Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
“Йўл ҳаракатини ташкил этиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама этилди. Қонун лойиҳаси фракция аъзолари томонидан дастлабки тарзда қўллаб-қувватланган эди. Иккинчи ўқишгача жараёнда қонун лойиҳаси такомиллаштирилиб, таклиф ва мулоҳазалар ҳисобга олинган.
Мамлакатмизда автомобиллар сони, юк ва йўловчи ташиш ҳажмининг кескин ошиб бориши республикамизнинг асосий транспорт тури ҳисобланган автомобиль транспортининг коммуникация тармоғи бўлган автомобиль йўлларини, йўл инфратузилмасини ривожлантиришни тақозо этмоқда.
Бугунги кундаги йўлларнинг ҳолати ўсиб бораётган транспорт воситаларининг тирбандликларсиз ҳаракатланишини таъминлашга жавоб бермайди, йўл ҳаракати иштирокчилари бўлган транспорт воситалари йўловчилари, пиёда ва велосипед хайдовчилар учун йўл ҳаракатини ташкил этиш тўғри ва тизимли йўлга қўйилмаган.
Қонун лойиҳаси билан йўл ҳаракатини ташкил этиш бўйича фаолиятни амалга ошириш учун масъул тузилмалар институтини шакллантириш, йўл ҳаракатини замонавий талаблар асосида ривожлантириш масалалари самарали ечим топиши кутилмоқда.
Фракция аъзолари айрим саволларига жавоб олганидан кейин қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлади.
Депутатлар Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда муҳокама қилди.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари билан 2022 йил 1 январдан бошлаб тадбиркорлик субъектларидан тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома маълумотларини талаб қилиш ҳамда 2022 йил 1 июлдан тадбиркорлик субъектларининг бўш турган бинолар, фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари, яшаш учун мўлжалланмаган иншоотлар, шунингдек, тугалланмаган қурилиш объектларига (фойдаланилмаётган объектлар) ҳамда ушбу объектлар билан банд бўлган ер участкаларига нисбатан мол-мулк солиғи ва ер солиғининг оширилган ставкаларини қўллаш, солиқ имтиёзлари ва преференцияларнинг амал қилишини тўхтатиш тартиби бекор қилинди.
Бизнес учун қулай шарт-шароитлар яратилганлиги муносабати билан Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш зарурати юзага келган. Депутатлар лойиҳани муҳокама қилар экан, юртимизда тадбиркорлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётган бир шароитда қонунчилик ҳужжатларини ҳам такомиллаштириш муҳимлигига эътибор қаратди.
Шунинг билан бирга, бўш турган бино ва иншоотлардан фойдаланиш бўйича самарали механизмларни жорий этиш чораларини кўриш, барча ресурсларнинг ижтимоий фойдалилигини ошириш зарурлиги таъкидланди. Чунки, бино ва иншоотларнинг тўлиқ ишлатилиши иқтисодий натижадорликка, янги иш ўринлари яратилишига хизмат қилади. Бу Халқ демократик партиясининг дастурий мақсадларига мос келади.
Ушбу қонун солиқ тизимини такомиллаштириш ҳамда шу асосда бизнес муҳитини яхшилаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий базасини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Депутатлар лойиҳани концептуал жиҳатдан маъқуллади.
Йиғилишда, шунингдек, солиқ ва бюджет сиёсатининг 2023 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида қонун лойиҳаси ҳам биринчи ўқишда муҳокама қилинди.
Қонун лойиҳаси Солиқ кодексининг амалдаги 54 та моддасига ўзгартириш ва қўшимчалар, 2 та янги моддани киритиш ва битта бобнинг чиқариб ташланишини назарда тутувчи 6 та моддадан иборат. Бундан ташқари, Божхона кодекси ва “Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида”ги қонунига ўзгартиришлар киритилмоқда.
2023 йилга мўлжалланган Давлат бюджети ижтимоий йўналтирилганлиги, халқимизнинг турмуш шароитини янада яхшилаш билан боғлиқ жуда муҳим лойиҳаларни молиялаштириш назарда тутилган. Фракция аъзолари қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлаш партия электорати манфаатларига хизмат қилишини қайд этишди. Шуни ҳисобга олиб, қонун лойиҳаси маъқулланди.