Жамият ва давлат ҳаётида шундай тадбирлар, воқеалар бўладики, барча фуқаролар, бутун халқни бирлаштиради, эзгу мақсадларга интилиш ҳиссини оширади. Президентнинг Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига Мурожаатнома йўллаши кейинги йилларда ана шундай муҳим воқеага айланди.
Мурожаатнома демократияни ривожлантиришда, мамлакат олдида турган энг долзарб вазифаларни эълон қилиш, уларнинг аҳамиятини давлат раҳбари томонидан бевосита тушунтириб беришда ўхшаши йўқ институт ҳисобланиши бежиз эмас. Бу йилги Мурожаатномада халқимиз кутаётган, кўпчиликни ўйлантириб келаётган масалаларга ечимлар кўрсатилди. Жамиятнинг турли қатламлари манфаатлари олти устувор йўналишда ўз ифодасини топди.
Дунёда юзага келган мураккаб ижтимоий-сиёсий вазиятда мамлакатни барқарор тараққий эттириш, қийинчиликларни бир ёқадан бош чиқариб, давлат ва жамият ҳамжиҳатлигини янада мустаҳкамлаш орқали енгиб ўтиш осон жараён эмас. Бунинг учун аввало ижтимоий масалаларни самарали ҳал этиш талаб қилинади. Кейинги йилларда изчил амалга оширилаётган, инсоннинг устувор ҳуқуқларини таъминлашга, давлатнинг халқимиз олдидаги мажбуриятларини кучайтиришга қаратилган ислоҳотлар одамларнинг розилигини оширишда стратегик асос бўлиб хизмат қилмоқда. Мурожаатномани тинглаган ҳар бир юртдошимизнинг бу борадаги эзгу ишлар қатъий давом этишига ишончи янада ошгани шубҳасиз.
Қайд этилганидек, бу йил тарихимизда илк бор пенсия ва ижтимоий нафақалар миқдори минимал истеъмол харажатларидан кам бўлмаган даражага олиб чиқилди. Иш ҳақи, пенсия ва нафақалар миқдори, аҳоли жон бошига даромадларни ошириш сиёсати изчил давом эттирилиши таъкидланди.
Охирги олти йилда юртимизда қарийб 300 мингта ёки аввалги йилларга нисбатан 10 баробар кўп уй-жой қурилгани, қўшимча 500 минг ўқувчи ўрни яратилгани, яна 1 миллион 200 минг ўқувчи ўрни яратиш бўйича ишлар жадал давом эттирилаётгани, бошланғич синф ўқувчиларига бепул нонушта берилиши амалиёти барча ҳудудларда жорий этилиши ва бошқа кўплаб рақамлар халқимизнинг кундалик турмуши билан боғлиқ муҳим ижтимоий масалалар ҳал этилиши тизимли давом этишини англатади.
Келгуси йилга “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили“, деб ном бериш таклиф этилгани, бу таклифнинг кенг жамоатчилик томонидан фаол қўллаб-қувватлангани ижтимоий масалалар янада тизимли ечим топишини ҳам билдиради.
Мактаб, боғча ва шифохоналар кўпайиши, таълим ва тиббиёт сифати оширилиши, маҳаллада йўл, сув, электр, транспорт муаммолари ҳал қилиниши, иш ўринлари кўпайиши, тадбиркорликка янги имкониятлар яратилиши, адолатни таъминлаш, оворагарчилик, бюрократия ва коррупцияни йўқ қилиш учун чоралар кўрилиши мамлакатимизда ижтимоий бирдамлик кафолатларини янада мустаҳкамлайди.
Президентимиз “шу юртда яшаётган ҳар бир инсоннинг тинч ва бахтли ҳаёт кечириши, унинг соғлиғи жойида бўлиши, яхши таълим олиши, оиласини тебратиши учун қандай шароит керак бўлса, ҳаммасини яратиб беришга ҳаракат қилаяпмиз ва бу йўлдан асло тўхтамаймиз", деб қатъий таъкидлади. Бу фикрдан шу кунларда парламентда муҳокамаси давом этаётган Конституциявий қонун лойиҳасида ўз аксини топаётган ижтимоий давлат тушунчасининг нақадар муҳимлигини ҳаммамиз чуқур англашимиз зарур.
Тўғри таъриф берилганидек, ижтимоий давлат бу, энг аввало, инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш учун тенг имкониятлар, одамлар муносиб ҳаёт кечиришига зарур шароитлар яратиш, камбағалликни қисқартириш, демакдир.
Халқ демократик партиясининг бош дастурий мақсадлари, ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий йўналишдаги энг муҳим ғоялари ана шу таърифда мужассамлашган, десак, тўғри бўлади. Лекин ғояларни илгари суриш бир масала, уларни амалга ошириш учун садоқат ва жасорат билан курашиш умуман бошқа масала эканига кўпроқ амин бўлдик.
Ҳудудларда ижтимоий масалаларни ҳал этишда, парламент ва депутатлик назорати орқали вазирликлар, маҳаллий ҳокимликлар фаолиятидаги камчиликларни халқимиз манфаатлари нуқтаи назаридан бартараф этишда етарли даражада ташаббускор бўла олмаяпмиз. Қайд этиш ва айтиш билан чекланиб қолинаётган ҳолатлар бўляпти. Жойлардаги ўрганишлар, назорат-таҳлил тадбирларида натижагача бориш амалиёти етишмаяпти. Бу ижтимоий масалалар ечимига салбий таъсир қиляпти.
Бундан хулоса чиқариб, Мурожаатномада белгиланган вазифалар, таҳлилий фикрлар, сайловчилар, электорат вакилларининг таклиф-мулоҳазаларидан келиб чиқиб, депутатлик бирлашмаларимиз, ҳудудий ташкилотларимиз фаолиятини кучайтириш бўйича чоралар кўрамиз.
Аввало, Мурожаатномада келгуси йил учун белгиланган вазифалар, илгари сурилган фикрларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини бошланғич ташкилотларимиз, маҳаллаларда, меҳнат жамоаларида кенг тушунтиришимиз зарур. Зеро, ҳақиқий ислоҳот тушунишдан бошланади.
Иккинчидан, вакиллик ҳокимияти органларидаги депутатлик бирлашмаларимиз долзарб ижтимоий масалаларни ҳал этишда қандай иштирок этиши, ким нима вазифани қачон бажаришини қатъий белгилашимиз талаб этилади.
Олий Мажлиснинг, халқ депутатлари Кенгашларининг ваколатлари янада кенгайтирилиши янгича ҳуқуқий макон юзага келишини билдиради. Халқимиз, сайловчилар таклифлари асосида Конституциявий қонун лойиҳасида ҳам бу масалалар акс этяпти. Ҳар бир депутат, сиёсий партия фаоли бу жараёнга ҳар томонлама айнан ҳозир тайёр бўлиши зарур.
Президентимиз якунига етаётган 2022 йил ғоят мураккаб ва синовли келгани, ушбу даврда тўпланган тажриба бир ҳақиқатни яққол исботлаб бераётгани, тараққиёт фақат ва фақат жасоратли меҳнат орқали бўлишини алоҳида таъкидлади. Дунёда муаммолар, синовлар кетма-кет келяпти, бундай пайтда фидойи меҳнат, бирдамлик билангина барқарор тараққиётга эришиш мумкин. Бунга ҳаммамиз масъулмиз.
Улуғбек ИНОЯТОВ,
Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари.
«Ўзбекистон овози», 21.12.2022, №51