Ҳукумат ҳисоботи бўйича Ўзбекистон ХДП фракциясининг муносабати

 

Халқ демократик партияси аввалги ҳисоботларни муҳокама қилиш вақтида берган таклифлар Ҳукумат томонидан инобатга олинганини қайд этади.

Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг фракцияси Ҳукумат томонидан 2022 йилда Давлат дастури ижроси юзасидан амалга оширилган ишларни ижобий баҳолайди ҳамда мазкур саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлайди.

Лекин, шу билан бирга, партия фракцияси Ҳукумат келгусида айрим масалаларга алоҳида эътибор қаратиши зарур, деб ҳисоблайди.

Биринчидан, Давлат дастурининг 60-мақсадида репродуктив ёшдаги ва ҳомиладор аёллар, болалар учун юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш белгиланган. Ўрганишларга қараганда республика аҳолиси 1991 йилга қараганда 2 бараварга ошиб, 36 миллион кишига етди, 2022 йилда республика бўйича 932 мингдан зиёд тирик туғилиш ҳолатлари ФҲДЁ органларида қайд этилган.

Бироқ, ўтган давр давомида янги туғуруқхоналар қурилмаган. Ҳомиладор, туғадиган, туққан ва янги туғилган чақалоқларга юқори малакали ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича янги ташкил қилинган перинатал марказлар ҳам бевосита амалдаги туғуруқхоналар, туғуруқхона мажмуалари негизида ташкил қилинган. Шунингдек, Давлат дастурида кўзда тутилган 46 та туманлараро перинатал марказларини ишга тушиши ҳали тўлиқ якунланмаган.

Бунинг натижасида, республикадаги туғуруқхона ва туғуруқхона мажмуалари, шифокорлари катта иш ҳажими остида ишлашмоқда, бу ҳолат тиббий хизмат сифатига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Мазкур муаммо партия электорати манфаатларига бевосита тааллуқли. Шунинг учун, Фракциямиз Ҳукуматдан бу муаммо ечимига алоҳида эътибор қаратишни сўрайди.

Иккинчидан, амалиётимизга “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари” киритилганлиги – аҳолини ижтимоий ҳимоясида муҳим қадам бўлди. Жорий йилда, мазкур йўналишдаги ишларни давом эттириш, ушбу тизимни янада такомиллаштириш, камбағал аҳоли билан ишлаш самарадорлигини ошириш Ҳукумат фаолиятининг асосий йўналиши бўлиши керак, деб ҳисоблаймиз.

Учинчидан, ижтимоий ёрдамга муҳтож ва ижтимоий нафақа тайинлаш мезонларига жавоб берадиган барча оилалар ва шахсларни ижтимоий ёрдам дастурлари билан қамраб олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида” 2022 йил 25 июлдаги ПФ–175-сон Фармони қабул қилинди.

Мазкур Фармон билан тасдиқланган стратегияда Халқаро меҳнат ташкилотининг ижтимоий ҳимоянинг минимал даражалари бўйича тавсияларига мувофиқ, барча фуқаролар учун минимал ижтимоий ҳимоя даражасини кафолатлайдиган тизимни яратиш лозим бўлади.

Ушбу масала партиямизнинг асосий дастурий мақсадларидан бири ҳисобланади. Шунинг учун, фракциямиз Ҳукуматдан минимал ижтимоий ҳимоя даражасини кафолатлайдиган тизимни ҳаётга тўлиқ татбиқ этиш масаласига алоҳида эътибор қаратишни сўрайди.

Халқ демократик партияси Давлат дастури ижросида жамоатчилик ва депутатлик назоратини самарали олиб бориш, вазирлик-идоралар билан ҳамкорлик қилиш орқали фаол иштирок этишини маълум қилади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Халқ демократик партияси фракцияси Ҳукумат томонидан тақдим этилган ҳисоботни тўлиқ қўллаб-қувватлайди.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш