2023 йилга юртимизда “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб ном берилишини ёшлар тўлиқ қўллаб-қувватлади деб айта оламан.
Мурожаатномани Ўзбекистон халқи ва ёш вакиллари қатори мен ҳам катта қизиқиш билан кузатдим. Президент Мурожаатномасида якунига етган йил сарҳисобидан ташқари янги 2023 йилда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини ошириш, маданият, спорт, фан-таълим, экология ва бошқа соҳаларда амалга ошириладиган ишлар бўйича устувор вазифалар белгилаб берилди.
Айниқса, партиямизнинг энг муҳим йўналишларидан бири саналган ижтимоий давлат тамойили асосида Янги Ўзбекистонни қуриш масаласига урғу берилгани биз учун қувонарлидир. “Ижтимоий давлат бу, энг аввало, инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш учун тенг имкониятлар, одамлар муносиб ҳаёт кечиришига зарур шароитлар яратиш, камбағалликни қисқартириш, демакдир", - деди Президентимиз. Шунингдек, Янги Ўзбекистон учун энг катта инвестиция бўлган таълимни қўллаб-қувватлашга энг катта эътиборни қаратиш зарурлиги таъкидланди.
Мурожаатномада таълимнинг бошланғич, ўрта ва ўрта-махсус тизимида амалга оширилиши зарур бўлган ишлар хусусида ҳам батафсил сўз юритилган. Хусусан, 2023 йилдан бошлаб бошланғич синфларда мутлақо янги методика асосида яратилган дарсликлар бўйича ўқитиш йўлга қўйилиши кўзда тутилган.
Қорақалпоғистон ва Хоразмда йўлга қўйилган бошланғич синф ўқувчилари учун бепул овқатланиш амалиёти 2023-2024 ўқув йилидан Тошкент шаҳри ва республикамизнинг қолган барча вилоятлари мактабларида ҳам жорий этилиши таълим тизими ходимлари, кенг жамоатчилик томонидан мамнуният билан кутиб олинди.
Ўқитувчиларнинг мақоми, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишни Конституция даражасига кўтариш келгусида мамлакатимиз таълим тизимини ривожлантириш, ўқитувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий муҳофазалаш имконини бериши билан аҳамиятлидир.
Ёш сифатида Мурожаатномани диққат билан тинглар эканман, унинг мазмун-моҳиятини тўлиқ англаб етиш зарурлигини ҳис қилдим. Чунки унда илгари сурилган долзарб вазифалар ва уларнинг ижроси ҳар биримизни қайси соҳада фаолият олиб боришимиздан қатъий назар, мамлакатимиз таълим тизими ривожига унинг кейинги вазифалари ижросини таъминлашга таъсир кўрсатишга даъват этади.
Умуман олганда, Президентимизнинг Мурожаатномасида келтирилган вазифаларнинг ижросини таъминлашда, уни амалга оширишда фаол ёшлар сифатида бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз.
Мухсиддин Низомитдинов,
Сенат ҳузуридаги Ёшлар Парламенти раиси ўринбосари,
Ўзбекистон ХДП Ёшлар сектори раҳбари,
Тошкент вилояти Паркент туман Кенгаши депутати.