2023 йил давлатчилигимиз тарихида ҳам янги саҳифалар очилади. Давлат ва жамоат ташкилотлари, ҳар бир фуқаро, ҳар бир шахс бошланган йилда амалга оширмоқчи бўлган ишларини қисман бўлса-да режалаштириб олди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси йил режалари билан бирга, ўтган йил учун белгиланган ишлар ижроси сарҳисобини ҳам қилмоқда. Кеча бўлиб ўтган Ялпи мажлисда биринчи бўлиб Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 2022 йил якуни бўйича бажарилиши тўғрисида Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи муҳокама этилди.
Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида таъкидланганидек, Ҳукумат томонидан Давлат дастури ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли бажарилишини таъминлаш мақсадида тегишли чора-тадбирлар кўрилди. Натижада 2022 йилда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 105,7 фоизни, шундан ЯИМ таркибида саноат – 105,2 фоизни, хизматлар – 108,5 фоизни, қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги – 103,6 фоизни ташкил қилди. Давлат бюджетининг жами харажатлари 236,6 трлн. сўмни, шундан ижтимоий соҳага йўналтирилган харажатлар 177,7 трлн. сўмни ташкил қилди.
Давлат дастури ижроси доирасида мактабгача таълимдаги қамров даражасини ошириш бўйича зарур чоралар кўрилди. Масалан, 647 655 нафар 6 ёшли болалар мактабга тайёрлов тизими билан қамраб олиниб, қамров даражаси 67 фоиздан камида 90 фоизга етказилди. Шу билан бирга, 2048 та нодавлат мактабгача таълим ташкилоти фаолияти йўлга қўйилди.
Мактабларда таълим сифатини ошириш, педагог-кадрларнинг билими ва малакасини халқаро даражага олиб чиқиш мақсади бўйича ҳам қатор ишлар қилинди. Жумладан, педагогларни янги методикаларга ўргатиш миллий марказларида 100 минг нафар, махсус платформа орқали 44 979 минг нафар ўқитувчилар малакаси оширилди. Йил бошига нисбатан тоифага эга ўқитувчилар сони 220 110 нафардан 325 818 нафарга ёки 43,8 фоиздан 64,8 фоизга оширилиши таъминланди.
Парламентга тақдим этилган ҳисоботда қайд этилганидек, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини ошириш, марказлаштириш ва аҳолини тиббий суғурталаш амалиётини жорий қилиш мақсадида муайян ишлар амалга оширилди.
Хусусан, 106 та оилавий шифокор пункти ва поликлиника, 1000 та маҳалла тиббиёт пункти ташкил этилди. Бу орқали 3,5 млн. аҳолига бирламчи тиббий хизмат яқинлаштирилди. Илғор хорижий тажрибалар асосида аҳолининг кафолатланган бепул тиббий хизматга бўлган эҳтиёж баланси ишлаб чиқилди. “Тиббиёт бригадалари”га қўшимча 3 600 та педиатрия ҳамшираси ва доя штатлари ажратилди. Оилавий шифокорлар томонидан бепул тарқатиладиган дорилар 45 турдан 70 турга етказилди.
Шу билан бирга, 820 та бирламчи тиббиёт муассасасига ташхис ускуналари етказиб берилди. Оилавий поликлиникаларда 19 мингдан зиёд кундузги шифо ўринлари ташкил этилди. Бунинг натижасида 740 минг аҳолига шифохонага бормасдан, маҳалланинг ўзида даволаниш имконияти яратилди.
ЎзХДП фракцияси аъзолари партия мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда, таъкидлаганидек, Давлат дастуридаги “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари” аҳолининг ижтимоий ҳимоясида муҳим қадам бўлди. Бу орқали, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини аниқлаш, уларга тизимли ёрдам кўрсатиш, уларни камбағалликдан чиқариш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Шу боис, фракция аъзолари жорий йилда мазкур йўналишдаги ишларни давом эттириш, ушбу тизимни янада такомиллаштириш, камбағал аҳоли билан ишлаш самарадорлигини ошириш Ҳукумат фаолиятининг асосий йўналиши бўлиши керак, деб ҳисоблайди.
ЎзХДП фракцияси аъзоси Дилбар Мамаджанова Давлат дастурининг 60-мақсадида назарда тутилган 46 та туманлараро перинатал марказлари ташкил этилиши билан боғлиқ камчилликлар ҳам борлигига ҳукумат аъзоларидан изоҳ сўради.
Мутасаддилар берган изоҳга эса Қонунчилик палатаси Спикери эътироз билдирди ва туманлараро перинатал марказлар ташкил этиш Давлат дастурида аниқ белгилаб қўйилганлигини айтди. Бу Президентимизнинг жуда катта ижтимоий сиёсати эканини ва мазкур масала бўйича алоҳида ахборот берилиши кераклигини таъкидлади.
Муҳокама ва савол-жавобларга бой бўлган мажлисда депутатлар Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботини маъқуллади ҳамда Ҳукумат фаолиятининг самарадорлигини оширишга қаратилган таклифлар акс этган тегишли қарорни қабул қилдилар.
Мажлисида иккинчи бўлиб “Йўл ҳаракати тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди. Таклиф этилаётган қонун лойиҳасида бир қатор янгиликлар кўзда тутилган. Хусусан, ҳужжатдаги асосий тушунчалар замон талаблари, ҳуқуқни қўллаш амалиётидан келиб чиқиб қайта кўриб чиқилди ва таҳрир қилинди.
Йўл ҳаракати соҳасидаги асосий принциплар соҳа амалиётидан келиб чиқиб белгиланди. Қонунийлик, тизимлилик, илмийлик, фуқаролар ҳаёти ва соғлиғи муҳофаза қилинишининг устуворлиги, экологик хавфсизликнинг ва атроф-муҳит муҳофаза қилинишининг устуворлиги, маҳаллий аҳолининг ва йўл ҳаракати қатнашчиларининг фикрини ҳисобга олиш принциплари шулар жумласидандир.
Халқ вакилларнинг айтишича, ушбу қонун лойиҳаси ҳуқуқни қўллаш амалиётида пайдо бўлаётган тушунмовчиликларни бартараф этиш баробарида, йўл эгаларининг, йўл ҳаракати қатнашчиларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятларини қонун билан мустаҳкамлашга хизмат қилади, дея баҳоланди ва қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.
Ялпи мажлисдаги навбатдаги масала “Наркологик касалликлар профилактикаси ва уларни даволаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, “Наркологик касалликлар профилактикаси ва уларни даволаш тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, наркологик касалликка чалинган шахсни мажбурий даволашга юбориш тўғрисидаги материаллар наркология муассасаларининг, наркологик касалликка чалинган шахс оила аъзоларининг ёки қариндошларининг илтимосномалари асосида ички ишлар органлари томонидан тайёрланади ва расмийлаштирилади.
Фуқаролар хавфсизлиги ва соғлиғига таҳдид солаётган ёхуд жамоат тартибини, бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини бузиш, психофаол моддалар таъсиридан мастлик ҳолатида маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этиш ҳолатларининг барвақт олдини олишда ички ишлар органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш мақсадида қонун лойиҳаси билан наркологик касалликка чалинган шахсни мажбурий даволашга юбориш тўғрисидаги материалларни ички ишлар органларининг ташаббуси билан ҳам расмийлаштириш белгиланмоқда.
Қизғин баҳс-мунозаралардан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.
Мажлисда иккинчи ўқишда моддама-модда муҳокама қилинган ва энг кўп баҳс ва муҳокамаларга сабаб бўлган қонун лойиҳаси эса “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига тадбиркорларнинг банк ҳисобварақларидаги пул маблағлари дахлсизлигини таъминлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги лойиҳаси бўлди.
Таъкидланганидек, кейинги йилларда хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишнинг янги механизмлари жорий этилиб, тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашиш ва тўсқинлик қилиш ҳолатларига қарши самарали ишлар олиб борилмоқда.
Лекин Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда давлат органларининг мансабдор шахсларига нисбатан ортиқча ундирилган ва тўланган пул маблағларини ўз вақтида қайтармаслик учун жавобгарлик белгиланмаган.
Шу жиҳатдан, қонун лойиҳаси билан тадбиркорларнинг банкдаги ҳисобварақларидан пул маблағларини уларнинг розилигисиз кўчириш ёки олиб қўйиш ҳолатлари бўйича маъмурий ва жиноий жавобгарлик чораларини белгилаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Депутатлар томонидан айтиб ўтилганидек, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши тадбиркорлик субъектларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий чораларини кучайтиришга имкон яратади. Қолаверса, лойиҳанинг номи ва айрим моддалардаги терминларнинг ишлатилиши бўйича фикрлар алмашинди ва кўпчилик Қўмитанинг таклифини қўллаб қувватлади.
Мажлиси якунида “Ўзбекистон Республикасида коронавирус COVID-19 инфекциясига қарши шошилинч чораларни кўриш” лойиҳаси бўйича амалга оширилаётган ишлар натижадорлиги тўғрисида”ги масала юзасидан юборилган Қонунчилик палатасининг парламент сўровига Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятовнинг жавоби кўриб чиқилди ва тегишли қарор қабул қилинди.
Қонунчилик палатасининг фаолиятини, қонунлар қабул қилинишидаги депутатларнинг жон куйдириб муҳокама қилишларини кўриб хурсанд бўламан. Лекин баъзи депутатларнинг бепарво ўтириши ҳар қандай одамни ранжитади. Баҳслар, муҳокамалар, фикр алмашишлардан сўнг Спикер депутатлардан қонун лойиҳасига ёки унинг моддасига муносабат билдиришни сўрагандан кейин баъзи депутатлар “бетараф” қолишган бўлади. Тушуниш қийин. Депутат нега бетараф бўлади? Балки қонун лойиҳаси билан етарлича танишмаганиданми? “Бетараф” депутатларни тушунолмайман, оқламайман ҳам.
Ўзбекистон оламга катта чақириқ билан чиқмоқда. Халқаро майдонда ўз ўрнимизга эга бўлиш учун кураш бошладик. Бунинг учун ҳар бир йўналишда, ҳар бир соҳада чуқур ислоҳотлар қилиш йўлидан борилмоқда. Айни бир пайтда эса айрим депутатларнинг “бетараф”лигига ҳам гувоҳ бўляпмиз.
Аҳмад ҚУРБОНОВ
тайёрлади.
«Ўзбекистон овози», 1.02.2022, №4