19 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлиси соат 17.00 да бошланиб, тахминан 3 соат давом этди. Ялпи мажлис одатдагидан кечроқ бошланганига қарамай, бу галги йиғилишни кузатувчилар ҳар доимгидан кўпроқ бўлди. Давлат бюджети қандай муҳокама этилиши, депутатлар билан вазирликлар мунозарасига қизиқувчилар кўпаяётгани яхши, албатта.
Дастлаб кун тартибида кўрилган масала 2023 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси бўлди. Кун тартибидаги масала юзасидан маърузани молия вазири Тимур Ишметов ўқиб эшиттирди.
Таъкидланганидек, қонун лойиҳаси ва Бюджетномада ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръати 5,3 фоиз миқдорда бўлиши назарда тутилмоқда (2022 йилда эса 5,7 фоиз бўлиши кутилмоқда). Хусусан, саноат ишлаб чиқариш ҳажми 5,1 фоиз, қурилиш 6,0 фоиз, қишлоқ хўжалиги 3,5 фоиз, хизматлар соҳаси 6,7 фоизга ортиши кутилмоқда. 2023 йилда мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти 1068,0 триллион сўмни, Давлат бюджети даромадлари 232,1 триллион сўм ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 21,7 фоиз даражасида бўлиши кутилмоқда. Қонун лойиҳаси билан 2023 йилдан бошлаб консолидациялашган бюджет тақчиллигининг чекланган микдори ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3 фоиздан ошмаслиги белгиланмоқда. Давлат бюджетининг харажатлари (давлат мақсадли жамғармаларига ажратиладиган трансфертлар билан бирга) 257,7 триллион сўмни, ялпи ички маҳсулотга нисбатан 24,1 фоизни ёки 2022 йил кутилаётган ижрога нисбатан 18,9 трлн. сўмга ортиши прогноз қилинмоқда. Эътиборлиси, шу маблағнинг 130 триллиони ижтимоий соҳага ажратилиши кўзда тутилмоқда.
Қайд этилганидек, бюджет ҳисобдорлигини ошириш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан вазирлик ва идораларнинг улар учун ажратилган бюджет маблағларидан фойдаланиш юзасидан даврий ҳисоботларини эшитиб бориш тартибини жорий қилиш назарда тутилмоқда.
Мажлисда бош молиявий ҳужжат лойиҳаси қизғин муҳокама қилиниб, парламент вакилларининг берган саволларига молия вазири, тегишли вазирлик ва идораларнинг масъуллари атрофлича жавоб қайтарди.
Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси Қизилгул Қосимова Ҳисоб палатасига асосланиб, 2022 йил сентябрь ҳолатига кўра республикада 806 та поликлиникада электрон поликлиника тизими жорий қилинмагани ва бу жараён 2018 йилда бошланган ва ҳалигача амалга оширилмаганига изоҳ сўради. Соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев рақамлаштириш масаласини «енгилроқ» иш деб ўйлаганини ва буни амалга ошириш учун инфраструктура билан муаммолар борлигини, биринчи навбатда интернетни олиб бориш ишлари амалга оширилаётганини айтиб ўтди.
Қизғин баҳс-мунозара ва савол-жавоблардан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.
Шунингдек, иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири, Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоровнинг маълум қилишича, келгуси йилдаги асосий мақсадлардан бири инфляцияни жиловлашдир. Бу йил инфляция 12 фоиздан юқори экани ва келгуси йил бу кўрсатгични 10 фоиздан пастроқ бўлишини таъминлаш кўзда тутилаётгани таъкидланди.
Мажлисдаги навбатдаги масала 2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисидаги қонунга ўзгартишлар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси бўлди. Унга мувофиқ, якунланаётган 2022 йил учун бюджетдан қўшимча 2 трлн. 36 млрд. сўм маблағ ажратиш кўзда тутилмоқда.
Маблағнинг 1 триллиони Молия вазирлигига, ҳудудлардаги йўл қурилиши, ичимлик суви, электр энергия, газ таъминотларини яхшилашга сарфланиши кўзда тутилган. 407 млрд. мактабгача таълим соҳасига, 405 млрд. Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигига ва Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига экспорт қилинаётган мамлакатларда маҳаллий автомобил корхоналари томонидан тўланадиган транспорт харажатларини қоплаш учун 224,5 млрд. сўм ажратиш кўзда тутилган.
Бу масала бўйича тортишувлар бўлди, айрим саволлар жавобсиз қолгандек туюлди. Барибир, депутатлар қонун лойиҳасини қабул қилди...
... Қонунчилик палатаси фаолиятини кузатиб борадиган кишида битта фикр пайдо бўлади. Парламентнинг қонун лойиҳасига масъул этиб белгиланган қўмита аъзолари қонун лойиҳасига эътироз билдирган депутатлардан лойиҳани қаттиқ ҳимоя қилади. Тўғри, лойиҳани ўтказиш муҳимдир. Лекин мақсад лойиҳадан қутулиш эмас, уни маромига етказиш эмасми? Бироз тушунарсиз ҳолатга ўхшайди.
Аҳмад ҚУРБОНОВ,
«Ўзбекистон овози» мухбири.
«Ўзбекистон овози», 21.12.2022, №51