Тиқилинчлар талабалар вақтини ўғирлаш ҳисобига ҳал қилинадими?

 

Жамоат транспорти, хусусан, метрода тиқилинчларнинг олдини олиш мақсадида жорий йил 11-январдан пойтахтимиздаги 31 та олий таълим муассасасида дарс бошланиши вақтлари одатдагидан 1,5 соат кейинги сурилиши ҳақида қарор қабул қилинди. Бир томондан бу қарорни тушуниш мумкин.

Лекин бошқа томондан бу тартиб ўқишдан кейин ишловчи талабалар, иккинчи сменада ўқийдиган талабалар учун қийинчилик туғдиради. Ёшларнинг манфаатлари ҳисобга олинмагани турли муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.

Тирбандликлар билан боғлиқ муаммолар нега энди айнан ёшлар, талабаларнинг вақтидан ўғирлаш ҳисобига ҳал этилиши керак? Ўқиш вақтини кўчириш ёшларни билим олишдан, фаол бўлишдан кечиктириши нима учун ҳисобга олинмаяпти? Бир нафар талаба эрталабдан 1.5 соат вақтини йўқотса, минг ёки 5 минг нафар талаба қанча вақт йўқотади?..

Бундай қарорлар талабаларнинг билим олиш сифатига, меҳнат қилиб тажриба орттиришига, даромад топишига халақит қилади. Олий таълим муассасаларида дарс бошланиши вақтлари кечиктирилиши билан бир муаммони ҳал қилгандек бўлиб, бошқа муаммоларни келтириб чиқаришдан қандай мантиқ кўзланганини тушуниш қийин.

Ундан кўра, йўловчилар оқими кўпаядиган вақтларда метро қатновлари оралиқ вақтини қисқартириш, автобус қатновларини кўпайтириш, умуман, жамоат транспорти тизимини йўловчиларга халақит қилмасдан, ўқиш вақтини кечиктирмасдан амалга ошириш ҳақида ўйлаш мақсадга мувофиқ бўларди.

 

Муҳсиддин Низомиддинов,

ЎзХДП Марказий Кенгаши “Истиқбол” ёшлар қаноти етакчиси.

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Ёшлар қаноти Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш