Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига қилган Мурожаатномасини диққат-эътибор ва катта ҳаяжон билан тинглар эканман, кўнглимдан инсон ҳақиқатга тик боқиб яшашни, адолатпарварликни, меҳр-оқибатни, ўзаро дўстлик, биродарлик, бағрикенгликни, ирода ва шижоатни Президентимиздан ўрганиши керак, деган фикрлар ўтди.
Мурожаатномада қайси соҳа тилга олинмасин, албатта, кенг таҳлил, муаммолар, уларни ҳал қилиш йўллари ва аниқ вазифалар белгилаб берилгани билан аҳамиятлидир. Унда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг нафақат бир йиллик, балки яқин келажакдаги йўналишлари аниқ ифодалаб берилди. Мурожаатномада кўтарилган ўндан ортиқ масалалар, белгилаб берилган устувор вазифалар пировардида инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқаришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Президентимиз юртимизда инсон қадри ҳамма нарсадан устун бўлиши керак, деган тамойилни илгари сурди. Бугун тараққиётга жиддий тўсиқ бўлаётган коррупция балосига қарши кескин курашиш, илм-фанни ривожлантириш, мамлакатда адолат ўрнатиш, фуқароларимизнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш ана шу мақсадларга хизмат қилади.
Мурожаатномада мамлакатимиз миллий ривожланишнинг янги даврига дадил қадам қўяётгани, ҳаётимизнинг барча жабҳаларида улкан ўзгаришлар юз бераётгани ҳақида айтилди. Бу борада фақат ҳисоботлардагина эмас, балки амалда ҳам кўплаб натижаларга эришганимиз санаб ўтилди. Жумладан, якунига етаётган 2022 йил ғоят мураккаб ва синовли йил бўлишига қарамай, ялпи ички маҳсулот илк бор 80 миллиард доллардан ошди, ваҳоланки, 2018 йилда бу рақам 56 миллиард долларга тенг эди. Иқтисодиётимизга шу йилнинг ўзида 8 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар кириб келди, экспортимиз эса 19 миллиард долларга етди.
Давлатимиз раҳбари 2023 йилдаги энг устувор йўналишларга тўхталиб ўтаркан, биринчи йўналиш сифатида ихчам ва самарали давлат бошқарув тизимига ўтишни таклиф қилди.
Ташаббусларни янада кенгайтириш, уларга янги истиқболларни очиш мақсадида энди “қўл бошқаруви”дан аниқ натижага ишлайдиган тизимли бошқарувга ўтиш вақти келгани таъкидланди. Вазирликлар ислоҳ қилиниши, вазирлик ва идоралар сони ҳозирги 61 тадан 28 тагача камайтирилиши, ҳар бир вазирлик тегишли соҳада давлат сиёсатини амалга оширишга масъул бўлиб, тармоқ таркибидаги қўмита, агентлик ва инспекцияларга раҳбарлик қилиши алоҳида қайд этилди.
Бу билан раҳбарларнинг масъуллигини ошириш, халқ билан бевосита ишлаш, муаммоларни ўз вақтида ҳал қилиш, берилган вазифаларнинг сидқидилдан бажарилишига эришилади. Яъни, Давлат хизматчилари сони босқичма-босқич 25-30 фоизга қисқариб, иқтисод қилинадиган маблағлар ижтимоий масалаларга йўналтирилиши кўзда тутилмоқда.
Айтиш жоизки, янги вазир тайинлашда ҳам депутатлар иштирок этаяпти, режалари билан танишиб, маъқуллаяпти. Шундай экан, вазир фаолиятини самарали ташкил этишда парламентдаги қўмита, комиссия ва депутатларнинг ҳам масъулиятини белгилаш лозимлигини давлатимиз раҳбари алоҳида таъкидлаб ўтди. Мурожаатномада белгилаб берилган ушбу муҳим масалага масъулият ила ёндашишимиз, энг муҳими, юрт тақдирига дахлдор бўлиб, халқимизни рози қилиш учун ҳаммамиз биргаликда ишлашимиз керак.
Ойбарчин АБДУЛЛАЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.