Термизда 30 га яқин мурожаат қабул қилинди

Бугун Термиз шаҳридаги Бобур истироҳат боғида Ўзбекистон Халқ демократик партияси Сурхондарё вилоят кенгаши томонидан “Аҳоли билан мулоқот: муаммо, ечим ва самара”  мавзусида очиқ мулоқот ўтказилди. Унга Ўзбекистон ХДП вилоят, Термиз шаҳар кенгашлари масъуллари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги депутатлар, вилоят Маҳалла жамғармаси, вилоят газ ва электр тармоқлари бошқармаси, вилоят Ергеодезкадастр, вилоят Хотин-қизлар қўмитаси, вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси, вилоят Ободонлаштириш бошқармаси, вилоят Халқ таълими бўлими, вилоят “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди масъул ходимлари, вилоят Ногиронлар жамияти вакиллари иштирок этишди.

Тадбир давомида мутасаддилар аҳоли мурожаатларини қабул қилишди, мавжуд вазият, муаммоларни ҳар бир соҳа ва йўналиш бўйича атрофлича ўрганишди. Мулоқотларда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, ногиронлиги бўлган шахслар мурожаатларига алоҳида эътибор қаратилди. Кам таъминланган оилаларга моддий ва маънавий кўмак берилди.

Ҳар бир ташкилот раҳбари ўз йўналишига қараб, маҳаллаларда ечимини кутаётган масалалар, хусусан, тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли, айниқса, ёшлар бандлигини таъминлаш юзасидан тушган мурожаатларни мутахассислар иштирокида ўрганиб чиқди. Уларнинг ечими юзасидан амалий ишлар олиб борилади.

Шу куни аҳоли томонидан 30 га яқин мурожаат тушди ва соҳалар вакиллари иштирокида  чуқур таҳлил этилди.

Шунингдек, аҳоли билан юзма-юз мулоқот жараёнида жисмоний имконияти чекланган, кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламлари ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, улардан келган мурожаатларни  муддати кечкмаган ҳолда бартараф этиш чораларини кўриш масаласида хусусида ҳам атрофлича сўз борди. Жумладан, мурожаат асосида 3 нафар фуқарога қўлтиқ таёқ берилди. Яна 3 нафар жисмоний имконияти чекланган кишиларга ногиронлик аравачаси бериладиган бўлди.

Ҳудудлардаги ижтимоий муҳитни ўрганиш, аҳоли муаммоларини ҳал қилиш, депутатлик назоратини ўрнатиш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.

 

Феруза Балтаева,

Ўзбекистон ХДП Сурхондарё вилоят кенгаши

Мафкура ва тарғибот-ташвиқот масалалари бўлими бошлиғи.

← Рўйхатга қайтиш