Дори-дармонлар рекламаси тақиқланиши керак

 

Дорилар беморни даволашда асосий восита бўлиб, йигирманчи асрда анибиотиклар, антивирус воситалар, оғриқ қолдирувчи воситалар каби бир қатор дори гуруҳлари кашф этилиши аҳоли томонидан дори-дармон қабул қилинишини жиддий кўпайтирди. Дорилар касалликни даволаши, симптомларни юмшатиши ёки касаллик асоратланишини олдини олишга қаратилади. Айнан зарур дори, оптимал доза ва муддатга буюрилиши касалликни ўз вақтида бехатар даволашнинг асосидир.

Дори-дармонлар касалликни даволаш, саломатликни мустаҳкамлашда муҳум ўрин эгаллайди, уларни қўллашнинг энг биринчи ва асосий шарти дорилар хавфсиз бўлиши ва тўғри қўлланишидир. Инсон бемор бўлса, у дори-дармон олиш, уларнинг таъсири ва дориларни қўллаш тўғрисидаги ҳаққоний маълумот билан таъминланиш имкониятига эга бўлиши лозим. Соғлиқни сақлаш тизими ходимлари (врачлар ва фармацевтлар) дори-дармонларни тўғри қўлланилишини таъминлашда ҳал қилувчи ролни бажарадилар. 1994 йилда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан “Дори-дармонларни қўлланилиши тўғисида” йўриқнома эълон қилинган. Ушбу ҳужжат жиддий текширувлар асосида ишлаб чиқилган бўлиб, соғлиқни сақлаш тизими ва фармсаноат ўртасидаги муносабатларни, жумладан, саноатнинг турли реклама воситалари орқали беморларга дори-дармонлар ва даво муолажалари тайинланишига таъсири ҳақида. Бу таъсир даво усулининг холис тайинланмаслиги сабабли баъзида бемор соғлиғига зарар етказиши мумкин.

Асримиз бошидан бери теле ва радио орқали берилаётган кўрсатув ва эшиттиришларни дори-дармон ва турли даволаш тадбирлари рекламасисиз тасаввур қилмай қўйдик. У хоҳ оддий тумов бўлсин, хоҳ жиддий юрак ёки жигар хасталиги бўлсин, реклама орқали уни жуда осон даволаш тарғиб қилинади. Бундай реклама маҳсулотлари қанчалик ишончли ва врачга мурожаат қилмай мустақил даволаниш қандай натижа беради? Оммавий ахборот воситалари орқали тарқатилган маълумотни юз фоиз ҳақиқат, деб қабул қиладиган аҳолимизнинг катта қисми кеча-кундуз реклама қилинаётган дори-дармонлар ўз касалликларидан фориғ бўлиш учун энг яхши восита, деб биладилар. Бу ўринда хасталикнинг аниқ диагнози, айнан ушбу дорининг инсон организмига ножўя таъсири ҳақида кўпинча ўйлаб кўрилмайди.

Дори-дармонлар савдоси билан шуғулланувчи ташкилотлар ва реклама орқали келадиган катта даромадга қизиққан оммавий ахборот воситалари аҳолимизнинг тиббий савияси етарли эмаслигидан фойдаланиб, иқтибос ўринли бўлса, “соядаги ёки яширин” тиббий ёрдам тизимини ташкил этдилар, бу билан эса тиббиётнинг энг муҳим шарти бўлган “зарар етказма” тамойилини қўпол равишда бузмоқдалар. Бу эса аҳолининг соғлиғига тўғридан-тўғри жиддий хавф туғдиради.

Фарм компания янги дори маҳсулотини савдога чиқаришдан аввал ушбу препаратнинг самарали, сифатли ва хавфсизлиги ҳақида далилларни тақдим этиши лозим. Улар лаборатор, ҳайвонлар устида ўтказилган ва клиник текширувлар натижаларидан иборатдир. Энг йирик ва ишончли далил бу даволаниши лозим бўлган касалликка дучор бўлган беморларда ўтказилган рондомир текширувлар натижаларидир.

Агар дорихоналарда дори харид қилаётган инсонлар билан суҳбатлашсангиз, уларнинг кўпчилиги врач кўрсатмаси эмас, балки реклама орқали ҳар доим ҳам самарали бўлмаган дори сотиб олаётганига гувоҳ бўласиз. Кўпчиликни реклама қилинаётган препаратнинг мўъжизакор, яъни бир зумда иситмани тушириш, бош оғриғини ва тумовни кетказиш, йўталга барҳам бериш каби таъсири қизиқтиради. Афсуски, бундай даволаниш касалликни сурункали кўринишга ўтиши, оғирлашиши ва асоратланишига сабаб бўлади. Теле ва радиодастурларни мунтазам кузатиб борувчилар у ёки бу касаллик юзага келганда қандай дори қабул қилиниши ҳақида, афсуски, кўпинча нотўғри тасаввурга эга бўлмоқда. Рекламлар орқали ҳар қандай касалликни қисқа муддатда даволовчи дорилар тинмай тарғиб қилинмоқда. Фақат мутахассис врач белгилаши зарур бўлган касалликнинг тури ва даражаси, беморнинг ўзига хос бўлган хусусиятлари эътиборга олинмайди. Рекламалардан мақсад беморларни даволаш эмас, балки ушбу препаратларни ишлаб чиқиш учун сарф бўлган маблағларни бир неча карра кўпайтириб даромад олишга қаратилган.

Германия, Дания, Швейцария ва Бельгияда дори-дармонлар рекламаси тақиқланган. АҚШ ва Европа иттифоқи давлатларида дори воситалари рекламасини қонунчилик билан чеклаш чоралари кўрилмоқда. Европа иттифоқининг барча давлатларида рецепт билан сотилувчи препаратлар рекламаси тақиқланган. Канада давлатида ҳам теле ва радио орқали дорилар рекламасини тақиқлаш амалга киритилди. Ривожланган давлатларда янги дори воситаларини рўйхатдан ўтказиш талаблари кучайтирилмоқда, чунки Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, дориларнинг ножўя таъсиридаги ўлим ҳолатлари барча сабаблар орасида жароҳатлар, қон айланиш тизими касалликлари, онкологик касалликлар, пульмонологик касалликлардан сўнг бешинчи ўринни эгалламоқда.

Аҳолимиз саломатлигини ҳимоя қилиш, ўзини-ўзи даволаш оқибатида келиб чиқадиган оғир асоратлар жуда муҳим. Баъзида ўлим ҳолатларини олдини олиш мақсадида дори-дармонларнинг теле ва радио тармоқлари орқали рекламасини тақиқлаш, шунингдек, ЖССТ тавсиясига кўра, мутахассислар учун ташкил қилинадиган рекламаларда ҳам белгиланган стандартларга тўлиқ амал қилиш мақсадга мувофиқ.

Шу мақсадда “Реклама тўғрисида”ги қонунимизнинг 34-моддасига қўшимча киритиш, хусусан, Ўзбекистон Республикасида дори-дармонларни теле ва радиоканаллар орқали, жамоат жойларида, транспорт воситаларида, шунингдек, интернетда реклама қилиш тақиқланишини белгилаш таклиф этилади.

 

Мақсуда Ворисова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш