Миллий ўзлигимиз тимсоли

 

Мурожаатномадаги она тилимизга эътибор янада кучайтирилиши ҳақидаги фикрлар яна бир бор тил ҳақида мушоҳадага чорлади. Қўлимга қалам тутдим.

Дарҳақиқат, тил нафақат инсон ҳаётида, балки борлиқ олам учун энг зарур, ҳаётий мулоқот воситасидир. Табиатда қушу тошнинг ҳам, япроғу тоғнинг ҳам, дарёю ҳайвонот оламининг ҳам ўзаро мулоқотга кириша оладиган ўзига хос “тил”и, мулоқот воситаси бор.

Улуғ аллома Маҳмуд Кошғарий “Барча эзгуликлар тилдан бошланур”, деганларидек, одамзот қалбидаги жамики олижаноб фазилатлар она тилининг бетакрор мўъжизаси, сеҳри ва жозибаси билан камолга етади.

Мана, ўттиз йилдан ошди, дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили халқимизнинг жипслиги, маданияти, маънавиятининг асосий белгиси сифатида энг муқаддас тимсолларимиздан бирига айланди. Халқимиз тафаккурининг тиниқ кўзгуси бўлган бу бебаҳо хазинани асраб-авайлаш ва ривожлантириш бугунги кундаги энг шарафли вазифаларимиздан биридир.

Улуғ мутафаккир Мир Алишер Навоий бобомизнинг “Тилга эътибор – элга эътибор”, деган доно ўгитларига амал қилган ҳолда, юртимизда тил масаласида олиб борилаётган давлат сиёсати инсон қадрини улуғлашга қаратилган туб ислоҳотларимизга ҳар томонлама уйғун ва ҳамоҳангдир.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда ўзбек тилини ривожлантириш, унинг ҳаётимиздаги ўрни ва таъсирини ошириш борасида янги босқич бошланди, десак, айни ҳақиқат бўлади. Хусусан, 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни деб белгилангани унутилмас, тарихий воқеага айланди. Эндиликда ўз она тилини байрам қилиб шарафлайдиган хитой, испан, форс, рус, озарбайжон, турк, араб, итальянлар қаторида биз ҳам бу кунда қонуний байрам сифатида тантана қиламиз. Бу тарихий воқеа мамлакатимизда она тилига бўлган доимий эътибор ва ғамхўрликнинг изчил давоми бўлиб, тилимизни асраш, унинг поклиги ва ўзига хослигини сақлаш, янада бойитиш ва ривожлантириш йўлидаги энг муҳим қадамлардан бири сифатида қадрлидир.

Президентимизнинг Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармони бу борада долзарб характер касб этди, десак, янглишмаган бўламиз. Фармонга кўра, 2020–2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси ҳамда асосий йўналишлари тасдиқланган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 75-сессиясида иштирок этиб, минтақавий ва глобал аҳамиятга эга долзарб масалалар юзасидан ўз нуқтаи назарини ўзбек тилида аниқ ва теран ёритиб берди. Жаҳоннинг юксак минбарида янграган ўзбекона лутф ва мушоҳадалар нафақат юртдошларимиз, балки ер юзидаги ўзбек тилида сўзлашадиган 50 миллиондан ошиқ тилдошларимизнинг, шунингдек, ўзбек тили дўстларининг ғурурини сарбаланд қилди, фахр ва ифтихор туйғуларини уйғотди.

Тил ривожи ўз истеъмолчисининг меҳри, эътиборига бевосита боғлиқ. Бир қарашда қўпол кўринган бу фикр, афсуски, у ёки бу сабаблар билан шу даврга қадар инсоният тарихида 9 мингдан ортиқ тилнинг йўқолиб кетганлиги ҳақидаги манба билан асосланади.

Олимларнинг маълумотига кўра, қадимги юнон, оромий, лотин, санскрит, ведий, ассурий, қадимги форс тилларининг бугунги кунда истеъмолчилари йўқ. ЮНЕСКОнинг маълумотига кўра, бугунги кунда бир ҳафта ичида битта тилнинг йўқолиш хавфи мавжуд. Шу каби ҳозирги пайтда 357 тилдан бор-йўғи 50 нафар киши, 46 тилдан эса атиги бир киши фойдаланар экан. АҚШнинг Сиу ҳинд қабиласидан катоуба тилини биладиган энг сўнгги вакили 1996 йилда вафот этган. 1996-2000 йилларда ЮНЕСКО томонидан “Дунёда йўқолиш хавфида турган тиллар атласи” яратилиб, унда бугунги кунда Европада 50 та, Сибирда 40 та тил ҳамда энг хавфли ҳолатда турган Америка ва Австралия қитъаларида 1000 га яқин, Африка қитьасининг 1500 та тилларидан 600 таси йўқолиш арафасида экани, 250 таси ўлик тиллар қаторига кирганлиги айтилган.

Глобал масалалар таркибига кирган ушбу муаммони бартараф этиш мақсадида БМТ 1993 йилда Вена декларациясини қабул қилган. Ушбу декларациянинг 19-моддасида “барча миллат ва элатларнинг ўз миллий тилларидан фойдаланиш” ҳуқуқи мустаҳкамлаб қўйилди. Шунингдек, 2000 йили ЮНЕСКО томонидан 21 февраль – Халқаро она тили куни, деб эълон қилинди. Шу каби саъй-ҳаракатлар натижасида йўқолиш арафасида турган айрим тилларга қайта “ҳаёт" бахш этилди. Жумладан, Япониянинг Хоккайдо оролида ўтган асрнинг 80-йилларида бор-йўғи 8 киши сўзлашган айн тилининг истеъмолчилари бугун бир неча минг кишидан ошиб кетган...

Бугун глобаллашув жараёнлари тобора авж олиб бораётган бир паллада хорижий тилларни ўрганишга бўлган эҳтиёж ортмоқда. Аммо бу жараён асло ўз она тилига эътиборсизликка айланиб кетмаслиги лозим. Бу борада таълим муассасалари мутасаддилари ва ота-оналарнинг масъулияти алоҳида мавзу. Ўз она тилига, давлат тилига ҳурмат бу аввало, одамнинг ўзига, ота-онасига бўлган ҳурматдан бошланади. Барча инсоний ришталар она тили орқали ривожланади, такомиллашади. Биз буни ота-оналарга, ҳар бир оилага етказиб, тушунтириб беришимиз зарур.

 

Лола САОДАТОВА,

халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси, Маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилоят бўлими раҳбари.

«Ўзбекистон овози», 11.01.2022, №1

 

 

 

Теглар

Депутат Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш