Таълимда ўқитувчининг кайфияти, дарс бериши ўзгарди

 

Юртимизда мактабгача таълим, ўрта ва олий таълим масалалари ҳар доимгидек, алоҳида эътиборда. Зеро, таълимга йўналтирилган сармоя — келажакка йўналтирилган сармоя демакдир. Давлатимиз раҳбари “Таълим сифатини ошириш – Янги Ўзбекистон тараққиётининг яккаю ягона тўғри йўлидир!” мавзусидаги замонавий дарсликлар кўргазмаси билан таниш чоғида таълим тизимига берилаётган эътибор, соҳадаги ютуқ ва камчиликларни яна бир бор таҳлил қилиш асносида ана шу ҳақиқатни яна бир бор тилга олдилар. Президентимиз Янги Ўзбекистондаги ташаббусларни, айниқса, таълим бўйича ислоҳотларни чекка ҳудудларга ҳам кириб боришга ҳаракат қилинаётгани ҳақида гапирди. “Охирги йилларда таълимда ўқитувчининг кайфияти, дарс бериши ўзгаргани ҳам адолатли ҳақиқат. Мен ўзим ҳам таълим берганман, биламан бу соҳани”, — деди Президентимиз.

Тан олиш керак, мустақиллик йилларида таълим сифати, мазмуни эътибордан ташқарида қолди, таълим муассасалари ўртасида рақобат муҳити яратилмади, илм-фан қадрсизланди, қоғозбозлик, ҳисоботбозлик авжига чиқди, ўқитувчиларнинг моддий таъминоти ва ижтимоий мақоми тушиб кетди. Натижада мактабларда ўқувчиларнинг ота-оналаридан мунтазам равишда қўшимча пул йиғиш билангина мактабни тартибга келтирдик.

Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, жамиятимизнинг барча соҳасида жадал ўзгаришлар амалга оширилаяпти, эркинлик, очиқлик, фикрлар хилма-хиллиги, қонун устуворлиги кундан кунга ривожланмоқда, жамиятни бошқарув фалсафаси тубдан ўзгармоқда, кишиларда ишонч руҳи пайдо бўла бошлади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг бевосита раҳбарлигида давлатнинг таълимга бўлган муносабати тубдан ўзгарди. Охирги бир неча йиллардан бери таълим соҳаси ходимларининг жамиятдаги мавқеи бутунлай ўзгарди, педагоглар маоши бир неча марта ошди ва яна ошади.

Таълим соҳасининг барча босқичларида катта ўзгаришлар юз берди, мактаб яна 11 йиллик тартибга ўтди, мактабгача таълим тизими янгидан яратилди, жуда ҳам кўп янги олий таълим муассасалари, шу жумладан хорижий давлатлар билан ҳамкорликда янгидан янги олий ўқув юртлари, уларнинг вилоятларда филиаллари очилмоқда, олий маълумот оламан деган ёшлар учун квоталар йилдан йилга кўпайяпти. Олий таълим тизимида ҳам кескин бурилиш юз берди. Сўнгги йилларда юртимиздаги олийгоҳлар сони 2,5 баробар кўпайиб, 198 тага етди, қамров даражаси 9 фоиздан 38 фоизга ошди.

Ўзбекистоннинг халқаро таълим рейтингларидаги позицияси қандай бўлишидан қатъий назар, тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлар халқаро экспертлар томонидан ижобий баҳоланмоқда. Ишонч билан тасдиқлаш мумкинки, Жаҳон банкининг умумий ўрта таълимни баҳолаш натижаларига кўра, 174 мамлакат ичида 474 балл билан 57-ўринни эгаллаган мамлакатда таълим сифати такомиллашиб, тизимни баҳолаш ва баҳолашни бошқариш салоҳияти халқаро стандартлар талаблари даражасида амалга оширилмоқда.

Таълим соҳасидаги ислоҳотлар мамлакатимизда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг узвий ва ҳал қилувчи йўналишларидан бири ҳисобланади. Юртимизнинг эртанги ривожи йўлида қандай чуқур ўйланган дастурлар тузилмасин, бу режаларни бажариш учун қандай моддий база ва имкониятлар яратилмасин, бунинг учун қандай кўп сармоя сафарбар этилмасин, уларнинг барчасини амалга оширадиган, рўёбга чиқарадиган куч бу юқори малакали мутахассислардир. Янги Ўзбекистонни барпо этиш, юксак иқтисодий тараққиётга эришиш ва аҳоли фаровонлигини таъминлаш каби пировард мақсадларга таълим соҳасини тубдан ўзгартирмасдан ва замонавий асосда қайта қурмасдан туриб эришиб бўлмайди.

Жамиятда ўқитувчи касбининг нуфузини ошириш, муаллимларнинг шароитларини яхшилаш ҳам 2023 йилдаги энг асосий вазифалардан бири бўлиши Президентимиз Мурожаатномасида ҳам ўз аксини топди.

Тан олиш керакки, мактаб остонасига илк қадам қўйганимизда қўлимизга қалам тутқазиб, алифбони ўргатган биринчи устозимиз сиймосини, унинг меҳнатини доимо миннатдорлик билан эслаймиз ва қалбимизда уларга нисбатан ҳурмат-эҳтиром ҳиссини туямиз. Инсоннинг дунёга келиши ва яхши ҳаёт кечириши учун моддий жиҳатдан ота-онанинг ҳиссаси катта бўлади. Лекин маънавий томондан баркамол бўлиши учун устозларнинг ўрни алоҳида. Инсоннинг икки дунёда саодатли бўлиши учун ҳам устозларнинг хизмати беқиёс. Устозлар маънавият осмонида мусаффо зиё таратиб турган йўлчи юлдузлар. Улар туфайли инсонлар тўғри йўлни топади ва жаҳолат зулматларидан омонлик қирғоғига етишади.

Зеро, XXI аср — юксак интеллектуал салоҳиятли, замонавий билим ва малакага эга, янгича дунёқараш ва мустақил фикрли мутахассислар асри. Бундай авлодни тарбиялашда устоз-муаллимларнинг хизмати беқиёс. Халқимиз ҳамиша устозларни эъзозлаб келган. “Устоз отангдек улуғ” деган ҳикматли нақл ҳам бежиз айтилмаган. Энди ана шу сўзларни қоғозда эмас, амалда қарор топтирадиган, ўқитувчи-муаллимнинг қадр-қимматини жойига қўядиган пайт келди. Шунинг учун ҳам Президентимиз ўқитувчиларнинг мақомини, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишни устувор мақсад сифатида такрор такрор таъкидламоқда.

Янги Ўзбекистондаги ислоҳотлар давомида ҳар бир соҳа вакилига, аниқроғи 665 мингдан зиёд педагогга алоҳида эътибор қаратилаяпти. Ўқитувчи обрўси буюк бўлган юртнинг бугуни ва келажаги ҳам буюк бўлади. Мақсад - таълим тизимини оёққа қўйиш. Бусиз ислоҳотлар амалга ошмайди. Буни битта вазирлик ёки агентлик ҳам қилолмайди. Бунга бутун халқ, жамият масъул.

Олдимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этиш мақсади турган экан, бунинг учун бизга замонавий илм ва унга ҳамоҳанг равишда тарбия керак. Бугунги ва эртанги кунимизни, ёшларимиз тақдирини ҳал қиладиган юксак малакали муаллим ва мураббийлар, профессор-ўқитувчилар, ҳақиқий зиёлилар қатламисиз бу ниятларга эришолмаймиз. Зеро, таълим ва тарбия, уларнинг уйғунлиги масаласи ҳар қандай жамият ривожининг устувор йўналиши саналади.

 

Муқаддас ЎРОЗАЛИЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш