Ижтимоий ҳимоя учун қўшимча 1.5 триллион

 

Пенсия, иш ҳақи ва нафақаларнинг ошиб бориши мамлакатда турмуш даражасининг юқорилаши, одамларнинг рози бўлишида жуда муҳим аҳамиятга эга. Халқ демократик партияси ҳар доим шунинг тарафдори бўлиб, шунга интилиб келган. Шунинг учун парламентдаги фракциямиз «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонунни фаол қўллаб-қувватлади.

Ушбу қонунга мувофиқ, жорий йил 1 январдан пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун иш ҳақининг максимал миқдори пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг 10 баробаридан 12 баробарига оширилди. Бир қарашда оддий кўринган бу рақамнинг пенсия олувчилар учун катта аҳамияти бор.

Энди 352 минг нафар фуқаронинг пенсия миқдори қайта ҳисоб-китоб қилиниб, ўртача ойлик пенсия миқдори 400 минг сўмгача ошади. Бунинг учун Пенсия жамғармасидан қўшимча равишда тахминан 1,5 триллион сўмдан ортиқ маблағ сарфланиши маълум қилинган.

Халқ демократик партияси давлатнинг ижтимоий ҳимоя масаласига масъулиятли ёндашувини қўллаб-қувватлайди, янги тартиб бўйича пенсиялар тўғри ҳисобланишини депутатлик бирлашмалари орқали назорат қилади.

Пенсия, иш ҳақи ва нафақаларнинг ошиб бориши тамойили доимий бўлиши зарур.

 

 

 

Теглар

Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш