Таълим истиқболига ишонч ортди

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасини кўпчилик интиқлик билан кутди. Чунки унда янграйдиган гаплар нафақат депутат ва сенаторлар, балки бутун халқимизга тааллуқли бўлишини барча бирдек ҳис этиб турганди.

Мурожаатнома билан бевосита танишган ҳар бир инсон ундан ўзига хос таассуротга эга бўлди, ўринли хулосалар чиқара олди. Шахсан мени қувонтирган жиҳати – Мурожаатномада таълим ва тарбия мавзуси энг устувор вазифалардан бири сифатида тилга олинди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев таклифи билан мамлакатимизда 2023 йил юртимизда “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”, деб номланиши қалбимизни жунбушга келтирди. Бинобарин, инсон қадрига эътиборсиз ва илм-маърифат ривожисиз юрт тараққиётига эришиб бўлмаслиги айни ҳақиқатдир. Ахир илм саодатга элтувчи йўлдир. Айни пайтда таълимга киритилган инвестиция келажакка сармоя киритишдир. Бу эса халқ фаровонлиги, давлатнинг рақобатдошлигини таъминловчи омилдир.

Мурожаатномада таълим тизимини мунтазам такомиллаштириш, сифатли таълим бериш, юқори малакали кадрларни тайёрлаш масалалари кўрсатиб ўтилди. Биринчи навбатда, эътибор Янги Ўзбекистон учун энг катта инвестиция бўлган таълимни қўллаб-қувватлашга қаратилиши таъкидланди. Ўқитувчиларнинг мақомини, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишни Конституцияда алоҳида белгилаш зарурлиги қайд этилди.

Келаси йилдан бошланғич синфларда мутлақо янги методика асосида яратилган дарсликлар бўйича ўқитиш йўлга қўйилади. Президент таъкидлаганидек, болаларимиз мактабдан она тили ва чет тилларини пухта ўзлаштириб, компьютерда ишлашни ўрганиб чиқиши зарур. Фарзандларимизни касб-ҳунарларга, санъат ва маданиятга қизиқтиришимиз, ўқувчиларда эркин, танқидий ва креатив фикрлашни, жамоада ишлаш ва мулоқот кўникмаларини шакллантириш зарур. Шу боис, 2023 йилдан мактаб таълимини халқаро таълим дастурлари асосида бутунлай ислоҳ қилиш бошланади.

Келаси йили 70 та янги мактаб қурилади, 460 таси кенгайтирилади. Хусусий инвестициялар иштирокида 100 та мактаб қуриш лойиҳаси бошланади, келаси беш йилда уларнинг сони 1000 тага етказилади. Қорақалпоғистон ва Хоразмда йўлга қўйилган бошланғич синф ўқувчилари учун бепул овқатланиш амалиёти келаси ўқув йилидан ушбу қолган вилоятлар ва Тошкент шаҳри мактабларида ҳам жорий этилиши халқимиз кайфиятини кўтаргани аниқ.

Шунингдек, 700 дан ортиқ касб-ҳунар мактаби, коллеж ва техникумлар имкониятидан самарали фойдаланиш зарурлиги тилга олинди. Бу мақсадда 2023 йилдан бошлаб янги дастур амалга оширилади. Яъни, ҳар бир вилоятда биттадан техникумда Европа касбий таълим стандартлари жорий этилади. Мактабгача таълимда боғчалар сонини кўпайтириш, улардаги таълим ва тарбия сифатини тубдан яхшилаш бўйича беш йиллик дастур қабул қилинади. Боғча қамровини кенгайтириш бўйича хусусий секторга қўшимча шароитлар яратилади. Бу билан фарзандларимиз болаликдан билим олиши, жамоатчиликка мослашиш кўникмалари аста-секин шаклланишига эришамиз. Зеро, ёшликда олган билим тошга ўйилган нақшдир.

Мурожаатномада ўқитувчилар, педагоглар меҳнати, заҳмати алоҳида тилга олинди. Уларнинг тажрибасини ошириш, эл-юрт орасида обрўсини юксалтириш, даромадларини кўпайтириш лозимлиги уқтирилди. Ҳақ гап! Давлат равнақи, халқ баркамоллигини кафолатлаш учун соҳани ислоҳ этиш, касб вакиллари мақомини кўтариш муҳим масала.

Мурожаатномада ўзимиз учун кўплаб вазифалар белгилаб олдик. Ундаги айрим масалалар қалбимиздаги истак бўлиб, халқимиз гувоҳ бўлиб турган ислоҳотларнинг давомийлигидан хушхабар берса, маърузада кўтарилган баъзи фикрлар биз учун мутлақо янгилик сифатида янгради ҳамда фаолиятимизга янгича руҳ бағишлади.

 

Дилором ИМОМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш