Йил бошидан, 4-6 январь кунлари сайлов округимда ижтимоий масалаларни ўрганиш, учрашувлар ўтказиш мақсадида Нарпай туманида бўлдик.
Мустақиллик, Дедан, Беклар, Гулистон, Бустон, Дўстлик ҳамда Қозикент маҳалла фуқаролар йиғинларида сайловчилар билан учрашувлар ўтказилди. Учрашувда ҳар бир маҳалладан 40 дан ортиқ аҳоли вакиллари иштирок этди.
Мулоқот жараёнида Президентимизнинг Олий Мажлисга ҳамда халқимизга Мурожаатномасининг мазмун-моҳияти, қонунчиликда бўлаётган ўзгаришлар тўғрисида маълумотлар берилди. Шунингдек, фуқароларнинг 30 га яқин мурожаат ва таклифлари ҳам тингланди. Электр энергияси, газ, ичимлик суви, ички йўллар, соғлиқни сақлаш, таълим, бандлик йўналишларида масалалар кўтарилди. Мурожаатларга ечим топиш бўйича тегишли тартибда иш юритилади. Ижтимоий масалалар туман ҳамда вилоят ташкилотларига тақдим этилиб, уларни ҳамкорликда қисқа муддатларда бартараф этиш чоралари белгиланди.
Ҳамкорлик ва ҳамжиҳатлик муаммоларни ҳал қилиш, амалий натижалар учун ишлашда жуда муҳим аҳамиятга эга. Айниқса, маҳаллий идора-ташкилотларда шу масалага алоҳида эътибор қаратиш зарур.
Шербек БЎРОНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.