Тиббиётдаги ислоҳотларни жамоатчиликка етказишнинг шаффоф механизми яратилади

 

Бугунги кунда фақат соғлом халқ ва баркамол миллат буюк ишларга қодир бўлиши мумкинлиги кундек равшанлашмоқда. Шу боис, кейинги йилларда мамлакатимизда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янги босқичга кўтариш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.

Тизимни тубдан яхшилаш бўйича Президентимизнинг қатор фармон ва қарорлари қабул қилинди. Айниқса, бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатишнинг замонавий тизимини шакллантириш, касалликларни профилактика қилиш ва барвақт аниқлаш, соҳага янги бошқарувни жорий қилишга қаратилган ишлар натижасида тиббиёт тизимида ижобий ўзгаришлар кузатилди.

Бундай натижаларга сўнгги йилларда хорижий тажриба асосида бу соҳада катта ишлар қилингани, аввало, тиббиётга ажратилаётган маблағлар ҳажми кескин оширилгани, ўтган олти йилда соғлиқни сақлаш тизимини яхшилаш учун халқаро молия ташкилотларидан кўплаб маблағлар жалб этилгани туфайли эришдик.

Бир пайтлар минглаб юртдошларимиз даво истаб чет элларга боришга мажбур эди. Соғлиқни сақлаш соҳасида олиб борилган изчил ислоҳотлар ҳамда юртимизда яратилган имкониятлар туфайли бундай мураккаб, қиммат операцияларнинг кўпи мамлакатимизда амалга оширилмоқда. Бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

Очиғи, ҳозир бундай миқёсдаги ишлар кўламини хаёлга сиғдириш қийин. Бугун тиббиёт соҳасидаги ижобий ўзгариш ва янгиланишларни юртимизнинг ҳар бир фуқароси ўз ҳаётида, турмуш тарзида чуқур ҳис этмоқда. Бу ютуқлар эса барчамизни қувонтиради.

Аммо халқимизнинг бирламчи тизим бўйича талабини қондириш учун бунинг ўзи етарли эмас ва ушбу йўналишда ҳали қилиниши керак бўлган ишлар ҳам кўп.

Сабаби бугунги давр соҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг самарадорлиги ва натижадорлигини таъминлаш, бу борадаги ишларни аҳоли ва кенг жамоатчиликка етказишнинг шаффоф механизмини яратиш юзасидан тиббиёт тизими раҳбарларининг жамоатчилик олдида мунтазам ҳисоботларини эшитиш ва муҳокама қилиб бориш тартибини жорий этишни тақазо этмоқда.

Қуйи палатанинг навбатдаги мажлисида кўриб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига тиббиёт тизими раҳбарларининг жамоатчилик олдида ҳисобот бериш тизимини жорий этишга қаратилган ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасида айни шу масалалар ўз ифодасини топаётгани аҳамиятлидир.

Айтиш жоизки, ушбу қонун лойиҳасини ишлаб чиқишдан мақсад — аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатишнинг сифати, самарадорлиги ва оммабоплигини ошириш, тиббиёт ходимларининг жамиятдаги ўрни ва мақомини кучайтириш, соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаришдан иборат.

Мазкур ҳужжатда халқ депутатлари Кенгаши Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳудудий бўлинмалари раҳбарларининг ҳисоботини эшитиши, соғлиқни сақлаш бошқармалари бошлиқлари ҳар ярим йиллик якунлари бўйича тегишли халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига ҳисобот тақдим этиб бориши назарда тутилмоқда.

Шунингдек, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги қонунга ҳам ўзгартишлар киритилиб, фуқаролар йиғини тегишли туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларнинг, оилавий поликлиникаларнинг, оилавий шифокор пунктлари раҳбарларининг профилактик кўриклар ва скрининг дастурларини амалга ошириш, фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш, соғлом турмуш тарзи ва тўғри овқатланишни шакллантириш ҳолати, ижтимоий аҳамиятга молик ва атрофдагилар учун хавфли бўлган касалликлар тарқалиши, фуқаролар соғлиғига таъсир этувчи омиллар, шу жумладан, ҳудуднинг санитария-эпидемиология жиҳатидан хотиржамлиги тўғрисида ахборотларини эшитиши белгиланмоқда.

Аниқроқ айтганда, қонун лойиҳаси билан туман ва шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникаси, оилавий поликлиникалар ҳамда оилавий шифокор пунктлари мудирлари маҳалла фуқаролар йиғинларида, туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари раҳбарлари халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларида, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармалари бошлиқлари халқ депутатлари вилоят Кенгашларида ҳисобот беради.

Бир сўз билан айтганда, ушбу қонун лойиҳаси аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва тиббий-санитария ёрдами кўрсатиш ҳолати, мавжуд муаммоларнинг тизимли муҳокамасини олиб бориш, муаммоли масалалар ечимини топиш юзасидан давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликни таъминлашга хизмат қилади.

 

Дилбар МАМАЖОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш