Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 20 декабрь куни Олий Мажлисга ва халққа йўллаган Мурожаатномаси барчамизда катта қизиқиш уйғотди. Мазкур нутқни кўлами ва кўзланган мақсадларига кўра узоқ муддатга мўлжалланган дастур билан қиёслаш мумкин. Унинг ҳаётда татбиқ этилиши эса Ўзбекистон да амалга оширилаётган ислоҳотларнинг жадал суръатда давом этттирш учун имконият беради.
Президентимиз нутқида зикр этилган ташаббуслар мамлакат ривожланишида муҳим аҳамият касб этиб, кўплаб соҳаларни қамраб олади. Қолаверса, қайси соҳа тилга олинмасин, албатта, кенг таҳлил, муаммолар, уларни ҳал қилиш йўллари ва аниқ вазифалар белгилаб берилиши билан диққат-эътиборимни тортди. Ўзбекистон раҳбарининг халқимизни ўйлантириб келаётган энергетика соҳасига қаратган эътибори, тизимдаги муаммолар, уларни ечиш ва муқобил энергияни ривожлантириш борасидаги фикрлари ҳаммамизни мамнун қилди.
Тан олиш керак, кўп йиллар давомида янги газ конларига инвестиция киритилмагани, электр ва газ тармоқлари модернизация қилинмагани, тизимда аниқ ҳисоб-китоб йўқлиги, катта йўқотишлар оддий ҳолга айланиб қолгани, сўнгги олти йилда аҳоли сони 12 фоизга, саноат корхоналари эса 2 баробарга ортиб, 45 мингдан 100 мингтага кўпайгани айрим ҳолларда электр қуввати ва табиий газ тақчиллигини юзага келтирди. Электр энергиясига талаб камида 35 фоизга ошди ва йилдан-йилга кўпайиб бормоқда.
Давлатимиз раҳбари мана шундай шароитда иқтисодиётимиз барқарор ривожланиши учун, энергетика соҳасига 25-30 миллиард доллар инвестиция кераклигини таъкидлади. Шу боис, сўнгги уч йилда соҳага 8 миллиард долларлик тўғридан-тўғри инвестициялар жалб қилинди. Жумладан, ўтган ҳафтада Бухоро, Наманган ва Хоразмда қуввати 500 мегаваттли яна 3 та қуёш станцияларини қуриш бўйича танлов якунланди, — деди Президент.
Энг муҳим масала — энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш. Афсуски, иқтисодиётимизда энергия сарфи бошқа давлатлардан икки баробар юқори. Шунинг учун, Президентимиз энергия самарадорлигини ошириш Миллий дастурини қабул қилиш ҳақида гапирди. Бу энергетика соҳасида эркин бозорга ўтилишини ҳам англатади. Агар эркин бозорга ўтилмаса, бу соҳага инвестор келмаслигини англатади.
Аҳолини узлуксиз энергия билан таъминлаш масаласи ҳам Мурожаатномада батафсил кўрсатилди. Уй, ишхона, боғча, мактаб ва кўчаларда одамларга энергиянинг қадрига етиш, уни тежашни ўргатиш керак. Яъни жамиятда тежамкорлик маданиятини шакллантиришимиз талаб этилади. Иккинчидан, кичик ҳажмдаги қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш кескин оширилади. Мисол учун, Тошкент вилоятида Олмалиқ, Бекобод комбинатлари ва бошқа йирик корхоналар ўз эҳтиёжлари учун минг мегаваттли қуёш электр станцияларини ўрнатса, йилига 2,5 миллиард киловатт соат электр ишлаб чиқарилади. Бу орқали, Тошкент вилоятининг қарийб 30 фоиз электр истеъмоли таъминланади ва 500 миллион куб метр газ тежалади. Шу билан бирга, республиканинг ҳар бир туман ва шаҳар ҳокимига ўз ҳудудидаги хонадон ва корхоналарда жами 5-10 мегаваттли қайта тикланувчи энергия лойиҳаларини амалга ошириш топшириғи берилди.
Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд, Фарғона ва Тошкент вилоятларида барпо этиладиган қуёш ва шамол электр станциялари ҳисобига хонадонларга бериладиган электр энергияси 50 фоизга кўпаяди. Қолаверса, келаси уч йилда барча давлат ташкилотларида қуёш панеллари ва иссиқ сув коллекторлари ўрнатилади. Ушбу мақсадларда 2 миллиард доллар миқдорида инвестиция жалб қилинади. Бунинг ҳисобига, уларнинг 60 фоиз электр ва газ истеъмоли “яшил энергия”га ўтказилади. Аҳоли хонадонларида эса, қуёш панели ўрнатишга ажратиладиган субсидиялар ҳажми 2 баробарга кўпайтирилади.
Хуллас, Президентимиз Мурожаатида долзарб вазифалар, янги ғоялар илгари сурилди. Янгича қараш, янги ғоя ва янги режаларгина давлатнинг истиқболига, ватан равнақи ва халқимизнинг фаровонлигига дахлдор ҳаракатларни, амалий натижаларни белгилаб бериши аниқ.
Муқаддас Ўразалиева,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.