2022 йилдаги муҳим воқеа ва лойиҳалар: Депутатлар ҳам жавобгар

 

Албатта, Янги йил арафасида ўтаётган йилда амалга оширилган ишларни сарҳисоб қилиш ўзига хос анъанага айланган. Шу маънода, ортга назар ташласак, жорий йилда юртимизда кўплаб ижобий ишлар амалга ошганини кўрамиз.

Бугун сиёсий партиялар ва уларнинг депутатлик корпусларига кенг ваколатлар берилмоқда. Аммо ижроия ҳокимият органлари томонидан қабул қилинган ижтимоий-иқтисодий дастурлар ижросини назорат қилиш, масъулларнинг ҳисоботларини эшитиш борасида ҳали-ҳануз сусткашликка йўл қўймоқдамиз. Бунинг кўзга кўринадиган ва кўринмайдиган сабаблари ҳам бор. Депутатлар, тегишли мутасаддиларга қайси йўналишда ёки ҳудудда иш яхши кетмаётганини кўрсатиши, камчиликлар бўйича жойига чиқиб, аҳоли фикрини ўрганиб, масалага биргаликда ечим топиши лозим.

Келгуси йилда маҳаллий Кенгашларда таълим соҳасига алоҳида эътибор беришимиз зарур. Айниқса, “Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони ижросини таъминлашда маҳаллий Кенгашлар депутатлари масъулияти яна бир карра ортиши керак.

Маълумки, мазкур Фармонга кўра, 2021 йил 1 январдан бошлаб умумтаълим муассасалари директорларини лавозимга тайинлаш тегишли халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари билан келишилган ҳолда амалга оширилиши тартиби жорий қилинди. Депутатлар мактаб директори лавозимига номзодларни танлов асосида танлайдилар. Мактабда таълим-тарбия тизимининг сифати ва самарадорлигини оширишда, ўқувчиларда замонавий билим ва кўникмаларни шакллантиришда асосий масъулият директор зиммасида. Директорликка лойиқлар орасидан муносибини танлаш депутатларга боғлиқ.

Демак, ўз-ўзидан кўринаяптики, ёшларни билим-маърифат эгалари, жисмоний ва маънавий соғлом инсонлар этиб тарбиялашда депутатлар ҳам таълим мутасаддилари каби бирдек жавобгар. Шунинг учун ҳам тарбия, таълим ва унинг сифати масаласида ҳаммамиз биргаликда ишлашимиз керак. Янги 2023 йилда таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог ходимлари нуфузини ошириш, уларнинг самарали фаолият юритиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш бўйича изчил чора-тадбирларни амалга ошириш маҳаллий Кенгашларнинг биринчи галдаги вазифаларидан бири бўлиб қолмоғи лозим.

 

Олим РАВШАНОВ,

ЎзХДП Қашқадарё вилоят кенгаши раиси,

халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари.

«Ўзбекистон овози», 28.12.2022, №52

 

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш