Ҳозирги кунда дунёда кечаётган сиёсий зиддиятлар, санкцияларни қўллаш, Россия энергия ресурслари харидини чеклаш энергия инқирозининг юзага келишига ва нархларнинг кескин тебранишига сабаб бўлди ҳамда бундай ҳолатлар оқибатларини бартараф этиш масаласини кун тартибига олиб чиқди.
Юзага келган вазият ушбу жараёнлар бошлангунга қадар Европа Иттифоқи бозорларига йилига 200 миллиард куб метрдан ортиқ газ ёқилғиси етказиб берган Россиянинг “Газпром” компанияси учун жиддий муаммоларни келтириб чиқарганлиги ҳеч кимга сир эмас. Чунки газни қазиб олиш, узатиб бериш ҳамда қайта ишлаш узлуксиз жараён бўлиб, бутун бошли ишлаб чиқариш мажмуасини ташкил қилади ва қазиб олинаётган газни “мурватни бураб”, тўхтатиб туриб бўлмайди. Айнан шу омил газ ишлаб чиқариш ва етказиб бериш логистикасини Ғарбдан Шарққа қараб буриш заруратини келтириб чиқарди, десак хато бўлмайди.
Россия газини қаёққа бурмоқчи?
Россиядаги асосий газ қазиб олувчи ташкилот – “Газпром” мутахассислари ўзлари ишлаб чиқараётган маҳсулотнинг асосий талабгорлари энди Осиёда эканлигини аллақачон англаб етишган. Шунинг учун ҳам газ қазиб олиш ва уни етказиб беришдаги асосий йўналиш — бу Шарқий Сибир. Лекин Россия газини Шарқий Сибирдан Хитойга етказиб бериш учун қўшимча қувватлар талаб этилади. Чунки “Сибир кучи” газ қувурининг қуввати Ғарбдан қайтган газ оқимини тўлиқ Шарққа йўналтириш имконини бермайди. “Сибир кучи-2” ни қуриш эса вақт ҳамда катта харажатларни талаб этади.
“Газпром” Европага экспорт қилаётган ҳажмдаги газни Хитой ва бошқа Осиёдаги давлатларга сиқилган табиий газ (СТГ) сифатида ҳам етказиб бериши мумкин. Лекин, ҳозирги санкциялар шароитида бу ишни ким, қачон ва қандай қилиб амалга оширади, деган табиий савол туғилади. Чунки СТГни катта ҳажмда олиш учун бу соҳага ихтисослашган “Новатек” компанияси олдида жиддий муаммолар юзага келган. Бу, энг аввало, зарур технологияларни Ғарб давлатларидан олиш билан боғлиқ.
Шу туфайли Россия учун янги газ коридорларини топиш муҳим аҳамият касб этмоқда. Бундан ташқари, Шарқ давлатларида, хусусан Хитойда ва Жанубий-Шарқий Осиёнинг бир қанча давлатларида газга бўлган талаб юқори даражада сақланиб қолаётганлиги ушбу бозорларга кириш пайида бўлган давлатлар сонини оширмоқда. Ушбу жараёнлар дунёда энергия ишлаб чиқаришнинг янги марказлари пайдо бўлишига сабаб бўлса ажаб эмас.
Янги марказлар қандай пайдо бўлади?
Хитойга суюлтирилган газ етказиб бериш мақсадида Қатар ўз ишлаб чиқариш ҳажмини қарийб 30-35 фоизга оширмоқда. Бундан ташқари, Эроннинг Парс конларида ҳам катта ҳажмдаги нефть ва газ захиралари мавжуд.
Ушбу захира форс кўрфазининг Шимолий Қатар ва Эроннинг Жанубий Парс сув ҳудудларида жойлашганлиги ушбу давлатларни яқин келажакда энергия манбалари бозорларидаги асосий иштирокчиларга айлантириши мумкинлиги мутахассислар томонидан башорат қилинмоқда.
Газ захиралари 28 трлн куб. м ва нефть захираси 7 млрд тоннани (45 млрд барр.) ташкил қилиши мутахассислар томонидан тасдиқланган Жанубий ва Шимолий Парсдек катта марказнинг пайдо бўлиши энергия ресурсларига бўлган талаб ва таклиф кескин ўзгариб бораётган ҳозирги бир шароитда ушбу ресурсларни жаҳон бозорларига етказиб бераётган анъанавий иштирокчилар учун, шу жумладан Россия ва Қозоғистон учун (Ўзбекистон ҳам бундан истисно эмас) стратегик аҳамиятга эга бўлган рақобатчиларнинг пайдо бўлишига олиб келади.
Европа Россия гази ўрнига муқобил таъминотчиларни топаётган бир пайтда Шарқий ва Жанубий Осиё давлатларида газга бўлган талаб деярли ўзгармасдан турибди. Лекин, нефтнинг жаҳон бозорларидаги нархи арзонлашиши Осиё ва Тинч океани ҳудудидаги бозорларда газга, шу жумладан СТГга, бўлган талабнинг пасайишига ҳам олиб келиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда. Мана шундай шароитда истеъмол бозорида рақобат янада кучайишини ҳис қилган “Газпром” ўзига янги ҳамкорлар қидириши ёки эскиларига шерикликнинг янги лойиҳаларини таклиф қилиши табиий. Бундай ҳаракатлар иқтисодиёт нуқтаи назаридан бозор қонуниятларига тўлиқ мос келади.
Эҳтиёткорлик талаб этилади
Россиянинг нефть ва газ бозорларидаги манфаатлари Қозоғистон ва Ўзбекистон билан Советлар давридан буён чамбарчас боғланган. Масалан, Россия ёқилғи маҳсулотларини Хитой бозорларига етказишда Қозоғистоннинг транспорт қувурларидан кенг фойдаланиб келмоқда. Газ соҳасида эса Советлар тузими даврида марказлаштирилган инфратузилма барпо этилиб, унга Ўзбекистон ҳам газ етказиб берувчи сифатида қўшилган эди. Россияга қарши санкциялар ҳамда экспорт учун эмбарголар қўлланиши, нефть нархига юқори чегара белгиланиши ҳамда газ нархига чекловлар ўрнатилишига уринишлар бўлиб турган бир пайтда Россия газ хомашёсини сотишда Қозоғистон ва Ўзбекистон билан ҳамкорликнинг янги лойиҳаларини таклиф қилмоқда. Россия томонидан билдирилаётган бундай қизиқишнинг асосий мақсади мамлакат газини Хитойга экспорт қилишда Марказий Осиё билан Хитой ўртасида қурилган ва фаолият кўрсатиб турган юқори қувватли газ қувурларидан фойдаланишдан иборат.
Қозоғистон ЕОИИ ҳамда КХШТ аъзоси сифатида Россия билан нефть ва газ соҳасидаги ўзининг манфаатлари, ҳуқуқ ва мажбуриятларидан келиб чиқиб, бундай таклифга ўз муносабатини билдирди. Яъни ОАВ орқали 2023 йил 18 январь куни Санкт-Петербургда Қозоғистон бош вазирининг биринчи ўринбосари Роман Скляр ва Россиянинг «Газпром» компанияси бошқаруви раиси Алексей Миллер ўртасида учрашув бўлиб ўтганлиги, музокаралар якунларига кўра, томонлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг асосий йўналишларини, хусусан, Оренбург ГEСида қозоқ газини қайта ишлаш, Россия газини Қозоғистонга етказиб бериш имкониятлари ҳамда истиқболли ҳамкорлик лойиҳаларини белгиловчи «йўл харитаси» имзоланганлиги тўғрисида хабар тарқатилди. Шунингдек, томонлар энергетиканинг барча соҳаларида ҳамкорликни янада ривожлантиришга тайёрлигини тасдиқлаган, яъни Россия билан Қозоғистон газ транспорти тизимини модернизация қилиш, мамлакатнинг шимолий ва шарқий ҳудудларини газлаштириш, Россия энергия ташувчиларини учинчи давлатларга ташиш ҳажмини оширишда ҳамкорлик қилиши ўзаро манфаатли бўлиши қайд этилган. Бундай келишувларни томонлар бир-бирини истисно қилувчи эмас, балки бир-бирини тўлдирувчи сифатида баҳолаганлар.
Биз бу маълумотларни муҳокама қилиш учун эмас, балки бу борадаги Ўзбекистоннинг позициясини тўғри англаб етишимиз учун келтирдик, холос.
Худди шундай, газни транспорт қувурлари орқали учинчи мамлакатлар бозорларига олиб чиқиш борасида Россия ва Ўзбекистон ўртасида ҳам тижорий манфаатларни мувофиқлаштириш борасида икки томонлама учрашувлар ўтказилаётганлиги ҳеч кимга сир эмас. Ўзбекистон энергетика вазири бу борада ҳукуматнинг расмий позициясини баён этиб, Ўзбекистон ҳозирда қўшни давлатлардан газ ва электр энергияси импорти борасида музокаралар олиб бораётганлигини, Ўзбекистон бу борада ҳамкорликка тайёр эканлигини ва бу ҳамкорлик ҳеч қандай “альянслар ёки иттифоқлар” орқали эмас, балки тижорат шартномалари, бозордаги олди-сотди операциялари орқали амалга оширилишини аниқ ва тиниқ қилиб баён этган эди.
Ўзбекистоннинг бундай позицияда туриб ҳамкорлик қирраларини белгилаётганлигининг бир қанча сабаблари бор.
Биринчидан, газ таъминотининг техник имкониятлари борасида Ўзбекистон билан Қозоғистоннинг фарқ қиладиган жиҳатлари бор. Шуни ҳисобга олган ҳолда имкониятлар ва манфаатларни баҳолаш бўйича бир қатор қўшимча учрашувлар ўтказилиши табиий. Шунга қараб трансчегаравий газ таъминотини ташкил қилишнинг амалий имкониятлари Ўзбекистон ҳукумати томонидан чуқур ўрганилиб чиқилиши лозим.
Иккинчидан, газни Ўзбекистон орқали Хитойга экспорт қилиш ҳажмини ошириш бизнинг газ етказиш инфратузилмамизни модернизация қилиш, ва ҳатто, янги газ қувурларини қуриш заруратини туғдириши мумкин. Бу эса катта харажатларни талаб этади. Бундан ташқари, дунёда юзага келган геосиёсий вазият шундайки, эртага табиий газ бозорида қандай қарорлар қабул қилиниб, санкция ва чекловлар белгиланиши мумкинлигини ва улар нима оқибатларга олиб келишини ҳеч ким олдиндан башорат қилиб бера олмайди. Шу ўринда, ҳозирча Россия газининг тўғридан – тўғри ёки транзит давлат орқали экспортига санкция ва чекловлар ўрнатилмаган бўлса-да, кейинчалик вазият ўзгариб, газ таъминоти туфайли Ўзбекистон Россияга қўйилган санкциялар таъсирида қолмайдими, деган савол туғилиши табиий.
Энергетика вазирининг расмий позициясидан, бу масалалар ҳукуматнинг эътиборидан четда қолмаётганлигини, бу борада етти ўлчаб, бир кесиб, жуда ҳушёрлик ва эҳтиёткорлик билан иш кўрилаётганлигини англашимиз мумкин.
Мавжуд қувватлар кимга хизмат қилади?
