Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида ўтган йиллар давомида қилинган ижобий ишлар, ютуқларимиз таҳлил қилиниб, келгусида амалга оширишимиз лозим бўлган устувор вазифалар белгилаб берилди.
Мурожаатномада ҳар биримизни тўлқинлантирадиган, биз кутаётган масалалар ўртага ташланди. Бу қилинаётган барча саъй-ҳаракатлар замирида давлат эмас, жамиятимизнинг ўзи бош ислоҳотчига айланиши, ҳар бир ишнинг муаллифи бўлиши лозимлиги таъкидланди.
Аввал – инсон, кейин – жамият ва давлат
Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг бош мақсади инсон, халқ, миллат ва жамият фаровонлигига қаратилганлиги билан муҳим ҳисобланади.
Шу боисдан “Инсон қадри учун” тамойили барча ислоҳотларимизнинг бош мезонига айланди. Амалда ушбу тамойилни Бош қонунимизда акс эттириш бугунги ислоҳотларнинг амалий ифодаси сифатида қонуний мустаҳкамланишига хизмат қилган бўлади.
Бугун жамият, замон ўзгармоқда, тараққиёт сари илдам одимламоқда. Халқимиз фаровонлиги ошмоқда, натижада аҳолининг талаб ва эҳтиёжлари ҳам ортиб бормоқда.
Шу боис, Мурожаатномада “Аввал – инсон, кейин – жамият ва давлат” деган ғояни Конституциямиз ва қонунларимизга ҳам, кундалик ҳаётимизга ҳам чуқур сингдириш масаласига алоҳида урғу берилди.
Бунда, Асосий қонунимизни такомиллаштириш ишларини давом эттириш, халқ билан бамаслаҳат иш кўриш лозимлиги таъкидланди.
Дарҳақиқат, “Жамият – ислоҳотлар ташаббускори” тамойили асосида Конституциявий ислоҳотлар жараёни кенг муҳокамалар остида ўтмоқда. Бугунги кунга қадар Асосий қонунимизни ислоҳ қилиш борасида 220 мингдан зиёд таклифларнинг келиб тушгани ҳам бунинг яққол далилидир.
Мамлакатимизнинг бош қонуни давлатимиз, миллатимиз, жамитиямиз келажаги, тақдирини белгилаб берадиган муҳим ҳужжат ҳисобланган Конституциямиз шошилмасдан, ҳар томонлама ўйлаб ишлаб чиқилиши керак.
Давлатимиз раҳбари бу борада фуқароларимиз билдирган барча таклиф ва истаклар албатта инобатга олиниши ҳамда Конституция лойиҳаси умумхалқ референдумига олиб чиқилишини таъкидлади.
Албатта, конституциявий ислоҳотларга ҳар бир ватандошимиз дахлдор бўлиши керак. Шундагина биз “Бу – менинг Конституциям” деб юксак ғурур ва ифтихор билан айта оламиз.
Ихчам ва самарали бошқарув тизими
Ўзбекистонда таълим ва тиббиёт сифатини ошириш, ихчам ва самарали давлат бошқарув тизимига ўтиш, рақобатбардош иқтисодиётни шакллантириш, адолатни таъминлаш, бюрократия ва коррупцияни йўқ қилиш борасида бошланган ишларни жадал давом эттириш ва янги, замонавий босқичга кўтариш мақсадида давлат раҳбари 2023 йилга “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”, деб ном беришни таклиф қилди. Жорий йил номида белгиланган соҳаларни устувор даражада ривожлантириш ва ислоҳ этиш бўйича кенг кўламли ишларни амалга ошириш белгилаб олинди.
Бунда, биринчи навбатда ихчам ва самарали давлат бошқарув тизимига ўтиш таклиф этилди.
Эътибор берадиган бўлсак, олдинлари эътибордан четда қолиб, “йўқ бўлиб кетиш” арафасида бўлган соҳаларни “оёққа турғизиш” учун янги вазирлик ва идораларни ташкил қилиш масаласига урғу берилган. Чунки ўша давр учун бу энг тўғри қарор эди. Шундай қилиниши ҳозирги ютуқларимизга асос бўлди.
