Ҳар бир аёл оилада, жамиятда ўз ўрни ва ўз сўзига эга бўлиши керак

 

Аёлларнинг оила ва жамиятда ўз ўрнини топиб, бахтга эришиши биринчи навбатда қизларнинг ёшлигида оилада олган тарбиясига боғлиқ деб ҳисоблайман. Қачонки, қиз бола тарбиясига оилада нозик масала сифатида алоҳида эътибор қаратилса, унга меҳр ила таълим – тарбия берилса, бундай оилада камол топган қизлар жамиятда, оиласида ўз ўрнини топади ва ўзининг мустақил фикрига, сўзига эга бўлади, энг муҳими иродали бўлиб, ҳар қандай вазиятда ўзини ҳимоя қила олади.

Аксинча, оилада тўғри тарбия топмаган, оиладаги уруш жанжаллар, совуқ муносабатларни кўриб катта бўлган бўлса ёки дунёвий ва диний билими етарли даражада бўлмаса, у ўғилми, қизми ҳар томонлама қўрқоқ, тортинчоқ, аламзада ва меҳрга ташна, кучсиз, иродасиз ва сабрсиз бўлиб вояга етади.

Куни кеча ижтимоий тармоқларда “Фарғонада ҳомиладор аёл машина ичида ўзини ёқиб юборди” сарлавҳаси остида чиққан хабар каттаю-кичикнинг қалбини ларзага солди. Фарғона шаҳрида эрини рашк қилган ҳомиладор аёл машина ичида ўзига бензин сепиб, ёқиб юборди. Ёнғин вақтида туғилган чақалоқ эса шифохонада вафот этган. Бу кўз кўриб, қулоқ эшитмаган фожиа. Албатта, бундай аянчли воқеанинг содир бўлиши нафақат ўзбек аёллари, қолаверса миллатимиз шаънига иснод. Айб кимда? Ким хато қилди?

Тўғри аёл хато қилди, кетма-кет хатолар қилди, ва бундан фақат жабр кўрди, на оилада, на жамиятда ўз ўрнини топди. Сабаби бизга қоронғу бўлсада, биринчи турмуши бузилди, орадан вақт ўтиб, у ўзидан анча ёш, уйланмаган йигитга ота-оналар розилигисиз, шаръий никоҳ орқали турмушга чиқди. Йигитнинг ота-онаси уни бошқа қизга уйлантиришди. Оқибатда аёл иродасизлиги, сабрсизлиги, уқувсизлиги туфайли энг оғир гуноҳ - ўз жонига қасд қилди, ҳали дунё юзини кўрмай кетган норасидасининг қотилига айланди, олдинги турмушидан бўлган қизи эса етим қолди. Шуни билиш керакки, бирор қийинчиликдан қутилиш ёки кимдандир норози бўлиб, ўз жонига қасд қилиш – масаланинг ечими эмас.

Барчамиз биламиз, ўз жонига қасд қилиш динимизда ҳам қораланган, Қуръони Каримда "ўзингизни ноҳақ ўлдирмангиз" деб буюрилган, муборак Ҳадисда ўз жонига қасд қилганлар ҳеч қачон Жаннатга тушмаганлиги ҳам баён қилинади. Агар аёл ёшлигидан ҳаётнинг ҳар қандай синовларига бардошли этиб тарбияланганида эди, бундай муаммоларга дуч келмасди.

Лекин танганинг иккинчи томони ҳам бор, бошқа аёллар билан ҳам бундай нохуш ҳолатлар юз бермаслигининг олдини олиш, унинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш керак. Бундай ҳолатларда фақатгина аёлни айбдор қилиш ножоиз.

Бундай аянчли воқеаларга қарши бутун жамият курашиши, олдини олишда ҳар бир шахс ўзини дахлдор ҳис этиши шарт деб биламан. Фарзанд тарбиясига, хоҳ у қиз, хоҳ ўғил бола бўлсин ўта синчков ва масъулиятли бўлиш керак. Аҳоли, жумладан, аёллар, қизлар ўртасида ўз жонига қасд қилиш оқибатлари ҳақида динимизнинг кўрсатмаларини тушунтиришимиз лозим.

