Илгари сурилган ташаббуслар аҳолининг фаровон турмушига хизмат қилади

 

Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасини барча қатори мен ҳам ҳаяжон билан тингладим. Эзгу ҳаракатлар рўёбини таъминлашга қаратилган Мурожаатномада мамлакатимизни ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ривожлантириш учун амалга ошириладиган ислоҳотларнинг устувор йўналишлари белгилаб берилди.

Маълумки, маҳалла – тинчлик ва осойишталик пойдевори, аҳиллик ва ҳамжиҳатлик, маърифат ва тарбия қўрғонидир. Шу боис, Президентимиз Мурожаатномада бундан буён давлат инвестиция дастурлари маҳалла даражасига туширилишини маълум қилди.

Эндиликда, ҳар бир маҳалла ўзининг кутубхонаси, спорт майдончасига эга бўлади. Маҳалла ўзининг муаммосини мустақил ҳал этиши учун “Маҳалла бюджети” тизими жорий этилади. Бунинг учун 1 январдан бошлаб, мол-мулк ва ер солиқларининг бир қисми маҳалланинг ўзида қолади. Бу билан муаммолар жойида, қисқа вақт ичида ҳал бўлади.

Шунингдек, аҳоли учун янги уй-жойлар қуриш ҳажмлари 1,5 баробарга оширилиб, 90 мингга етказилади. Келаси йилда Тошкент вилоятида “Менинг биринчи уйим” янги ипотека дастури бошланади. Унга мувофиқ, биринчи навбатда, турар-жойга эҳтиёжи бор ҳамда ёш оилалар учун энг қулай шартлар асосида уй-жойлар барпо этилади.

Бундан ташқари, жамоат транспортидаги вазият мутлақо ўзгаради. Тошкент шаҳри учун қўшимча 1 мингта замонавий автобус сотиб олинади, 7 та ер усти метро бекати ишга туширилади. Ҳудудларда ҳам йўловчи ташиш сифатини яхшилаш мақсадида яна 1 мингта автобус ҳаракати йўлга қўйилади.

Мурожаатномада илгари сурилган барча фикрлар, ғоялар, ташаббуслар ягона эзгу мақсад – фуқароларимиз учун фаровон турмуш шароити яратиш, юртимизни ҳар томонлама тараққий эттиришга йўналтирилгани билан аҳамиятлидир.

Хулоса қилиб айтганда, Мурожаатнома биз — парламент вакилларининг сайловчилар олдидаги масъулиятини оширишга, меҳнаткаш ва бағрикенг халқимизга муносиб вакил бўлиб хизмат қилишлари учун дастуриламал бўлади.

 

Мавжуда ҲАСАНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутат,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш