ЎзХДП фракцияси: Молия вазирлиги депутатлар таклифини инобатга олди

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси йиғилишида 2023 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда муҳокама этилди.

Лойиҳа 17 моддадан иборат, давлат бюджетининг даромадлари ва харажатлари, мақсадли кўрсаткичлари аниқ келтирилган. Ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш сурати 5,3 фоиз бўлиши назарда тутилмоқда. Хусусан, саноат ишлаб чиқариш ҳажми 5,1 фоиз, қурилиш 6,0 фоиз, қишлоқ хўжалиги 3,5 фоиз, хизматлар соҳаси 6,7 фоизга ортиши кутилмоқда.

2023 йилда мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти 1068,0 триллион сўмни, Давлат бюджети даромадлари 232,1 триллион сўм ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 21,7 фоиз бўлиши кутилмоқда.

Қонун лойиҳаси  билан 2023 йилдан бошлаб консолидациялашган бюджет тақчиллигининг чекланган микдори ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3 фоиздан ошмаслиги белгиланмоқда.

Фракция аъзолари қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқиш жараёнида ижтимоий соҳага ажратилаётган маблағлар бўйича савол ва таклифлар берган эди. Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси, ЎзХДП фракцияси аъзоси Шарофиддин Назаров депутатларнинг саволларига қўшимча аниқлик киритилгани, таклифларнинг аксарияти инобатга олинганини билдирди.

Иккинчи ўқишдаги атрофлича муҳокама жараёнида қонун лойиҳаси бўйича яна қатор саволлар юзага келди. Хусусан, депутат Дилбар Мамаджанова Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент фармонида назарда тутилган иккита вазифа давлат бюджети харажатларида акс этмаётганига эътибор қаратди.

Ушбу фармонга кўра, Омбудсманнинг минтақавий вакиллари фаолиятини доимий асосда йўлга қўйиш учун 2022 йил 1 январдан Давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириладиган қўшимча 14 та штат бирлиги ажратилган. Шунингдек, Омбудсман котибиятининг кичик типографиясини ташкил қилиш ва зарур замонавий нашриёт ускуналари билан жиҳозлаш белгиланган. Лекин давлат бюджети харажатларида бу масалалар назарда тутилмаган. Депутат қўшимча киритишни сўради. Молия вазири ўринбосари .... бу таклиф инобатга олинишини маълум қилди.

Йиғилишда, шунингдек, ҳудудларда, олис қишлоқ жойларда контейнерлар етказиб бериб, тиббиёт пунктлари ташкил этиш масаласи жуда орқада қолаётгани, бунинг асосий сабаби контейнерларни етказиб бериш тўғри режалаштирилмагани эканини қайд этилди. Оқибатда фуқароларга тиббий хизмат кўрсатилмаяпти, деди депутат Қизилгул Қосимова. Молия вазирлиги бу камчиликни бартараф этиш, зарур бўлса, алоҳида ҳукумат қарори қабул қилинишини билдирди.

Атрофлича муҳокамалардан кейин депутатлар қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда қўллаб-қувватлади.

Йиғилишда фракция фаолиятига оид бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.

 

Ўзбекистон ХДП Ахборот хизмати

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш