Ўзбекистон ва Қирғизистон стратегик ҳамкорга айланди
Ўзбек ва Қирғиз халқлари ўртасидаги дўстлик алоқалари узоқ мозийларга, бир неча асрлик тарихга эга. Бир дарахтнинг шохлари сингари илдиз отган туркийларнинг икки йирик вакили ҳар доим ҳамфикр, ҳамдард, ҳамқадам бўлган.
Ўтган ҳафтада Президент Шавкат Мирзиёвнинг Қирғизистонга давлат ташрифи ва унда имзоланган муҳим ҳужжатлар ўзбек-қирғиз дўстлигининг янги даврини бошлаб берди. Келажак учун ҳамкорлик ўтмишдаги яхши қўшничилик, қардошлик ришталари билан янада мустаҳкамланди. Давлатларимиз етакчилари икки томонлама муносабатларни сифат жиҳатидан янги – кенг қамровли стратегик шериклик даражасига олиб чиқувчи Декларацияга имзо чекдилар. Шунингдек, давлатлараро, ҳукуматлараро, идоралараро ва ҳудудлараро 25 та ҳужжат алмашилди.
Чегара масаласидаги узил-кесил келишув чин маънода тарихий воқелик сифатида баҳоланиши табиий. Йиллар давомида одамларни ҳам, давлатларни ҳам, раҳбарларни ҳам қийнаб келган масалалар ҳал қилинди. Бунинг қадрини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди. Ҳеч кимнинг бурни қонамади, ҳуқуқи топталмади. Давлатлар нуфузи, сиёсий иродасини ифодаловчи долзарб масалалар бирор-бир кескинлашувсиз, келишиш йўли билан ечим топди.
Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг кўп миллатли аҳолиси йиллар давомида дуч келган қийинчиликлар ортда қолди. Бундан буён уларнинг суҳбатларида муаммо ва тўсиқлардан қандай ошиб ўтиш эмас, балки янги марраларни қай усулда забт этиш, ҳамкорлик пиллапояларидан юқорилаш, ўзаро манфаатли алоқаларни янада бойитишга оид музокаралар ўрин олади. Бундай тарихий қарорларнинг аҳамияти ҳақида эса кенг жамоатчилик қувониб, рози бўлиб, ўз фикрларини билдирмоқда.
Икки давлат раҳбарларининг биродарлик иродаси билан бугунги кунда Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг узунлиги 1,38 минг км. бўлган чегара чизиғида бирорта ҳам баҳсли ёки келишилмаган бўлак қолмади. Ўзаро чегара 100 фоиз делимитация ва демаркация қилинди. Бунга эриши учун нафақат дипломатия, балким икки томондан ҳам бир-бири томон қўйилган қадамлар, ўзаро қўшничилик муносабатларини яхшилашга ва ривожлантиришга интилиш асос бўлди.
Ишончли дўст билан юксалиш сари
Анвархон ТЕМИРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:
— Айтиш керакки, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг табиати ва мазмуни ҳам кенгайди. Ҳозирги пайтда илгари кузатилмаган олий ва юқори даражадаги доимий сиёсий мулоқотни кўришимиз мумкин, аслида бу икки қўшни мамлакат учун хос нарсадир. Яна бир зарур жиҳат ўзаро ҳамкорликнинг принцип жиҳатидан бутунлай бошқа муҳити юзага келгани бўлди. Ишонч, баҳсли масалаларни фақат ва фақат ўзаро манфаатли ва муроса асосида ҳал этиш нияти пайдо бўлди.
Энг муҳим жиҳатлардан яна бири икки давлат ҳудудлари ўртасида алоқаларни, борди-келдиларни ривожлантириш режалари белгиланди. Жиззах ва Иссиқ-кўл, Андижон ва Ўш, Фарғона ва Боткен, Наманган ва Жалолобод вилоятлари ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича 2023-2025 йилларга мўлжалланган комплекс дастурлар имзоланиши халқимизнинг ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатлик анъаналарини мустаҳкамлаши, халқларимизни қувонтириши табиий.
Наманганликлар Қирғизистон билан қалин дўстлик, биродарлик алоқаларини фаол қўллаб-қувватлаётганини ҳам алоҳида таъкидлаш керак.
Ҳеч ким ҳудудий низога торта олмайди
Оллоберди ЙЎЛДОШЕВ,
меҳнат фахрийси:
— Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги илиқ муносабатлар ҳар томонлама фойдали. Бунга тарихий бирлик нуқтаи назаридан қараймизми, ҳудудий қўшничиликми ёки минтақавий томондан ўйлаб қарасак ҳам, манфаатли экани яққол акс этади. Биз водий халқи қўшни Қирғизистон билан яқин-яқингача аҳвол қандай бўлганини жуда яхши биламиз. Аниқроғи, биз бунинг таъмини тотиб кўрганмиз. Чунки водий ҳудудида ўзбек-қирғиз халқлари тарихан жуда яқин маъданий алоқалар ўрнатган. Қариндош-уруғчиликдан тортиб қуда-андачиликкача қоришиб кетганмиз. Бугунги кундаги алоқалар очиғи ҳаммамизни қувонтиради.
Чегара масаласидаги келишувларга «тарихий келишув» деб ном берсак бўлади, менимча. Сабаби 30 йиллик келишмовчиликларга нуқта қўйилди. Ўзаро келишувга эришилди. Давлатларимиз ўртасидаги иттифоқчилик, биродарлик халқларимизнинг ҳам янада меҳр-оқибатли, янада ҳамфикр бўлишининг асоси ҳисобланади.
Бу ерда кимдир кам, кимдир кўп ер олганлигига урғу берилмаслиги керак. Асосий урғуни ҳеч қандай зиддиятларсиз келишувга эришилганига, яъни тинчликка, барқарорликка эришганимизга эътибор қаратиш лозим. Бундан кейин бу икки қардош халқни четдан ҳеч ким ҳудудий низога торта олмайди. Миллатларимиз ўртасига нифоқ солиш қўлидан келмаслигига ишончим комил.
Кейинги йилларда олиб борилган оқилона дипломатия натижасида биз минтақанинг асосий нуқсони деймизми, камчилигими ёки нозик жойими, хуллас яна битта муаммо тинчлик билан ҳал бўлди. Демак, бугун Ўзбекистон билан келишувга келган Қирғизистон эртага Тожикистон билан ўртадаги чегара масаласини ҳам ҳал қилиши мумкин. Шахсан мен тожик-қирғиз чегара келишувида Ўзбекистоннинг воситачилигини ҳам кутяпман. Сабаби биз Тожикистон билан ҳам, Қирғизистон билан ҳам келишувга эришганмиз. Оддий айтадиган бўлсам, бизда қўшниларнинг «кўнглига йўл топиш» қобилияти шаклланган.
Қўшничилик ва дўстлик ҳукмрон
Дилбар МАМАЖОНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:
— Ташриф чоғида давлатимиз раҳбари ўзаро муносабатларни мустаҳкамлашга қаратилган асосий устувор йўналишларга тўхталиб, биринчи навбатда ўзаро савдо ҳажмини ошириш ва номенклатурасини кенгайтириш масалаларини илгари сурди. Бугунги кунда икки давлатда ҳам ўзимизнинг ишлаб чиқарувчиларимиз импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар тайёрламоқда. Ички бозорларимизни арзон ва сифатли маҳсулотлар билан тўлдириш, шунингдек, икки мамлакат пойтахтларида савдо марказларини ташкил этиш тадбиркорларимиз учун катта имкониятлар эшигини очади.
Шу билан бирга, Ўзбекистон ва Қирғизистонда саноат кооперацияси доирасида қарийб 500 миллион долларлик янги инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш таклифи қўшимча иш ўринларининг яратилишига имкон беради. Маълумки, мамлакатимизда автомобилсозлик, замонавий маиший техника, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш кенг ривожланиб бормоқда. Фойдали қазилмаларни биргаликда қазиб олиш ва қайта ишлаш ҳам шулар жумласига киради.
Транспорт ва логистика соҳасидаги стратегик ҳамкорликни фаоллиштириш ва шу мақсадда, «Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» темир йўлини қуриш ишларини жадаллаштириш, «Андижон-Ўш-Иркиштом» автомобиль йўлининг салоҳиятини тўлиқ ишга солиш ва қўшма транспорт-логистика компанияси ташкил этилиши эса икки халқни бир-бирига боғловчи, қариндош-уруғчилик ришталарни мустаҳкамловчи «кўприк» бўлади, албатта. Шу ўринда, мамнуният билан таъкидлаш мумкин-ки, 26 январдан бошлаб Фарғонадан Қирғизистонга микроавтобус қатнови қайта тикланди.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида энергетика соҳасини ривожлантириш учун жуда катта имкониятлар мавжуд. Бунинг дастлабки босқичи сифатида, Қамбарота ГEС-1 қурилиши борасидаги биргаликдаги саъй-ҳаракатларни амалга оширишни жадаллаштириш, эртанги кунимизга ёрқин нигоҳ билан қараш, яъни хонадонларимиз, кўчаларимизнинг чароғон бўлишига хизмат қилади.
Сардор СИРОЖИДДИН,
Андижон тумани Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳи раҳбари,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси:
— Азал-азалдан ота-боболаримизнинг ўгитларида, мақол ва ҳикояларда, шунингдек, шоир ва ёзувчиларимизнинг асарларида дўстлик туйғуси улуғланган, таъбир жоиз бўлса, бундай дунёқараш асрлар давомида қон-қонимизга сингиб келган.
Халқаро ҳамкорликни янада жадаллаштириш, бунда, айниқса, қўшни давлатлар билан илиқ ва манфаатли муносабатларни изчиллик билан кучайтириб бориш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Ушбу саъй-ҳаракатлар нафақат мамлакатлар миқёсида, балки давлат ва нодавлат ташкилотлар даражасида ҳам кенгайиб бораётир.
Шуни таъкидлаш жоизки, икки давлат раҳбарлари ўртасида ўтган очиқ, конструктив ва дўстона музокаралар чоғида, томонлар икки ёқлама ҳамкорликнинг барча жабҳаларини, жумладан, Ўзбекистон-Қирғизистон давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги шартнома тузилгани икки томонлама муносабатларда чинакам тарихий воқеа сифатида қайд этилди.
Ўзим Ўш давлат университетига ўқишга кириб, у ерда икки йил таҳсил олганман. Тўғриси, Ўзбекистон ва Қирғизистон чегара постини кесиб ўтиш бир азоб, айниқса, паспорт текшируви жараёни одамнинг вақтини, асабларини олар эди. Постларда анча ушланиб қолардик. Ҳозир ҳам Ўш шаҳрига ижодий сафарлар, дўстлик фестивалларига ўтиб тураман. Табиийки, бу кишига имтиёз бермайди. Навбат кутишлар, рўйхатдан ўтиш ва муҳр босиш учун сарфланадиган умримиз қисмларига ачинардим. Эндиликда икки давлатнинг келушувига асосан энди ID карталари орқали ўтиши жорий этилаётгани нафақат биз каби ижодкорларни, балки сайёҳларни ҳам қувонтириши аниқ.
Ушбу тартиб Ўзбекистоннинг чегараолди ҳудудларида, айниқса, эксклав ҳудудлари бўлган Сўх, Шоҳимардон, Чўнғара каби ҳудудларимиздаги юртдошларимиз учун катта енгиллик бўлади, уларнинг чегарадан ўтишларидаги ортиқча бюрократияга чек қўйилиши аниқ.
Ушбу учрашувни яна бир қувонтирадиган томони маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилганлигидир. Ўш шаҳрида реконструкцияси якунига етаётган Ўзбек мусиқали драма театри қардош халқларимиз ўртасидаги дўстликнинг ёрқин рамзи бўлиши таъкидланганлиги ҳам бу мамлакатларимиз халқлари ўртасида яқин биродарлик алоқаларини ривожлантиришда ўзаро ҳамоҳанглик касб этувчи маданий-маънавий қадриятлар ва анъаналар мавжудлигини билдиради.
Халқаро нигоҳ
Ўзбекистон-Қирғизистон муносабатларини кузатиб турган жаҳон ҳамжамияти ҳам сўнги пайтларда олиб борилаётган прогматик сиёсатни ижобий баҳоламоқда. Табиийки, кузатувчилар орасида яхши ниятлилари билан бир қаторда, ғаразгўйлари ҳам йўқ эмас. Аммо халқаро майдонда ижобий фикрлар билидирляпти.
Хусусан, The Diplomat нашрида икки давлат ўртасидаги учрашувни «узоқ кутилган», деб таъриф берилган. Кутиб олинишдан то ташриф якунига қадар бирор бир детални унутмаган нашр ўз нуқтаи-назарини ҳам баён қилган.
Мақолада давлатимиз раҳбарининг Қирғизистонга қайси саналарда боргани ва қаерларда бўлгани эътибордан четда қолмаган. Яъни, 2017 йилда қўшни республикага амалга оширилган давлат ташрифи тарихий бўлгани ва Ўзбекистон Президентининг Қирғизистонга 17 йил ичида биринчи марта ана шундай руҳдаги ташрифи кузатилгани таъкидланган. Демак, ушбу ҳодиса Ўзбекистон – Қирғизистонмуносабатларида бурилиш нуқтаси бўлиб хизмат қилди.
Иқтисодий мураккаблик обсерваторияси (ОЭC) томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, 2016 йилда Қирғизистон Ўзбекистонга 125 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилган ва 68,1 миллион доллар импортни амалга оширган. Бунинг натижасида товар айланмаси қарийб 57 миллион долларга тенг бўлган. 2020 йилда Қирғизистон қўшнисига 155 миллион долларлик маҳсулот сотган бўлса, 757 миллион долларлик сотиб олган ва товар айланмаси 602 миллион долларга етган.
Тўғри, рақамларда 100 фоиз аниқлик бўлмаслиги мумкин. Бироқ муҳими, икки давлат ўртасидаги савдо айланмаси 2016 йилда Мирзиёев ҳокимият тепасига келганидан кейин ўсгани аниқлиги айтилган.
Нашр яна бир муҳим жиҳати, чегаралар билан боғлиқ эканини ёзади. Зеро, ҳеч бир жойда икки томонлама муносабатлардаги яхшиланиш чегарадагидек яққол кўринмайди. Бир пайтлар икки томонлама мунозарали масала сифатида қаралган тушунмовчиликлар манфаатли келишувлар билан якунига етди. Демак, чегарадош давлатлар ўртасидаги ўзаро келишувлар, тинчлик ва дўстликка асосланган муносабат нафақат ўша ҳудуднинг, балки минтақанинг барқарорлигига хизмат қилади.
Шу билан бирга, Америка Қўшма Штатларининг Бишкекдаги элчихонаси Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқалар, муносабатлар ва ҳамкорлик масалаларига юқори баҳо берди.
Хабарда ёзлишича, Америка Қўшма Штатлари Қирғизистон Республикаси ва Ўзбекистоннинг минтақавий тинчлик ва барқарорликни таъминлашга содиқлигини намойиш этишдаги муваффақиятли саъй-ҳаракатларини олқишлайди.
Икки давлат низо эмас дипломатия йўлини танлаб, Марказий Осиё ҳамкорлиги иқтисодий тараққиёт ва алоқалар учун муҳим эканини таъкидлади.
Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,
«Ўзбекистон овози» мухбири.
«Ўзбекистон овози», 1.02.2022, №4