Мамлакатимиз қўшни Қозоғистон ва Туркманистондан фарқли ўлароқ, бир вақтнинг ўзида тез ўсиб бораётган иқтисодиёт ва аҳоли эҳтиёжларини қондириш учун четга экспорт қилинаётган газ ҳажмини қисқартиришга мажбур бўлди. Бундан кейин мамлакатимизнинг газ қазиб олиш салоҳияти ошиб боргани билан иқтисодиётимизнинг газ истеъмолига бўлган талаби ҳам ортиб боради. Чунки биз газимизни нафақат иситиш ва энергетика тизимига, энг асосийси уни қайта ишлаб, тайёр маҳсулот олувчи кимё саноатини ривожлантиришга қаратишимиз керак. Бу, юқори иқтисодий самарадорлиги инобатга олинган ҳолда, Президентимиз томонидан белгилаб берилган стратегик вазифа ҳисобланади.
Мана шундай шароитда магистрал транспорт қувурларимиздан қандай ва нима мақсадларда фойдаланиш масаласи эътибордан четда қолмаётганини кўриб турибмиз. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ва “Газпром” компанияси ўртасида газ соҳасида ҳамкорлик бўйича “Йўл харитаси” имзоланиши ҳам, энг аввало, Ўзбекистон миллий иқтисодиётининг манфаатларига хизмат қилади. Берилган расмий баёнотга кўра, ҳозирча Россиядан Ўзбекистонга табиий газ етказиб беришнинг техник имкониятлари муҳокама қилинган. Имзоланган “Йўл харитаси”га мувофиқ “Ўрта Осиё – Марказ” газ қувури орқали газ транзитини амалга оширишнинг техник чора-тадбирлари ўрганилади, сўнгра табиий газни етказиб бериш бўйича асосий шартлар муҳокама қилинади. Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистоннинг мавжуд газ транспорти тизими (эгалик ҳуқуқи ҳам бошқарув ҳуқуқи ҳам дахлсиз ҳолатда) ҳозирча ички бозордаги табиий газга бўлган талабни қондиришга хизмат қилади.
Келгусида албатта ушбу қувурларнинг транзит салоҳиятидан фойдаланиш имкониятларини ишга солиш ҳам иқтисодиётимиз учун ўта манфаатли иш бўлади. Бунинг бир қанча асосларини келтириб ўтмоқчиман:
«Газпром» айни пайтда Хитойга кўпроқ газни экспорт қилиш тараддудида музокаралар олиб бормоқда. Масалан, шу бугуннинг ўзида «Урал – Бухоро» газ қувури орқали йилига 5-10 млрд кубометр газни транзит қилиш имкони борлиги ҳақида маълумотлар бор (Россиялик экспертларнинг фикрича, кейинчалик ушбу ҳажмни 30 млрд кубометргача олиб чиқиш мумкин). Ушбу газни транзит ёки Своп шартномалари асосида етказиб бериш ҳисобига ҳам мўмайгина самара олса бўлади. Булар албатта шартнома тузиш бўйича ўтказиладиган кейинги музокараларда аниқланади.
Бундан ташқари, Россия Жанубий Осий мамлакатлари — Покистон ва Ҳиндистон бозорларига ҳам чиқишни мақсад қилган. Бу борада юқорида айтганимиздек, янги ташкил бўлаётган “газ маркази” Қатар ва Эрон билан рақобатга киришиш учун Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг газ қувурларидан фойдаланишга бўлган эҳтиёж янада ортади. Бу лойиҳа, албатта, Афғонистондаги вазият билан биргаликда қаралиши керак бўлади.
Хулоса қилиб айтганда, ҳозирги юзага келган геосиёсий вазиятдан ўзининг миллий манфаатлари йўлида фойдаланишга ҳаракат қилмаётган давлатни топиш қийин. Бундай шароитда халқаро қабул қилинган нормаларни бузмаган ҳолда миллий иқтисодиёт учун манфаатли бўлган лойиҳалардан нега воз кечилиши керак? Мамлакатимиз ратификация қилган халқаро шартномалар ва ҳужжатлар, шунингдек, Ташқи сиёсий фаолият концепцияси доирасида энергетик мустақиллигимизга зарар етказмаган ҳолда ҳамкорлик қилиш миллий иқтисодиётимиз манфаатларига мос келади.
Шарофиддин НАЗАРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси,
иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.
«Жамият» газетаси, 2.02.2022, №5