Оналар ва болаларга яратилган шароит мамлакат тиббиёт тизимининг қандай экани ҳақида жуда аниқ тасаввур беради, дейишади мутахассислар. Бу фикрда катта асос бор.
Перинатал ва демографик кўрсаткичлар нафақат акушер-гинекологлар ва педиатрлар, балки соғлиқни сақлаш тизими раҳбарлари фаолиятидаги асосий кўрсаткичлардан бўлиб, давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан ҳисобланади. Бу соҳа нафақат акушерлик ва тиббий хизматнинг ривожланиш даражасини, балки мамлакатнинг ривожланиш истиқболини акс эттиради, десак, муболаға бўлмайди. Шунинг учун оналик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилиниши Конституциямизда ҳам белгилаб қўйилган.
Президентимиз Олий Мажлисга ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасида айнан шу масалага алоҳида тўхталиб ўтди. Бу йил аҳоли сони 36 миллион нафардан ошди, йилига 900 мингдан ортиқ янги авлод қўшилмоқда. Бу, албатта, олдимизга янада масъулиятли вазифалар қўяди. Президентимиз келаси йилда туғуруқ ўринлари 35 фоизга оширилиши ва барча туғуруқ муассасаларининг таъмирланиб, жиҳозланишини айтди.
Бугунги реал ҳолатдан келиб чиқилса, жуда кутилган ва зарур лойиҳа. Чунки оналар ва болаларнинг сифатли тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, уларга ихтисослашган ва юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатиш, гўдаклар ва болалар ўлими ҳолатларининг олдини олиш масалалари анча долзарблашган.
Давлатимиз раҳбари, шунингдек, оналик ва болаликни муҳофаза қилишга қаратилган уч йиллик катта дастур ишланганига тўхталиб ўтди. Куни-кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ялпи йиғилишида 2023 йил давлат бюджети ҳақидаги қонун лойиҳаси кўриб чиқилганда оналик ва болалик ҳимоясига алоҳида эътибор қаратилганига амин бўлдик.
Албатта, белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда биз депутатлар ҳам фаол бўлишимиз, кузатувчи ёки танқидчига айланиб қолишимиз эмас, ҳар бир жараённинг ичига кириб боришимиз зарур.
Президентимизнинг қанчалик қийин бўлмасин, танлаган йўлимиздан ҳеч қачон ортга қайтмаслигимиз ҳақидаги фикри менга жуда ёқди. Ҳаммамиз бу фикрдаги ибратдан, кўтаринки руҳиятдан куч, шижоат оламиз.
Қизилгул ҚОСИМОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси.