“Аввал – инсон, кейин – жамият ва давлат”

 

Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган мурожаатномаси ҳақиқатдан ҳам тарихий воқелик бўлди десам янглишмаган бўламан. Мурожаатномада мамлакатимиз тараққиётини янги поғонага олиб чиқиш учун бошқарув ҳам, қонунчилик ҳам, жамиятимиз ҳам ўзгариши кераклиги, шу боис, “Аввал – инсон, кейин – жамият ва давлат” деган ғояни Конституциямиз ва қонунларимизга ҳам, кундалик ҳаётимизга ҳам чуқур сингдиришимиз кераклигига эътибор қаратилди.

Ҳозирги кундаги жиддий синовлар ва башорат қилиб бўлмайдиган хавф-хатарларни енгиб ўтишга қодир бўлган миллий давлатчилигимиз асосларини мустаҳкамлашимиз зарурлигига, шуларни эътиборга олган ҳолда, Асосий қонунимизни такомиллаштириш ишларини давом эттиришимиз лозимлиги таъкидланди. “Жамият – ислоҳотлар ташаббускори” тамойили асосида барча масалалар бўйича халқимиз билан бамаслаҳат иш тутилади. 2023 йилда сув таъминоти яхши бўлган 100 минг гектар қўшимча экин майдонларини аҳолига ажратиш ҳисобидан қарийб 350 мингта янги деҳқон хўжалиги ташкил этилади. Юртбошимиз айтганидек, агар жами 750 мингта янги деҳқон хўжалигини тадбиркорга, ер эгасига айлантира олсак, қишлоқда жуда кўп ижтимоий муаммолар, аввало, ишсизлик ва камбағаллик масаласи ечилади. Маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш, бандликни таъминлаш мақсадида бошланган ижобий тажриба давом эттирилиб, деҳқон хўжаликлари ташкил этиш учун қўшимча 100 минг гектардан ортиқ ер аҳолига тарқатилиши эса миллионлаб қалбларда эртанги кунга бўлган умид ва ишончни янада мустаҳкамлади.

Кейинги йилларда мамлакатимизда соғлиқни сақлаш соҳаси кун сайин ривожланиб, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янги босқичга кўтариш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Тизимни тубдан яхшилаш бўйича давлат раҳбарининг қатор фармон ва қарорлари қабул қилиниб, халқимизнинг соғлом ва узоқ умр кечиришини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Натижада сўнгги беш-олти йилда тиббиёт соҳасида мисли кўрилмаган ютуқларга эришилди. Бу саъй-ҳаракатлар асносида бугун юртимиз тиббиётидаги ижобий ўзгариш ва янгиланишларни мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси ўз ҳаётида, турмуш тарзида чуқур ҳис этаётир. Лекин замон ўзгаргани, ривожлангани сари ушбу йўналишда ҳам янги ислоҳотларга қўл уриш эҳтиёжи сезиляпти. Халқимизнинг малакали ва сифатли тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятлари янада кенгайтирилишини айтиб, бепул тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажми қонун билан белгиланиши, ажратилаётган маблағлар ҳар бир беморга етиб бориши учун давлат тиббий суғуртасига ўтиш тезлаштирилишини қайд этди.

Келгуси йили бу тизим Тошкент шаҳрида бошланиб, босқичма-босқич бошқа ҳудудларда ҳам жорий қилинади. Соғлом овқатланиш рационига доир тавсиялар одамларга етказилмаётгани, турли ёшдаги кишилар учун жисмоний машқларни ўргатиш ишлари йўқлиги боис, “Тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзи” янги умуммиллий ҳаракати маҳалладан бошланади.

Мурожаатномада давлатимиз раҳбари аҳолининг муносиб ҳаёт кечириши ва уй-жойга эга бўлиши учун келаси йили тажриба-синов тариқасида Тошкент вилоятида “Менинг биринчи уйим” янги ипотека дастури амалга оширилишини маълум қилди. Дастур доирасида биринчи навбатда турар-жойга эҳтиёжи бор ҳамда ёш оилалар учун энг қулай шартлар асосида уй-жойлар қурилади деди давлат раҳбари.

Президентимиз мактаб битирувчиларининг 50 фоизи меҳнат бозорига ҳеч қандай касбга эга бўлмасдан кириб келаётгани ҳаммамизни ўйлантириши кераклиги, 700 дан ортиқ касб-ҳунар мактаби, коллеж ва техникумлар имкониятидан самарали фойдаланиш зарурлиги ҳақида айтиб ўтдилар. Шундан келиб чиқиб, 2023 йилдан бошлаб янги дастур амалга оширилади. Ҳар бир вилоятда 1 тадан техникумда Европа касбий таълим стандартлари жорий этилади. Келгуси беш йилда барча коллеж ва техникумлар ушбу тизим билан қамраб олинади.

Президентимиз нутқида зикр этилган ташаббуслар мамлакат ривожланишида муҳим аҳамият касб этиб, кўплаб соҳаларни қамраб олади. Қолаверса, қайси соҳа тилга олинмасин, албатта, кенг таҳлил, муаммолар, уларни ҳал қилиш йўллари ва аниқ вазифалар белгилаб берилиши билан диққат-эътиборимни тортди. Ўзбекистон раҳбарининг халқимизни ўйлантириб келаётган энергетика соҳасига қаратган эътибори, тизимдаги муаммолар, уларни ечиш ва муқобил энергияни ривожлантириш борасидаги фикрлари ҳаммамизни мамнун қилди. Мурожаатда кўтарилган устувор вазифалар ижросини таъминлашда партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмаларининг олдида ўз ваколат доирасида амалга оширилиши лозим бўлган бир қатор муҳим вазифалар турибди.

 

Боймурод Юсупов,

ЎзХДП Марказий Кенгаши Бошқарма бошлиғи.

 

 

 

 

Теглар

Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш