Ишончли дўст билан юксалиш сари

 

Ишончли дўст билан юксалиш сари

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғиз Республикасига давлат ташрифи тарихий келишувларга бой бўлди. Қўшни халқлар аҳилликни мустаҳкамлаб, биргаликда ривожланиш сари дадил қадам қўймоқда.

Икки давлат раҳбарларининг биродарлик иродаси билан бугунги кунда Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг узунлиги 1,38 минг км. бўлган чегара чизиғида бирорта ҳам баҳсли ёки келишилмаган бўлак қолмади. Ўзаро чегара 100 фоиз делимитация ва демаркация қилинди. Бунга эриши учун нафақат дипломатия, балким икки томондан ҳам бир-бири томон қўйилган қадамлар, ўзаро қўшничилик муносабатларини яхшилашга ва ривожлантиришга интилиш асос бўлди.

Икки томонлама ҳамкорликнинг табиати ва мазмуни ҳам кенгайди. Ҳозирги пайтда илгари кузатилмаган олий ва юқори даражадаги доимий сиёсий мулоқотни кўришимиз мумкин, аслида бу икки қўшни мамлакат учун хос нарсадир.

Сўнгги йилларда савдо-сотиқ айланмаси бир неча баробар ўсди. Яна бир зарур жиҳат ўзаро ҳамкорликнинг принцип жиҳатидан бутунлай бошқа муҳити юзага келгани бўлди. Ишонч, баҳсли масалаларни фақат ва фақат ўзаро манфаатли ва муроса асосида ҳал этиш нияти пайдо бўлди.

Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Садир Жапаров икки томонлама муносабатларни сифат жиҳатидан янги – кенг қамровли стратегик шериклик даражасига олиб чиқувчи Декларацияга имзо чекдилар.

Давлат раҳбарлари ҳузурида давлатлараро, ҳукуматлараро, идоралараро ва ҳудудлараро ҳужжатлар алмашилди. Жами 25 та ҳужжат имзолангани ташриф қанчалик самарали бўлганини кўрсатмоқда.

Энг муҳим жиҳатлардан яна бири икки давлат ҳудудлари ўртасида алоқаларни, борди-келдиларни ривожлантириш режалари белгиланди. Жиззах ва Иссиқ-кўл, Андижон ва Ўш, Фарғона ва Боткен, Наманган ва Жалол-обод вилоятлари ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича 2023-2025 йилларга мўлжалланган комплекс дастурлар имзоланиши халқимизнинг ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатлик анъаналарини мустаҳкамлаши, халқларимизни қувонтириши табиий.

Наманганликлар Қирғизистон билан қалин дўстлик, биродарлик алоқаларини фаол қўллаб-қувватлаётганини ҳам алоҳида таъкидлаш керак.

 

Анвархон ТЕМИРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш