2022 йилдаги муҳим воқеа ва лойиҳалар: Муҳим қонунлар қабул қилдик

 

2022 йил кутилган ва кутилмаган воқеалар билан эсда қолмоқда. Қизғин бошланган йил аввалида оиламиз учун унутилмас кун бўлди. 22 январь куни еттинчи набирам дунёга келди. Қут-барака, шукроналик билан келган болакай барчамизга қувонч улашди.

Март ойига келиб эса бутун халқимиз, хусусан, тиббиёт ходимлари учун тарихий воқелик рўй берди. Давлат раҳбари Ўзбекистон тарихида илк маротаба тиббиёт вакиллари билан юзма-юз мулоқот қилди. Тизимдаги ислоҳотлар ҳамда ечимини кутаётган масалалар бўйича очиқ ўтказилган суҳбат чоғида кўплаб чора-тадбирлар белгиланди. Умуман, халқимиз саломатлигини тиклаш билан боғлиқ муҳим қарорлар қабул қилинди. Соҳада тизимли ўзгаришлар кузатилди ва буни мисоллар билан гапирсак, узоқ давом эттириш мумкин.

Қонун ижодкорлиги билан боғлиқ фаолиятимизда эса 2021 йилда Сенатдан рад этилган ва қайтарилган Алкоголь ва тамаки маҳсулотлари билан боғлиқ қонун лойиҳаси йил давомида қайта ишланди, муҳокама қилинди. Жамоатчилик, мутахассислар фикрлари асосида бойитилди, пишитилди. Сенат билан келишиш хулосаларини тайёрлаб, юқори палатага юбордик. Зеро, бу барча учун қизиқ бўлди. Унда инсон саломатлиги, хусусан, ёшлар ҳамда ўсмирлар ўртасида зарарли истеъмол воситалари қўлланилишининг олдини олишга хизмат қилиши билан аҳамиятли эди.

Яна бир қонун эса трансплантология тўғрисида бўлиб, бу инсон аъзоларини кўчириб ўтқазишда туб бурилишларга, халқимиз ҳаётини, соғлигини сақлаб қолишда муҳим қадам бўлди, деб айта оламан. Тўғриси, бу ишлар яна ҳам аввалроқ амалга оширилиши тарафдори эдим. Чунки инсон саломатлиги муҳофазаси билан боғлиқ масалани кечиктирмаслик керак.

Назорат-таҳлил йўналишида ҳам доимий ва тизимли ўрганишлар олиб борилди. Қон қуйиш, сил касалликлари, урология, гемотология каби қатор масалалар ҳудудлар кесимида ўрганилди. Йил давомида одамларнинг мурожаатлари асосида текширувлар ўтказилди. Дорихоналарда сотилаётган воситалар, препаратлар сифати, нархи ҳам назоратда бўлди.

Биласизми, бир нарсани тан олиб айтишим керак. Аввалига депутатлик фаолиятининг ичига кириб бора олмаётган эдим, назаримда. Шу сабабли дастлабки йилларда бу қадар самарали иш олиб бормагандим. Бу йил эса кўп нарсани тушуниб, англаб етдим. Яна бир ёшга улғайдик, тажриба орттирдик.

Тўғри, бой берилган имкониятлар ҳам йўқ эмас. Озгина кеч қолибман-да, улгармабман-да, деган андишалар бўлди. Бироқ улар ҳақида эслаш ёки афсусланишнинг фойдаси йўқ. Шунчаки, камчиликлардан тўғри хулоса чиқариб, олдинга ҳаракат қилиш керак. Изланиш, қўлдан келганича меҳнат қилиш барча хатоларнинг давоси, деб биламан. Зотан, инсон хатоларда тобланади, пишади, ўсади.

 

Қизилгул ҚОСИМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси.

«Ўзбекистон овози», 28.12.2022, №52

 

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш