Янги Ўзбекистон «ижтимоий давлат» тамойили асосида қурилади

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгашида давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган мурожаатномаси мазмун-моҳиятига бағишланган амалий тадбир бўлиб ўтди.

ХДП Марказий Кенгаши масъул ходимлари, партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, минтақавий партия Кенгашлари раислари ва масъул ходимлари, ёшлар ва хотин-қизлар иштирок этган тадбирни Марказий Кенгаш раиси ўринбосари, ХДП фракцияси аъзоси Шарипов Фирдавс Холназарович очиб берди. Ф. Шарипов ўз сўзида мамлакатнинг сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий ҳаётида ўзига хос воқеликка айланган мурожаатноманинг энг муҳим жиҳатларига тўхталиб ўтди.

2023 йилга «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили» деб ном берилиши,  Янги Ўзбекистонни «ижтимоий давлат» тамойили асосида қуришни мақсад қилингани инсон қадри улуғланаётганидан далолат эканлиги таъкидланди. Шу боис, биринчи навбатда, эътибор Янги Ўзбекистон учун энг катта инвестиция бўлган таълимни қўллаб-қувватлашга қаратилмоқда. Йиғилишда бу йил тарихимизда илк бор пенсия ва ижтимоий нафақалар миқдори минимал истеъмол харажатларидан кам бўлмаган даражага олиб чиқилгани, мисол учун, 2017 йилда кам таъминланган 500 минг оила ижтимоий ёрдам олган бўлса, бугунга келиб 2 миллиондан ортиқ оилаларга кўмак берилгани, ажратилаётган маблағлар эса, 7 баробар кўпайтирилиб, йилига 11 триллион сўмга етганига урғу берилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Қизилгул Қосимова мурожаатнома мазмун-моҳияти ҳақида гапирар экан, тиббиёт соҳасини ривожлантириш учун белгилаб берилган вазифаларни алоҳида эътирофга лойиқлигини таъкидлади. Янги йилда қўшимча 140 та оилавий шифокор пункти ва поликлиникалари, 520 та олис ва чекка маҳаллада ихчам тиббиёт пунктлари ташкил этилади.  Шу билан бирга, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича уч йиллик катта дастур амалга оширилади. Барча туғруқ комплекслари тўлиқ таъмирланади ва жиҳозланади, ўринлар сони 35 фоизга кўпайтирилади. Бундан ташқари, мамлакатимизда 15 мингга яқин онкологик беморлар нур ёрдамида даволанишга муҳтож. Шу боис, келгуси йилда Самарқанд, Фарғона ва Хоразмда, давлат-хусусий шериклик асосида Радиология марказларини ташкил этиш лойиҳалари бошланиши халқимиз саломатлиги йўлида қилинаётган амалий ишлардир – деди Қ. Қосимова.

Йиғилишда шунингдек, Мурожаатномада белгилаб берилган 6 та йўналиш бўйича 2023 йилдаги устувор вазифалар ҳақида батафсил фикр-мулоҳазалар билдирилди.

 

 

 

← Рўйхатга қайтиш