат ва ёшлар учрашувларида ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда ҳаётий муаммоларини тизимли ҳал этишда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари доимий комиссияларининг ўрни” мавзусида онлайн семинар ташкил этилди.
Унда сенаторлар, халқ депутатлари Кенгашларининг Ёшлар сиёсати, хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари бўйича доимий комиссиялари аъзолари, мутасадди вазирлик ва идора вакиллари ҳамда Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари, Ёшлар ишлари агентлигининг ҳудудий бошқармалари масъуллари иштирок этди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда ёшларни ижтимоий ҳимоя қилиш, қўллаб-қувватлаш, тадбиркорликка кенг жалб этишнинг ҳуқуқий асосларини яратиш мақсадида сўнгги 5-6 йилда 100 дан зиёд норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган.
Жорий йил бошидан бери “Ёшлар дафтари”га 294 329 нафар ёшлар киритилган бўлиб, шундан 239 598 нафарига (81 фоиз) ёрдам кўрсатилган. Бунинг учун Ёшлар дафтари жамғармасидан 393,5 млрд сўм маблағ ажратилган.
Республика бўйлаб икки мавсумда беш ташаббус олимпиадаси ташкил қилиниб, оммавий спорт, китобхонлик, маданият ва санъат, заковат, киберспорт ҳамда шахмат-шашка мусобақаларига 7 млнга яқин ёшлар жалб қилинган.
Семинар давомида жойларда “Сенатор ва ёшлар”, “Депутат ва ёшлар” каби учрашувлар йўлга қўйилгани, бироқ ушбу учрашувларда ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда ҳаётий муаммоларини тизимли ҳал этилишида ҳанузгача айрим камчиликлар борлиги қайд этилди.
Жумладан, бу каби учрашувларнинг айримлари номигагина ташкил этилаётгани, кўтарилган ёшлар муаммолари қоғозда қолиб кетаётгани, бу борада ҳудуддаги депутатларнинг назорати етишмаётгани ҳамда масалани ижобий ҳал этишда мутасадди вазирлик ва идоралар, маҳаллий Кенгашларнинг ўзаро ҳамкорлиги тўғри йўлга қўйилмагани танқид қилинди.
Шунингдек, ҳудудларда “Ёшлар дафтари” юритилишида депутатлар назорати зарурлиги, ҳар бир ёшни дафтарга киритиш ёки чиқариш жараёнида депутатлар ҳам фаол бўлиши таъкидланди.
Семинарда кун тартибидаги масала юзасидан Қўмита раиси, Ёшлар ишлари агентилиги директорининг биринчи ўринбосари, Ёшлар парламенти раиси ва унинг аъзолари маъруза қилиб, депутатларга тегишли тавсиялар беришди.
Шунингдек, маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳам сўзга чиқиб, бугунги кунда ёшларни қийнаб келаётган муаммоларни баён қилишди ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан ўз таклифларини билдиришди.