Кичкинтойларга ғамхўрлик

 

Мурожаатномада давлатимиз раҳбари аҳолини қўллаб-қувватлашнинг кўплаб йўналишлари қаторида ижтимоий тенглик, хусусан, Қорақалпоғистон ва Хоразмда йўлга қўйилган бошланғич синф ўқувчилари учун бепул овқатланиш амалиёти келаси ўқув йилидан вилоятлар ва Тошкент шаҳри мактабларида ҳам жорий этилишини таъкидлади.

Партиямизнинг асосий йўналиши, ғояси ҳам жамиятда тенгликни таъминлашга қаратилган. Афсуски, ҳаётда ҳамма тенг эмас. Тўғри, бозор иқтисодиётида яшаяпмиз ва унда кимдир бой бўлади, кимдир ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам сирасига киради. Лекин мактабда ўқиганда болада бу масала сезилиши керак эмас. Шу жиҳатдан ушбу хайрли ишни давом эттириш соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш, айниқса, эҳтиёжманд оилалар фарзандларини қўллаб-қувватлашнинг яна бир ҳаётий кўриниши бўлади.

Шу боис бошланғич синф ўқувчилари учун бепул нонушта ёки тушлик амалиётининг бошқа ҳудудларда ҳам жорий этилиши, айниқса, вилоятимиз аҳли, партиямиз электорати учун яхши янгилик бўлди. Маълумки, бошланғич таълим бу асос, кейинги босқичдаги ҳар қандай таълимнинг пойдевори ҳисобланади. Кейинги пайтларда бошланғич таълимда амалга оширилаётган ислоҳотлардан ҳам кўриниб турибдики, болага қанча кичик ёшдан инвестиция йўналтирилса, бу ҳаётда шунча кўп самара беради.

Агар пойдевор бақувват бўлса, иморат мустаҳкам бўлади. Шундай экан, бола аввало соғлом бўлиб вояга етиши керак. Етарлича микроэлементлар ва бошқа зарур воситаларни олиши керакки, унинг онги ва организми соғлом ривожлансин. Ана шунда болалар янада яхши ўқийди.

Бошланғич синфни битирганда дунёнинг кўплаб мамлакатларида эгро эгма, яъни ўқиб тушуниш ҳамда математикани қанчалар ўргангани текширилади. Бунинг учун эса юқорида айтилганидек, бола соғлом бўлиши лозим. Шу боис бошланғич синфдаги барча болалар бепул нонушта билан таъминланиши албатта, қувонарли.

Вилоятимизда 1173 та умумий ўрта таълим мактаби бор. Ўқувчилар сони 641 минг нафарни ташкил этади. Шулардан 262 минг нафари 1-4 синфларда ўқийди. Хайрли ишнинг давом эттирилиши эса шунча болажоннинг соғлом фикрли, ақл-салоҳиятли бўлиб вояга етишлари учун яна бир яхши шароит таъминланади, деганидир.

Биргина Яккабоғ туманидаги энг олис ҳудуд – “Татар” маҳалласидаги 76-сонли мактабни олайлик. Муассасанинг бошланғич синфларида 122 нафар ўқувчи таълим олади. Давлатимиз раҳбари таклифи ана шундай олис ҳудудлардаги кичик мактаблар учун ҳам катта амалий ёрдам бўлади.

Бир сўз билан айтганда, юртимизда ҳар бир фуқаро, айниқса, фарзандларимиз ҳамиша давлатимиз ва ҳукуматимизнинг эътиборидадир.

 

Музаффар ТУРОПОВ,

Ўзбекистон ХДП Қашқадарё вилоят кенгаши раиси ўринбосари.

«Ўзбекистон овози», 21.12.2022, №51

 

 

 

 

Теглар

Депутат Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш