Эҳтирос ва демократия

 

Агар мамлакатни одамга қиёслаш мумкин бўлса, 2022 йилда Ўзбекистон анча ўсди. Халқаро майдонда каттароқ бўлиш учун муҳим қадамлар қўйди. Ўзбекистон катталашди, энди унга аввалги ўлчамлар тўғри келмайди, бундан кейин аввалги кичикроқ жойига қайта олмайди, олдинги кўйлакларини кия олмайди, қайсарлиги учун эмас, сиғмагани учун. Ҳамма соҳада.

Ўзбекистоннинг дунё кўзида катта, мулоҳазали, жиддий, шунинг билан бирга, самимий қиёфаси кўриниб, шахси шаклланиб боряпти, энди майдароқ, кулгулироқ кўрина олмайди.

Энди биз ҳам ўсишимиз, олдингига қараганда, катталашишимиз, вазминроқ, мулоҳазалироқ бўлишимиз керак. Ҳамма соҳада.

«Демократияга қарши энг яхши далил оддий сайловчи билан беш дақиқалик суҳбатдир». Уинстон Черчиллнинг бу гапи қанчалик аччиқ бўлмасин, шунчалик ҳақиқатдек туюлади.

Афсуски, бу масалада камчиликлар ҳали мумкин бўлганидан анча кўпроқдек. Ижтимоий тармоқлар, ОАВ, катта-кичик давраларда мулоҳазакорликдан кўра, ўзини эплолмайдиган эҳтирос, мақсадга етмай қоладиган ҳис-ҳаяжон кўпайиб кетаётгандек. Мақсад, унга етиш учун қатъият, эзгулик учун сабр-тоқат кам кўринади. Ижтимоий тармоқнинг машҳурлик, трендда бўлиш иштиёқида ёнган саноқсиз юлдузлари кузатувчилари, беғубор томошабинларни қаёққа тортаётганини ўйламайди. Ўйлашга вақти, сабр қилишга руҳий қуввати етишмайди, «ҳаммаси бирдан рўй берсин, ахир мен буни чин дилдан истаяпманку, виждонимга Худога ишонгандек ишоняпманку», деб ўйлайди.

Машҳурлик, мақтовга бурканиш оғуси ҳам таъсир қилар, эҳтимол.

Лекин ўзгартириш учун истакни улғайтириш, кўр-кўрона бошни ёриб олишдан, бошқаларни ҳам бошни ёриш учунгина чорлашдан ўзни асраш керак. Мулоҳаза, мақсад билан тўйинмаган эҳтирослар қанча кенг ва кўп тарқалса, шунча тез айнийди, бошқа – беғубор, лекин хавфли нарсага айланиб кетиши ҳам мумкин. У бир нарсани жуда истайди, лекин ифода усули уни бошқача одамдек кўрсатади. Жамиятда англанмаган эҳтирослар кўпайиши ҳар хил эҳтиёт чораларини кучайтиришга олиб келиши мумкин. Агар у 2016 йилга қайтарса, вақт машинасидек мўъжиза ҳам керак эмас. Эҳтиросларнинг орқага тортувчи хусусияти ҳам бўлади, чунки унинг томири кўпинча ўтмишдан сув ичади.

 

Мулоҳазали, мушоҳадали фаоллар кўпаймоқда, бу – жуда ажойиб. Аммо эҳтиросга тўлиб-тошганлар олдинги қаторларга ошуфталикда ёняпти. Улар оғир касалликларни «ҳа» дегунча даволайман, деган хосиятли табиблардек жозибали гўё. Узоқ йиллик дардни бир ухлаб тургунча даволаб бўлмайди. Фаоллар, сиёсатчилар хосиятли табиб эмас, мулоҳазали, сабрли шифокорга айланиши керак.

Хосиятли табиб бошида қанчалар улуғвор кўринмасин, уни яқинроқдан билганимиз сари у соддалашиб, майдароқлашиб кетаверади.

Сиёсат жуда мураккаб жараён. Оқ деб ўйлаганимиз қора, аксинча ўйлаганимиз эса оқ бўлиб чиқиши мумкин. Бу оламнинг сир-синоати кўп. Ўрганишда эҳтиросларини енга олган катта сиёсатчиларнинг фикрлари, хулосалари ёрдам беради, деган умиддамиз. Бугун Польшанинг 1995-2005 йиллардаги Президенти Александр Квасьневскийнинг «Сиёсатда ҳалоллик мумкинми?» сарлавҳали мақоласини шошилинчроқ таржима билан эътиборингизга ҳавола этамиз.

Ундаги таҳлил, фикр-мулоҳазалар шу кунларда жамиятимизда рўй бераётган воқеаларни кенгроқ тушунишга ёрдам бериши мумкин.

Сиёсатда ҳалоллик мумкинми?

Сиёсат ва ахлоқни бир-биридан алоҳида кўриб чиқмоқчи бўлганлар унисини ҳам, бунисини ҳам ҳеч қачон тушуна олмайди. Жан Жак Руссонинг шу фикрига қўшиламан. Aмалий сиёсий фаолият ҳалоллик тамойилларига мос келиши мумкингина эмас, шундай бўлиши зарур ҳам.

Лекин сиёсатчи учун ҳалоллик ёки инсофсизлик нима? Сиёсатчи умуман ҳалол бўлиши мумкинми?

Бу савол демократия асосларига тааллуқлидир. Сайловчилар сиёсатчиларга инсофсиз деб ишонмаса, антидемократик ҳаракатлар авж олади. Шунга қарамай, барча сиёсатчилар ноаниқлик ва муросага келиш одатда умуминсоний ҳақиқатлардан устун туришини билади. Баъзан сиз камроқ ёмонликни танлашингиз керак. Одатий одоб ва фазилат меъёрларимиз ҳар доим ҳам қўлланилмайди. Лекин бу сиёсатда фақат беадаблик ва иккиюзламачилик қадрланади, дегани эмас.

Масалан, «ноаниқлик шаҳзодаси» Талейранни (Шарль Морис де Талейран Перигор. 18-19 асрда яшаб ўтган, Франция давлатчилиги тарихида уддабуронлиги, моҳирлиги, ҳатто айёрлиги билан из қолдирган шахс) олайлик. У нафақат тез ўзгарадиган, балки ўз бошлиқларини бирин-кетин сотадиган номард сифатида ном чиқарган эди. Айтишларича, у ҳеч ким сотиб олишни истамагани учунгина ўз онасини сотмаган. Талейран Франция ҳукмдорларига мунтазам хиёнат қилган бўлиши мумкин, лекин ҳеч қачон Франциянинг ўзига хиёнат қилмаган.

Маълум бўлишича, сиёсий инсофсизлик турли шаклларда намоён бўлади. Келинг, турли хилларини кўриб чиқайлик. Бир тури – бошиданоқ номуссиз одам. Бундай одам ҳар қандай шароитда ҳам инсофсиз раҳбар, мафкурачи ёки дипломат бўлади.

Яна бир тур – яхши ниятли дилетант. Унинг қўпол ва нопрофессионал ҳаракатлари у ҳимоя қилмоқчи бўлган манфаатларга зарар етказади.

Бошқа томондан, сиёсатдаги ишқибозлар билганларидан зарарига фойдаланади. Улар моҳир, аммо шафқатсиз, камтарликдан маҳрум ва мулоҳазалардан қочишади. Ҳар қандай қиймат, хавф-хатарга қарамай, бошқаларга нима оқибат келтиришидан қатъий назар, мавж урган нафсини қондиришдек сиёсий ошуфталик ҳисси ишқибозларга анча яқин.

Сиёсий фанат ҳам инсофсиз, бироқ у барча ҳолатларда мутлақо ҳақ эканига ишончи билан кўр бўлиб қолган. Фанатик мослашувчанлик ва хотиржамликдан маҳрум, кучи кўп, лекин уни бошқара олмайди – йўлидаги ҳамма нарсани эзиб ташлашга тайёр.

Унинг акси бўлган сиёсий айёр шахс ҳам инсофсиз, чунки унга катта Жорж Буш «башорат», деган нарса етишмайди. У суяксиз, қатъиятсиз ва масъулиятга дуч келганда орқага чекинади.

Инсофсиз сиёсатчиларнинг аниқ ажратилган турларидан ташқари, кўпроқ одатий сиёсий арбоблар ҳам мавжуд. Улар ахлоқий тамойиллар сиёсий манфаатларга зид бўлса, ҳар доим «мақсад воситаларни оқлайди» тамойили билан мужассамланган прагматизмни устун қўяди.

Бошқа бир томонда ўта содда, утопик ва ахлоқий ёндашув ҳам бор. У ҳам инсофсиз. Унинг тарафдорлари сиёсатда қатъийлик ва мутлақ қадриятларнинг йўқлигини қоралайди ва маънавий тикланишга бўлган беҳуда чақириқларни айтиб юради.

