Сайловга чақирув акцияси

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Наманган вилоят ва шаҳар кенгашлари томонидан вилоят мусиқали драма ва комедия театрида сайловчилар вакиллари ва депутатликка номзодлар иштирокида сайловга чақириқ акцияси доирасида навбатдаги тарғибот тадбири ўтказилди.

Ўз сайловолди платформасидаги мақсад ва ғояларни халқона усулда тарғиб этишга бағишланган тадбирни вилоят партия кенгашининг раиси Абдурашид Убайдуллаев кириш сўзи билан очди:

– Ўзбекистон Халқ демократик партияси қонунчилик ташаббуси ҳуқуқидан фаол фойдаланади, яшаш минимуми ва истеъмол саватчасини, улар асосида энг кам иш ҳақи, пенсия, стипендия, нафақалар миқдорини аниқлаш тартибини қонун билан мустаҳкамлашга интилади. Кам таъминланган оилалар, аҳолининг бошқа заиф қатламлари учун кундалик товар ва хизматлар, уй-жой коммунал хизматлар мақбуллигини таъминлаш йўлида курашади.

ЎзХДП учун тиббий хизматлар кўрсатиш, дори воситалари, протез-ортопедия воситалари каби тиббий-ижтимоий ёрдамларни имтиёзли берилишини такомиллаштириш ҳамда кам таъминланган оилаларнинг қобилиятли фарзандларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада кенгайтириш муҳим.

Ишсиз одамларни асосий ҳаётий эҳтиёжларга етадиган даражада ҳақ тўланадиган, барқарор иш ўрни билан таъминлаш партиямиз учун принципиал масаладир.

Азиз ҳамюртлар, 22 декабрь куни бўладиган сайловларда ЎзХДП номзодларига овоз беринг! –деди кенгаш раиси ўз сўзида.

Партиядан депутатликка номзодлар Музаффар Эсанов, Аҳмаджон Мавлянов, Хожиакбар Паттоевлар партия дастурий ғояларининг ҳаётийлиги ва уларни турмушга татбиқ этиш механизмлари хусусида тўхталишди.

Театр хонанда ва созандалари томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар иштирокчиларга кўтаринкилик бағишлади.

Сайловга чақирув акцияси доирасидаги ташвиқот тадбирлари давом этмоқда.

 

ЎзХДП Наманган вилоят кенгаши

Ахборот хизмати.

Теглар

Сайлов-2019
← Рўйхатга қайтиш