Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Депутат ёрдамчиси институти жорий қилинган эди. Бугунги кунга келиб, ушбу институт депутатларнинг ўз сайловчилари билан тизимли ва самарали мулоқотини ташкил қилишга қаратилган парламентнинг муҳим бўғинига айланди. Депутат ёрдамчилари жойларда вужудга келаётган муаммоларни ўз вақтида аниқлаш, парламент ваколати доирасида уларни ҳал қилиш йўналишида эътиборга лойиқ ишларни амалга оширишмоқда. Айниқса, бугунги қаҳратон қиш кунларини беталофат ўтказиш борасида жойларда ташкил этилган ишларнинг устидан парламент назоратини амалга оширишда Депутат ёрдамчилари фаоллик кўрсатишмоқда.
Худди шундай фаол депутат ёрдамчиларидан бири Облоқул Холжигитов Самарқанд вилояти Жомбой туманида аҳолини газ ва электр билан таъмиланиш ҳолатини тизимли равишда ўрганиб бормоқда. Бунда туман ҳокимяти ҳузурида ташкил этилган куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш бўйича доимий штаб фаолиятига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Вужудга келаётган муаммоларни ҳал этиш юзасидан тегишлиги бўйича маҳаллий ҳокимиятга ҳамда Қонунчилик палатаси депутатига ўз вақтида мурожаат қилинмоқда.
Таъкидлаш лозимки, Жомбой туман ҳокимлиги ҳузурида ташкил этилган штаб кечаю-кундуз самарали фаолият олиб бормоқда. Штабда интернет тармоғи ва телефонлар узлуксиз ишлаб турибди, фуқароларнинг мурожаатлари бўйича муаммолар мутахасислар томонидан дарҳол бартараф этилмоқда, аномал совуқ оқибатида вужудга келиши мумкин бўлган вазият тўлиқ назоратга олинган.