Лекин ҳаммаси унчалик оддий эмас. Тарих содда ҳодиса сурати эмас, сиёсатчиларнинг таржимаи ҳоли авлиёларнинг ҳаётига ўхшамайди. Aжабланарлиси шундаки, агар ҳамма одам ҳалол бўлса, сиёсат керак эмасди.

Аммо бу ҳалол сиёсатчига дуч келганимизда, уни ажрата олмаймиз, дегани эмас. Иммануил Кант сиёсатчиларнинг икки турини таърифлаган. Сиёсий моралист сиёсатга бемаъни ўйин сифатида қарашига мувофиқ, ахлоқни шакллантиришга интилади. Бу таъриф юқорида тавсифланган инсофсиз сиёсатчиларнинг барчасига мос келади.

Иккинчи тур, Кантнинг фикрича, бемаъни прагматизмни рад этувчи, аммо содда ахлоққа тушмайдиган ахлоқий сиёсатчидир. Ҳалол сиёсатчи сиёсатга умумий манфаатлар воситаси сифатида қарайдиган инсондир. У содда эмас, сабр-тоқат, муросага келиш ва «оз нарсага рози бўлиш» сиёсати кўпинча зарурлигини билади. Бироқ, у шахсий мақсадларга интилиш йўлида юқори даражадаги мақсадни йўқотмайди.

Қисқаси, ҳалол сиёсатчи прагматик принципларга асосланади, ёқимсиз нарсаларни айтишга журъат этади, лекин ҳар доим масалага конструктив ёндашади. Масъулиятсиз танқид – муаммоларни фош қилиш ва уларни оммага эълон қилиш иштиёқи, мақбул ечим таклиф қилиш истаги йўқлиги. Бу сиёсатда инсофсизликнинг энг кенг тарқалган шаклидир.

Шунинг учун ҳам кўпинча сиёсий ҳалолликнинг энг яхши синови шахс ҳокимиятдалигида қандай бошқаришида кўринади. Демократик мамлакатларда, мухолифатда туриб бошқаларни танқид қиладиган сиёсатчилар ҳокимиятга келгандан кейин самарасиз бўлиб чиқса, сайловчилар кейинги овоз беришда уларни инсофсизлиги учун жазолаши мумкин ва кўпинча шундай қилишади.

Ҳалол сиёсатчи учун синов оғирлиги шундаки, у оммабоп бўлмаган, лекин тўғри ғояларни ҳимоя қилиши керак бўлади. Aйниқса, сайловлар арафасида бундай синовдан ўтганлар кам. Бироқ фақат инсофсиз сиёсатчигина сиёсат ва машҳурлик ўртасига тўлиқ тенглик белгисини қўяди.

Шу билан бирга, ахлоқий сиёсатчи ҳеч қачон умумий фаровонликни ёлғиз ўзи таъминлай олмайди. Сиёсатчилар давлат учун муҳим дақиқаларда бир-бирларининг тўғрилигини қўллаб-қувватласагина, ўзларининг сиёсий фарқлиликларидан баландроққа чиқа олишига амин бўлишлари мумкин.

Лекин сиёсий яхлитлик учун фақат сиёсатчиларгина жавобгар эмас. Жамоатчилик фикри ҳам ўз ролини ўйнаши керак. Шунинг учун бағрикенглик, ҳамжиҳатлик ва ҳар бир шахс учун тенг ҳуқуқлилик маданияти билан ажралиб турадиган жамиятларда сиёсий ҳалоллик ва ҳалол сиёсатчилар бўлиши эҳтимоли кўпроқ. Бундай заминда сиёсий фирибгарлар кун кўриши қийин.

Мен биринчи навбатда амалий сиёсатчиман. Шу боис, ҳеч қандай назария, таҳлил сиёсий танлов олдида турганда сиёсатчини ўзини-ўзи танқиддан, нима адолатли, нима нотўғри деган саволни ўзига беришдан озод қила олмаслигини биламан. Ҳалол сиёсатчигина юкни ўз ихтиёри билан елкасига ола олади.

 

project-syndicate.org сайтидан эркин таржима қилинди.

 

Тўлқин ТЎРАХОНОВ

тайёрлади.

«Ўзбекистон овози», 28.12.2022, №52

 

 

 

← Рўйхатга қайтиш