Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси мамлакатимиз сиёсий ҳаётидаги энг муҳим воқеа. 2017 йилдан буён анъанага айланган бу тадбирда тугаётган йилдаги асосий кўрсаткичлар, янги йилга мўлжалланган мақсад ва вазифалар эълон қилинди.
Албатта, бу галги Мурожаатнома ҳам халкимиз томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди. Айниқса, 2023 йилнинг «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили» деб эълон қилиниши келгуси йилда ҳам инсонларнинг муносиб ҳаёт кечиришлари учун қулай шароитлар яратишни назарда тутади.
Шунингдек, Мурожаатномада мамлакатимизни ривожлантириш, иқтисодиётни янги босқичга чиқариш, инвестицияларни фаол жалб қилиш ҳамда энг асосийси, ижтимоий соҳани қўллаб қувватлашга қаратилган 6 та асосий устувор йўналишлар айтиб ўтилди.
Биз Янги Ўзбекистонни “Ижтимоий давлат” тамойили асосида қуришни мақсад қилар эканмиз, буни Конституцияда мустаҳкамлашимиз кераклиги таъкидланди.
Ижтимоий давлат бу, энг аввало, инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш учун тенг имкониятлар, одамлар муносиб ҳаёт кечиришига зарур шароитлар яратиш, камбағалликни қисқартириш, демакдир.
Биринчи навбатда, эътибор Янги Ўзбекистон учун энг катта инвестиция бўлган таълимни қўллаб-қувватлашга қаратилиши таъкидланди.
Ўқитувчиларнинг мақомини, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишни Конституцияда алоҳида белгилаш зарурлиги қайд этилди.
Келаси йилдан бошланғич синфларда мутлақо янги методика асосида яратилган дарсликлар бўйича ўқитиш йўлга қўйилади. 2023 йилдан мактаб таълимининг халқаро таълим дастурлари асосида бутунлай ислоҳ қилиниши ҳамда 70 та янги мактаб қурилиши ва 460 та мактаб кенгайтирилади. Хусусий инвестициялар иштирокида 100 та мактаб қуриш лойиҳалари бошланади, келаси беш йилда уларнинг сони мингтага етказилади.
Шу билан бирга, йил бошидан Қорақалпоғистон ва Хоразмда 285 минг нафар бошланғич синф ўқувчилари учун бепул овқатланиш йўлга қўйилган. Келаси ўқув йилидан мазкур амалиёт қолган вилоятлар ва Тошкент шаҳри мактабларида ҳам жорий этилади ва бунинг учун 2,3 триллион сўм ажратилиши Юртбошимизнинг фарзандларимизга оталарча меҳридан далолат беради.
Шунингдек, мактаб битирувчиларининг 50 фоизи меҳнат бозорига ҳеч қандай касбга эга бўлмасдан кириб келаётгани, шу боис, 700 дан ортиқ касб-ҳунар мактаби, коллеж ва техникумлар имкониятидан самарали фойдаланиш зарурлиги, шу мақсадда 2023 йилдан ҳар бир вилоятда 1 тадан техникумда Европа касбий таълим стандартлари жорий этилади.
Шу билан бирга Президентимиз соғлиқни сақлаш тизимида ҳам қатор ўзгаришлар бўлишини, яъни келаси икки йилда ҳар бир оилавий поликлиника ва шифокор пунктига энг керакли ускуна ва жиҳозлар етказиб берилади, экспресс лабораториялар тўлиқ янгиланади.
Кейинги йили қўшимча 140 та оилавий шифокор пункти ва поликлиникалари, 520 та олис ва чекка маҳаллада ихчам тиббиёт пунктлари ташкил этилади.
Шу билан бирга, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича уч йиллик катта дастур амалга оширилади. Барча туғуруқ комплекслари тўлиқ таъмирланади ва жиҳозланади, ўринлар сони 35 фоизга кўпайтирилади.
Мурожаатномада амалга оширилиши кўзда тутилган дастурлар ва мақсадлар юртимизнинг янада ривожланишига, халқимизнинг фаровон яшашига, ёшларимизнинг билимли ва ўз соҳасининг етук мутахассислари бўлиб етишишларига хизмат қилди.
Дилбар МАМАДЖАНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.
«Ўзбекистон овози», 21.12.2022, №51