Натижада, юртимизда мактабгача таълим, уй-жой коммунал, “маҳаллабай” ишлаш, инвестиция, давлат хизматлари, давлат-хусусий шериклик соҳаларида катта натижаларга эришилди. Хусусий сектор ва тадбиркорликнинг ривожланиши ортга қайтмас жараёнга айланди. Аҳолининг фаоллиги, замонавий технология ва касб-ҳунарларга интилиши ошиб бормоқда. Иқтисодиётда кундан-кунга янги-янги йўналиш ва соҳалар яратилмоқда.
Ҳозирги кунга келиб, хусусий ташаббуслар кенгайди, замонавий бошқарув тизими юзага келди. Шуни такидлаш керакки, бугунга келиб, аввал самарали ечим бўлиб ҳисобланган бошқарув тизимидаги давлат органларининг кўплиги, марказлашган тизимни қайта ислоҳ қилишни талаб қилмоқда.
Эътибор қаратадиган бўлсак, Ўзбекистонда вазирлик тизимига бириктирилган ташкилотлар кўп. Бу ўз навбатида иш унумдорлигига катта таъсир кўрсатади. Шундай ташкилотларимиз борки, улар ҳам соҳани ривожлантириш, ҳам назорат билан шуғулланади. Албатта бу манфаатлар тўқнашувини юзага келтиради ва соҳада ривожланиш ҳам назорат ҳам ҳаминқадар бўлади. Қайси соҳа бўлмасин ташкилотлар шу соҳани ривожлантириши, энг аввало, ҳар бир вазирлик тегишли соҳада давлат сиёсатини амалга оширишга масъул бўлиши ва бунга жавобгар бўлиши лозим.
Шу боисдан давлат аппаратидаги такрорланишлар, кераксиз штатлар, ҳаддан ташқари марказлашган тизимни оптималлаштириш ва ҳудудларга эркинлик бериш вақти келди. Чунки, давлат аппаратидаги марказлашув тизими бугунги мураккаб масалаларга тўғри ечим топиш учун ортиқча вақт, куч ва ресурс сарфлашга олиб келмоқда.
Айни шу масалада, Мурожаатномада хусусий ташаббусларни янада кенгайтириш, уларга янги истиқболларни очиш мақсадида “қўл бошқаруви”дан аниқ натижага ишлайдиган тизимли бошқарувга ўтиш вақти келгани таъкидланди.
Бу борада дастлабки қадамлар вазирликларнинг ислоҳ қилиниши ва Ҳукумат иш услубини ўзгартиришдан бошланиши айтиб ўтилди. Энг аввало, вазирлик ва идоралар сонини 61 тадан 28 тага камайтирилиши, эндиликда ҳар бир вазирлик тегишли соҳада давлат сиёсатини амалга оширишга масъул бўлиб, тармоқ таркибидаги қўмита, агентлик ва инспекцияларга раҳбарлик қилиши белгиланади.
Натижада давлат хизматчилари сони босқичма-босқич 25-30 фоизга қисқартирилиб, иқтисод қилинадиган маблағлар ижтимоий масалаларга йўналтирилади.
Бу каби оптималлаштириш жараёни давлат органларига юклатилган вазифаларни қайта кўриб чиқиш натижасида такрорловчи ёки самарасиз функцияларни аниқлаш ва бартафар этиш орқали тизимни такомиллаштиришга қаратилади.
Ҳар бир орган ўзига юклатилган вазифани қиладиган, функциялари такрорланмайдиган ташкилотга айланади.
Ҳар бир вилоятдаги муаммоларни ечиш учун ҳар ойда жойига чиққан ҳолда, “Ҳукумат куни” ўтказилиши йўлга қўйилади.
Албатта, ушбу ислоҳотлар, мамлакатнинг тараққий этиши учун хизмат қилади.
Аброр Қурбонов,
Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши бошқарма бошлиғи.