Яна бир нозик масала ҳам борки, бундан кўпгина хотин-қизлар жабр кўрмоқда, айрим ҳаётга енгил-елпи қарайдиган қизларимиз, минг афсуски шу йўлни афзал билишмоқда. Лекин бу йўлнинг охири “вой” эканлигини тушунишмаяпти. Бу ҳам бўлса, ФҲДЁдан ўтмасдан туриб, яширинча шаръий никоҳ ўқитиш, хотин устига хотин олиш ҳолатлари ҳам, минг афсус кўп учраб турибди. Кундошлик, қўшхотинлик — қандай хунук оқибатларга олиб келиши барчамизга маълум. Мисол учун, атоқли адибимиз Абдулла Қодирий "Ўткан кунлар" романида кундошлик туфайли бутун бир бошли оила бошига тушган фожиаларни жуда таъсирчан тасвирлаб бергани сабоқ бўлиши керак.

Тасаввур қилинг, тегишли давлат идорасида қонуний қайд этилмаган никоҳдан туғилган фарзандларнинг тақдири, келажаги нима бўлади? Табиийки, давлат қонунлари бўйича улар кўпгина ҳуқуқлардан маҳрум бўлади, хусусан, оталикни белгилаш, туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномани олиш, мерос ҳуқуқи, ўсиб улғайгандан кейин, боғчага, таълим муассасасига қабул қилиш масалаларида қанчадан-қанча муаммолар пайдо бўлади. Энг ёмони, бундай болалар руҳан мажруҳ бўлиб, турли маънавий нуқсонлар билан вояга етади. Улар ўзини жамиятнинг тўлақонли аъзосиман, деб ҳис этолмайди. Буни катталар, шаръий никоҳ асосида яшаётган ота - оналар англаб етиши керак.

Кўп хотинлик, ноқонуний никоҳ ўқиш бўйича қонунчиликда жиноий, маъмурий жавобгарликлар мавжудлигини ҳам аҳоли ўртасида кенг тушунтириш лозим.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 126-моддасига кўра, кўп хотинли бўлиш, яъни умумий рўзғор асосида икки ёки ундан ортиқ хотин билан эр-хотин бўлиб яшаш — базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача аҳлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Кузатадиган бўлсак, кўпроқ ўзига тўқ инсонлар иккинчи хотинга уйланмоқда. Қонунда белгиланган 3 млн. сўмлик жарима улар учун жуда кам. Бу жаримани ҳеч қийинчиликсиз тўлашга уларнинг қурби етади ва бу ишини яна давом эттираверади. Ёки ушбу моддада кўрсатилганидек, бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилганини ҳеч эшитмадим. Агар мана шу чора қўлланилганда эди, балки жамиятимизда кўп хотинлик камаярмиди?

Яна бир эътибор қаратадиган жиҳат шундаки, ФҲДЁ бўлимлари гувоҳномасини олмаганларга шаръий никоҳ ўқиш оқибатида ҳам турли салбий ҳолатлар юз бермоқда. ФҲДЁ рўйхатидан ўтмаган оилаларда ажрим кўплиги ва бундай ҳолларда аёллар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қила олмаётганлари маълум бўлмоқда. Натижада, оилалар пароканда бўлиб, болаларнинг тирик етим бўлиши каби нохуш ҳолатлар юзага келмоқда.

Назаримда қўшхотинлик, ноқонуний шаръий никоҳ ўқиганлик учун қонунчиликда жавобгарликни янада кучайтириш вақти келди. Шунинг билан бирга ҳар бир Қонуннинг ижроси устидан кучли жамоатчилик назорат бўлиши керак.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, инсонга ёшлигидан берилган тарбия келажагига албатта таъсир қилади, шунинг учун қизларни ҳаётга тайёрлаш, уларни ўқитиш, касб-ҳунарли қилишга, маънавий, ҳуқуқий, диний, дунёвий таълим ва тарбияни бирдек беришга алоҳида эътибор қаратмоғимиз лозим.

Бугунги кунда юртимизда хотин-қизларнинг ўқиши, касб-ҳунар эгаллаши учун жуда кенг имконият ва имтиёзлар берилмоқда. Мана шундай имкониятлардан тўғри фойдаланишни ўргатиб борсак, қизларимиз келажаги учун кони фойда бўлади. Билимли, оқила, касб-ҳунарли, соғлом фикрлайдиган аёл албатта оилада, жамиятда ўз ўрни ва ўз сўзига эга бўлади. Ўз ўрни, ўз сўзи ва кучли иродага эга аёл эса бахтли бўлади. Ҳаёт синовларига осонликча таслим бўлмайди, муаммоларга тўғри ечими топа олади.

Зеро, инсон учун бир маротаба бериладиган синовли бу ҳаётда ҳар бир аёл бахтли яшашга ҳақли.

 

Гулшан Асатова,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши “Аёллар қаноти” раҳбари.

 

 

 

 

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш